Афғон президентлик сайловида узун навбатлар юзага келган

  • 5 أبريل/ نيسان 2014

Афғонистонда президентлик ва маҳаллий ҳокимиятга сайловларга овоз бериш ниҳоясига етди. Хавотирларга қарамай, сайлов кунида асосий муаммо Толибон эмас, кучли ёмғир ва сайлов қоғозларининг етишмай қолгани бўлган.

Сайловлар қурбонларсиз охирига етган. Об-ҳаво ноқулайлиги ва овоз берувчилар оқими сабаб, сайлов масканларида овоз бериш вақти 17.00 гача узайтирилган.

Овозларни санаш 6 апрелда бошланиб, 20 апрелгача давом этади. Дастлабки натижалар 24 апрелда эълон қилинади.

5 апрел куни эрталаб Афғонистондаги сайлов участкалари очилишидан олдин овоз берувчилар узун навбатларни ҳосил қилганлар.

Бу Афғонистонда илк бор тинч йўл билан президентни ўзгартираётган тарихий сайловдир.

Сайловда саккиз номзод учун овоз берилаяпти.

Бироқ улар орасида энг кўп овозни тўплайдиган деб собиқ ташқи ишлар вазирлари Абдулло Абдулло, Зайлмай Расул ва собиқ молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзай кўрилмоқда.

Би-би-си мухбирининг Кобулдан хабар қилишича, эрталабки қаттиқ ёғингарчиликка қарамасдан, айниқса, ёш сайловчилар овоз беришга ошиққанлар, бу билан ёмон об-ҳаво ҳамда Толибон таҳдидини писанд қилмасликларини намоён этганлар.

Овоз берувчилар орасида эркаклардек кўп бўлмаса-да, аёл сайловчилар сони ҳам анчани ташкил этишини кўриш мумкин.

Толибон Афғонистондаги президентлик сайловини издан чиқариш ниятида эканини эълон қилган, афғонларни овоз беришда иштирок этмасликка чақирган.

Сайловдан бир кун олдин икки хорижий журналист аёлга ҳужум қилинган.

Хост вилоятида полициячи журналистлар автомобилига ўт очган, оқибатда олмониялик фотожурналист Аня Нидрингхаус ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмган, канадалик Кэти Гэннон жиддий жароҳатланган.

Покистон билан чегарадаги ҳарбий база толиблар томонидан охирги икки кун ичида кўп марта ҳужумга тутилган.

Би-би-си мухбири Лиз Дусет Афғонистондаги сайлов кампанияси Толибон ағдарилган 2001 йилдан кейин энг қонли давр бўлганини айтади.

Бироқ ҳужумларга қарамасдан, афғонларнинг сайловларда қатнашиш иштиёқлари сўнмаган, аксинча мустаҳкамлангани кузатилади, дейди мухбиримиз.

Афғонистонликлар сайловларда фаол

Фарёблик 30 яшар Симанинг айтишича, ўзи саводсиз, уйда ўтиради. Унга келган сайлов қоғозини эри олиб қўйган. Эрининг айтишича, аёллар уйда ўтиришлари керак ва овоз беришлари шарт эмас. "У менга саводсизлигим ва фақат болаларга қараб уйда ўтиришимни айтди", дейди Сима. "Мен яширинча яна бир қоғоз олишим мумкин эди, лекин эрим билан муносабатларимни хавф остига қўйишни, оилам бузилишини истамадим", деб айтади афғон аёли.

Ҳилманд вилоятилик 24 ёшли Аҳмад:

Толибон бизни қўрқитяпти. Агар биз сайлов масканига борсак, қўлларимизни кесиб, ўлдиришларини айтишди. Ўтган сайловларда қишлоқ фуқаросини қулоғини кесишган эди. Мен овоз беришни жуда истайман, лекин ҳаётимни хатар остига қўя олмайман.

19 ёшли Рахмон, Ўрузган:

Менда сайлов қоғози бор ва мен овоз беришни сабрсизлик билан кутдим. Мен сайловларда биринчи иштирок этяпман. Бизда сайловлар бўлмаса, бошқа мамлакатлар бизга қарши ҳаракатларини давом эттиришаверади. Мен қўрқаман, лекин кейин бошимни кессалар ҳам, овоз беришга бораман.

Афғонистон шимолида, бошқа сайлов бўлимларида ҳам шундай ҳолатлар юз берган. Би-би-си мухбири Карен Алленга кўра, ёш йигит унга отаси ўзини толиблар ҳужумидан қўрқиб, сайловга бормасликка кўндирмоқчи бўлганини айтган.

Сайловлар олди Афғонистон ҳукумати толиблар қудратдан кетгазилган 2001 йилдан буён энг йирик амалиёт бошлаган.

Жума куни тушдан кейин кўчаларда автомобил юриши тақиқланган. Ҳар бир чорраҳада полиция назорат постлари ташкил қилинган.

Афғонистон ҳукумати хавфсизликни қўриқлаш учун қуролли кучларнинг барча таркиби- 400 минг кишини жалб қилган.

Халқаро кузатувчилар кўрилган хавфсизлик чоралари ва овозларни сохталаштиришни олдини олиш ҳаракатлари ўта юқорилигини айтишган.

Афғонистонда шанба кечгача тарғибот ишларининг олдини олиш учун смс хабарлар юбориш ҳам тақиқланган.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳам ўз овозини берган.

Сайловчилар орасида собиқ ташқи ишлар вазирлари Абдулла Абдулла ва Зайлмай Расул ҳамда собиқ молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг обрўси баланд.

Абдулла фаол сайловолди кампанияси олиб борган, Ғани шаҳар ёшлари орасида катта дастакка эга, Расул эса Карзай ёқлаган номзод ҳисобланади, дейди Би-би-си мухбири Дэвид Лойн.

Шу билан бирга ҳеч бир номзод 50 фоиздан ортиқ овоз ололмаслиги ҳам башорат қилинмоқда. Бунда 28 майда иккинчи тур сайловлари ўтказиш керак бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ