Муҳаббат Омонова: Қизимни асоссиз айбламоқдалар

  • 23 Апрел 2014

Ўш шаҳар яшовчиси Зулфия Омонова яқинларининг айтишларича, Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитасининг Ўш вилояти ва шаҳар бўлими томонидан асоссиз қўлга олиниб, ушлаб турилибди.

Бу ҳақда Би-Би-Си га хабар берган Зулфия Омонованинг онаси Муҳаббат Омонованинг айтишича, қизининг қамоққа олиниши, ўтган йилнинг май ойида очилган жиноий иши билан боғлиқ.

Расмий маълумотларга кўра, Зулфия Омоновага қарши жиноий иш 2013 - йилнинг май ойида "Миллий, ирқий, диний ва ҳудудлараро низони қўзғаш" моддаси билан қўзғатилган.

Жиноий иш, 2013 - йилнинг 16 - апрелида Зулфия Омонова Ўзбекистон қамоқхонасида қазо қилган отаси Ҳамидулло Омоновга жаноза намозини ўтказиш пайтида, "кофирларга қарши "шаҳид" бўлди" дея айтган сўзлари туширилган видеотасвир асосида қўйилмоқда.

Ушбу видеотасвир Интернетда оммага намойиш этилган.

Расмийларга кўра, ушбу видео кейинчалик суд - теология экспертизасидан ўтказилиб, Қирғизистонда тақиқланган "Ҳизбут Таҳрир" ташкилотига таълуқли эканлиги аниқланган ва Зулфия Омонова видеодаги гаплари билан "давлат ҳавфсизлигига тажовуз қилган", деб топилган.

Зулфиянинг отаси Ҳамидулло Омонов 1999 - йилнинг октябрь ойида Ўш шаҳридаги шахсий устахонасидан ғойиб бўлиб, кейинчалик Ўзбекистон қамоқхонасидан топилган.

Ўша йили, Ҳамидулло Омонов Ўзбекистон суди томонидан "Ҳизбут Таҳрир" диний оқимига алоқадорлик ва Ўзбекистонда конституцион тузумга тажовузда айбланиб 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жазони ўташ муддати бир неча мартда узайтирилган Ҳамидулло Омонов 2013 - йилнинг 4- апрелида Косон қамоғида вафот этган.

Муҳаббат Омонова, эрини вафот этганлиги ҳақида 2013 - йилнинг 11 - апрель куни телеграмма олганлигини айтади. Унга кўра, тегераммада эрининг юрак хуружидан 4 апрелда оламдан ўтгани ва яқинлари вақтида келмагани боис марҳумнинг жасади Косон шаҳридаги қабристонга дафн этилгани ёзилган.

"Телеграммани олганимиздан кейин, Ўзбекистонга бордик. Руслар қабристонидаги бир қабрни кўрсатди, шу ерга кўмилган деб. Эримни жасадини Ўшга олиб кетаман десам, унашмади. Ноилож Ўшга қайтиб келиб, уйда ғоибона жаноза намозини ўқитдик", - дейди Муҳаббат Омонова.

Марҳумнинг ғоибона жанозасига йиғилган одамлар орасида журналистлар ҳам бўлганини, уларга оиланинг бошидан кечирганларини қизи Зулфия билан бирга сўзлаб берганини айтар экан, Муҳаббат Омонова ҳеч қандай "кофир" сўзи ёки давлатга қарши гапирмаганликларини таъкидлади.

"Бизга қуруқ туҳмат қилишаяпти. Ундай сўзлар бўлмаган. Ўтган йили видео интернетда пайдо бўлганидан кейин, уйимизга қизим номига повестка келди. Ёш қиз ўзи бормасин деб, адвокат ёллаб, СНБга бордик. Терговчи ишда йўқ экан. Эртаси куни ҳам бордик, топа олмадик. 3-4 мартда боргандан кейин адвокатимиз айтди, ўзи чақиртиради, ўшанда келасизлар деб. Ўша бўйича тинчиб кетди деб ўйлаган эдим. Энди эса "қочиб юрибди", деб излаб келиб, олиб кетди" - дейди Муҳаббат Омонова.

Ҳозирда тергов якунлангунга қадар Шаҳар суди Зулфияни бир ой мобайнида ҳибс остида ушлаб турилиши ҳақида ҳукм чиқарган.

Би-би-си Қирғизистон расмий органларига мурожаат қилиб, Зулфия Омоновага қўйилган айбловлар айнан нималарга асослангани ҳақида аниқлик киртишни сўраган, лекин ҳозирча жавоб ололгани йўқ.