BBC navigation

"Қрим ҳодисалари Марказий Осиё чегара муаммолари муҳокамаларини тезлаштирдими?"

Сўнгги янгиланиш 31 март 2014 - 12:06 GMT

Бугун Қирғизистон ҳукумати Тожикистон билан бешта чегара нуқтасини тўла очгани ҳақида эълон қилган.

Шу йил 11 январида икки мамлакат чегарачилари жароҳатланишига олиб келган отишмадан кейин чегарадан ўтиш-қайтиш нуқталари ёпиб қўйилган эди.

Бир кун олдин Ўзбекистон Қирғизистон билан чегара масалаларини муҳокама этгани хабар қилинди.

Лондонда истиқомат қиладиган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, Қрим ҳодисалари Марказий Осиё раҳбарларини 22 йилдан буён ортга суриб келинаётган чегара муаммоларини тезроқ ҳал қилишга ундаган.

Алишер Илҳомов: Охирги кунларда биз минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқинлашиш, мулоқотга киришиш жараёни тезлашганини кўраяпмиз. Бу мулоқотлар ўртада бўлган зиддият, қарама-қаршиликларни ҳал қилиш мақсадига қаратилган. Шу жумладан, ҳудудий баҳсларни ҳал қилишга ҳам ҳаракат қилинаяпти. Узоқ йиллар давомида делимитация ишлари орқага суриб келинди. Натижада бугунги кунда ҳам қайси ҳудуд Ўзбекистонга тегишли, қайси жойи Қирғизистон ёки Тожикистонники ҳисобланади, аниқ эмас. Чегара устунлари ўрнатилмаган. Ўзаро тушунмовчилик, келишмовчилик ёки баҳс келиб чиқмаслиги учун бу ишларни охирига етказиш лозимлигини ҳамма яхши тушунади. Бироқ томонлар бу ишларни охирига етказишдан кўра, уларни ортга суришни афзал билиб келишаётган эди. Мана бугунга келиб, бу ортга суриш янги инқирозларни келтириб чиқариши мумкинлиги аёнлашди - бу баҳсли ҳудудларнинг ўзи-ку бир таҳдид, аммо улардан учинчи кучлар можаро келтириб чиқариш мақсадида фойдаланишлари мумкин. Ҳозир ҳеч қурса, мана шу таҳдид омилларини бартараф қилган яхшироқ, деган тушунча етилди.

Би-би-си: Ва сиз минтақа раҳбарлари буни англаб етишларига Қрим ҳодисалари туртки берди, деб ҳисоблайсиз?

Алишер Илҳомов: Шубҳасиз. Ҳозир биз Россия ташқи сиёсати йўналишининг умумий жамламаси ўзгараётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Шу билан бирга ички сиёсат ҳам ўзгариб, Россия милитар мамлакатга аайланаяпти. Ва бир пайтлар Россия империяси, ундан кейин Совет Иттифоқи назорат қилган ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат қилаяпти. Бу ҳудудларни Россиянинг бугунги режими ўзиники, деб ҳисоблайди. Ҳатто Михаил Горбачёв Путинни дастаклиб чиқди. "Қримни қайтариб олиш билан Россия тарихий хатони тузатаяпти", деб айтди. Бундай қўштирноқ ичидаги "хатолар" ўтмишда қанча бўлган? Россия сиёсатчилари ва миллатчилари ўзининг тарафига оғдиришни истаб қолиши мумкин бўлган бундай "хатолар"га кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Марказий Осиё Россиянинг манфаати ҳудудлари ҳисобланади ва буни Россия яшириб ҳам ўтирмайди. Агар ана шундай "хато"ларни "тузатиш"ни истаб қолса, Россия Қримдагидек ҳатти-ҳаракат қилмаслиги мумкин. Бунинг учун айёрона йўл тутиб, давлатлараро келишмовчиликлардан фойдаланиб қолишни маъқул топиши мумкин. Бир давлатни иккинчисига, бир жойдаги аҳолини бошқасига қайраш йўлини танлаши ҳам мумкин. Мана бу жиҳатларига Марказий Осиё раҳбарлари эътибор қаратмаган бўлишлари мумкин. Қримдаги ҳодисалар раҳбарларга ҳеч бўлмаганда, чегаралар масаласида ташқи аралашувга имкон қолдирмаслик йўлини қидириш афзаллигини кўрсатди. Аввал устувор деб кўрилмаган вазифалар бугун устувор вазифага айланди, чунки бу мустақилликни асраб қолиш омилларидан бирига айланди бугунги кунга келиб.

Би-би-си: Сиз нима деб ўйлайсиз, шу пайтгача жуда қалин ва дўстона бўлмаган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларга Қрим ҳодисалари таъсир кўрсатиб, алоқалар дўстона тус олишига туртки бериши мумкинми?

Алишер Илҳомов: Мен бунга умид қиламан. Мана биз Қирғизистон билан Тожикистон ўрталаридаги чегаравий, ҳудудий келишмовчиликларини ҳал қилишга ҳаракат қилаяётганларини кўраяпмиз. Улар ҳеч бўлмаганда ўзаро ишонч асосларини, фундаментини барпо этиш йўналишида ҳаракат қилаяптилар. Худди шундай музокаралар Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ҳам бошлангани ҳақидаги хабарлар ҳам ана шундай фундаментни барпо этиш истакларини намоён этади. Бу асосга эса кейин ўзаро ишончни қуриш мумкин. Бироқ Ўзбекистон бошқа қўшнилари билан ҳам шундай йўл тутиши керак, ўртада қандай муаммолари бор, қандай келишмовчиликлар кузатилаяпти - буларнинг ҳаммасининг рўйхатини тузиш керак. Энг муҳими, давлат раҳбарларининг дастаги билан музокаралар даврасига ўтирмоқ лозим. Яъни, бу ерда энг муҳим омил - давлат раҳбарларининг сиёсий иродасидир.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.