Ўзбекистонлик сайёҳ дафтаридан: Урумчининг "Урра"си

  • 9 Май 2014
  • изоҳлар
"Урра"чилар сариқда ўйнашади

-Урра! Урра! Урра!..Минглаб футбол мухлисларининг овозидан салобатли "Тан-тарбия" ўйингоҳи ларзага келади. Қуйи секторлардаги фанатлар турфа рангдаги байроқларни кўтариб олишган. Энг қизиғи – гарчи ўйингоҳ Урумчининг янги шаҳар қисмида жойлашган ва бу томонларда уйғурлар жуда кам бўлса-да, мухлисларнинг деярли барчаси уйғур.

"Урра! Урра!" эса ғалабани нишонлаётганларидан эмас, балки маҳаллий жамоанинг номи шундайлигидан: "Урра" ФК (Футбол клуби).

Дастлаб менга ҳам жамоанинг номи жуда ғалати эшитилганди. Аслида кинофилмларда эшитардик, ҳужумга отланган аскарларнинг "Урра!"лаб жангга киришларини. Аслида, бу сўзнинг қадим туркий "Ур, ҳо, ур!"идан олинганини кўпчилигимиз билмасак керак.

Хуллас, мухлисларнинг оғзиларидан учаётган "Урра" аслида уларнинг суюкли жамоаларининг номи ва улар ҳали ўйин бошламасидан ўйинчиларни руҳлантириб туришади.

Шинжон футбол жамоаси Хитойнинг 2-Лигаси мусобақаларида иштирок этади. Кўча-кўйда одамлар ҳазиллашиб, "уйғурлар командаси" дейишади. Ҳа, айнан "команда". Айрим русча сўзларнинг уйғурчага аралашгани, уларнинг кундалик турмушда кенг қўлланишини қистириб ўтиш лозим. Уйғур қардошлар "таможня", "книжка", "сестра", "заказ" сингари сўзларни ишлатиб қолишса ажабланиб юрманг, демоқчиман-да...

"Уйғурлар командаси" ўйинчилари ҳам маҳаллий йигитлар. Бири Ғулжадан, бири Қошғар тарафлардан, яна бири Урумчидан... Бизнинг жамоаларда одатда футболкаларга ўйинчиларнинг фамилиялари ёзилса, уларда исмлар: Аҳмаджон, Мустафо, Аблажан...

Мени футболга олиб тушган Мамтимин акани ашаддий футбол мухлиси эканини билмаган эканман. Жойини топиши билан ўрнидан туриб олиб, мухлисликни бошлаворди.

Яшил майдонга жамоалар чиқиб кела бошлаши билан бутун ўйингоҳ бирдек оёққа қалқди. Мамтимин ака худди ким ўзарга баҳслашаётгандек бир нималар деб қичқиради, қўлларини силкийди.

Бугунги рақиб Шанхай жамоаси экан. Улар қизил либосда. "Урра"чилар эса сариқда. Ўйин бошланади. Тўп учун кураш, майдоннинг ҳар бир қаричида шиддат. Мухлисларни-ку қўяверинг. Уларга Худо берган. Умуман олганда, қизиққонлик борасида улар бизникилардан асло қолишмайди.

Бир нарсани албатта айтиб ўтиш лозим. Хитойнинг қуйи лигаларида ўйингоҳларга мухлислар ташрифи суст. Бу борада "Урра" мухлислари пешқадам. Керак бўлса, Олий Лига жамоаларини мухлис тўплаш борасида ортда қолдиришади. Уларнинг орасида кўплаб аёллар, қизларни учратишингиз мумкин. Бу борада биз мақтана олмаймиз, албатта.

Бу ерга келадиган рақиблар аввало мухлислар босимини енгишларига тўғри келади. "Урра"нинг мухлислари чинакамига "ўн иккинчи ўйинчи". Ўйинчиларнинг ҳар бир техник элементлари, тўп учун курашлари тинмай олқишлаб турилади. Мана, "7"-рақамли ўйинчи рақибларни кетма-кет алдаб, шеригини қулай вазиятга чиқариб юборди. Унинг маҳоратидан бутун ўйингоҳ бир қалқиб, "уҳ"лаб юборади. Бизнинг секторда ўтирган бир ака шартта ўрнидан туриб:

-Ҳа, Мустафо, боса-а! –дейди-да мухлисларга юзланади. –Бу бола қишлоғимдан!.

Мамтимин ака ҳам ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлдими, ўрнидан шартта туриб, деди:

-Манга қаранг, командани ярим ўйинчиси ман билан тамоқ ейду!.

Бизнинг секторда ўтирганлар гуриллаб кулиб юборишади.

"Шанхай" жамоаси ўйинчиси кутилмаганда қўпол ўйнаб қўйди. Гол бўлмаётганидан зада бўлиб ўтирган мухлислар бирдек оёққа қалқади. Ана энди кўраверинг, ҳар ким "репертуар"идаги сўзларни аямай, ғазабини "қоидабузар"га сочади.

Худо бериб, ўйиннинг ўрталарида "Урра"чилар дарвозага тўп киритишди. Мухлисларни таниб бўлмай қолди. Ўйингоҳнинг томи қулаб тушди-ёв, деган ўй хаёлимдан ўтди. Ўйингоҳни аввалига гулдурак олади, кейин бақир-чақир. Кимдир сакраган, яна кимлардир қучоқлашган. Жинлар базмида қолгандек сезаман ўзимни.

Ҳаммадан ҳам Мамтимин акага етадигани йўқ. Сектор ёнлаб ўтган йўлакка ўтиб, қўлларини баланд кўтарганча рақсга тушиб юборса бўладими!.Ана кўринг томошани! Буниси ҳали ҳолва экан. Қўшни сектордаги яна бир ака Мамтимин акага қўшилиб рақсини бошлаворди. Буларнинг қаршисида бувисидан қолган тошойнани синдираман деган Эргаш Каримовнинг қаҳрамони ҳеч ким эмас.

Ўйингоҳ узра суҳандоннинг овози янграйди:

-"Шанхай" командасига тўпни Шинжон командасининг "10"-номурлик ўйинчиси Аблажан урди!.

Ўйингоҳ яна бир гуриллаб олади. Мухлисларнинг ҳовури бироз босилгач, энди уларнинг бир овоздан "Урра! Урра!", дея жамоани олқишларидан ўйингоҳ гулдурай кетди. Урумчи бир муддат шу ҳайқириққа сомеъ бўлди, назаримда. Хаёлимга дарров "Али Самиен"даги мухлисларнинг "Туркие! Туркие!", дея ҳайқиришлари келди.

Иккинчи бўлимида ўйин яна шиддатли тус олди. Шанхайлик футболчилар Урумчига шунчаки сайр учун ташриф буюрмаганликларини эслатиб қўйишгандек тўпни назорат қилишга ўтишди. Бирин-кетин "Урра" дарвозаси ёнида хавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Биринчи бўлимда ўзини қўйгани жой топа олмаётган Мамтимин ака бирдан "юввош тортиб" қолди. Юзидаги хавотир қуюқлашди. Қўйиб берса, стадионга тушиб кетадигандек.

Ўйингоҳда қайнаб-тошаётган мухлислар ҳам бир муддат жим бўлиб қолишди. "Шанхай" роппа-роса ўн беш дақиқа "Урра"ни жарима майдонига қамаб, мухлисларни обдон асабийлаштирди, юракларига ғулу солди.

Кутилмаганда тўп "Урра"чиларнинг бирига тушиб қолди. Жуда абжир ўйинчи экан. Исмини сўрасам, Мустафо дейишди. Худди ўша Мустафо салкам ўз дарвозаси олдидан тўп билан олдинга ташланди. Қаршисидаги бир неча рақиб ўйинчиларини алдаб, майдон марказига етиб келди. Ортида икки-уч ҳимоячи изма-из таъқиб қиларди. Юрак ҳовучлаб ўтирган мухлислар ўрниларидан туриб кетишди. Ҳамманинг кўзи Мустафода!

Мустафо деганлари ҳеч нарсага парво қилмай, дриблинг борасидаги етук маҳорат кўрсатиб, дарвозабон билан юзма-юз чиқиб борди. Сўнгги алдамчи ҳаракат билан дарвозабонни чап томонга, тўпни эса ўнг бурчакка йўналтирди...

Ўйингоҳдаги вазиятни таърифламайман. Сабаби бунга тил ва қалам ожиз. Мен ҳам ўрнимдан туриб, рақсга тушиб кетдим. Мамтимин ака билан.

Тўпни киритган Мустафо мухлислар тўла секторлар томон югурди. Қизиққон мухлислар эса у томон. Темир панжаралар устига айрим уддабуронлари чиқиб ҳам кетса бўладими! Дарров полиция ходимлари ҳозиру нозир бўлишиб, қуюшқондан чиққанларни жойларига қайтариб қўйишди. Шу ишлар билан бўлиб, ўйин беш дақиқалар тўхтаб қолди.

Хаёлимга нималар келмади дейсиз. Ўзимни худди Оврўпо ўйингоҳларида ўтиргандек ҳис қиламан. "Ноу Камп" ёки "Сантяго Бернабеу"да "эл-классико"ни кузатаётгандекман. Ваҳоланки, булар Хитой 2-дивизиони жамоалари.

Иккини голдан кейин ташаббус энди "Урра" томонга ўтди. Улар тез-тез ҳужум қила бошлашди. Мухлислар анча ўзларига келиб олишди. Навбатдаги ҳужумда "Урра"чилар яна дарвозани ишғол қилиб қўйишди. Ўйин тугаши арафасида мухлислар байрамни бошлаб юборишади.

Ҳаммадан ҳам Мамтимин ака терисига сиғмайди. Рақсга тушаверганидан кўйлаги жиққа хўл, бақираверганидан овози чиқмай қолган. Мен ҳам жуда хурсанд эдим.

Ўйин тугаши арафасида ўйингоҳ атрофида ҳарбийлашган полиция қисмларининг сафлари тиғизлашган. Улар жуда сергак туришади. Аммо мухлислар уларга эътибор қилишмайди. Ахир бугун "Урра" ютди!.

Мухлислар ўйингоҳ ташқарисидаги бронетехника ва аскарларни телефонларга суратга олишади. Худди текин томоша келгандек. "Урра"нинг мухлислари Урумчининг кўчаларини тўлдириб оқишади. Шу паллада уларга тенг келадигани йўқ...

Ўзимни худди миллий жамоамиз ғалабасидан кейин "Пахтакор"дан чиққандек ҳис қиламан. Кўнгилдан нелар кечмайди, дейсиз. Ғалабалар бардавом бўлсин, дейсиз ичингизда...

Давоми бор