BBC navigation

Ҳужум ортидан Туркманистон Афғонистон билан чегарасини ёпди

Сўнгги янгиланиш 6 март 2014 - 10:53 GMT

Бу – илк бор икки давлат ўртасидаги ўзаро чегаранинг расман ёпилишидир.

Афғонистон томонига кўра, бунга шахсан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўзи қарор қилган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзаро чегарадан суҳбатлашган афғонистонлик юқори мартабали масъулларга кўра, туркман томони ўз қарори сабабини дуруст-қуруқ изоҳламаган.

Уларга кўра, ўтган пайшанба кунидан буён Туркманистоннинг Афғонистон билан ғарбий чегаралари ёпиқлигича қолмоқда.

Ўтган чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси эса, Туркманистон Афғонистоннинг ғарбий Бодғиз вилоятидан ҳужумга тутилганди.

Бир гуруҳ номаълум қуролли шахслар чегарадош ушбу вилоятдан Туркманистон ҳудудига бостириб кирган ва ўзаро отишма чоғида уч туркман чегара қўриқчиси қурбон бўлганди.

Минтақадаги мухбиримизга кўра, Афғонистон ўтган ўттиз йилдан буён қуролли низолар ичида бўлса-да, бу – Туркманистонга қарши уюштирилган биринчи ҳужум бўлган.

Афғонистон ахборот агентликлари ҳужумчилар Толибон жангарилари экани ҳақида хабар тарқатишганди.

Аммо, юз берган воқеадан бир ҳафта ўтаётган бўлса-да, Афғонистон Толибон ҳаракати ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб, бирор бир расмий баёнот билан чиққани йўқ.

Ўзаро чегарада юз берган ҳужум тафсилотларини ўрганган афғонистонлик хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи ва минтақадаги Би-би-си мухбирларига кўра, туркман чегарачиларини ҳужумга тутган шахслар гиёҳванд моддалар контрабандачилари бўлишган.

Бу – толиблар йўқ дегани эмас

Агар, маҳаллий кузатувчиларнинг бераётган баҳоларига таянилса, айнан Бодғиз бугун Афғонистоннинг толиблар анча фаол вилоятларидан бири саналади.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳумоюн Ҳадиднинг айтишича ҳам, Бодғизнинг Туркманистон билан чегарадош шимолий икки-уч ва унга қўшни Ҳиротнинг Кўшки Кўҳна тумани ҳозир буткул толиблар назорати остида.

“Бу туманларнинг фақат марказидагина ҳукумат бор, бор-йўғи беш чақирим ташқарига чиқсангиз, толиблар ҳукмронлик қилишади”, - дейди мухбиримиз.

Унинг, ўз ўрнида таъкидлашича, Туркманистон билан чегарада ҳам вазият худди шундай: Чегара қўриқчилари ҳам ўз постларидан узоққа боришолмайди.

“Ҳатто, уларга озиқ-овқат, қурол-яроғ ва лозим ашёларни етказиш учун Афғонистон полиция ва қуролли кучлари фақат карвон боғлаб, боришлари мумкин. Яъни, бир-иккита машинага нон-сув ортиб, у ерларга олиб бориш умуман имконсиз. Ва бу ишга элликка яқин полиция ходимлари ёки аскарлар сафарбар этилишади”, - дейди Афғонистон ғарбидан мухбиримиз Ҳумоюн Ҳадид.

Аммо бетараф мавқеи боис, Афғонистон Толибон ҳаракати шу пайтгача бирор бир марта Туркманистон тупроғига дахл қилмаган.

Мухбиримизга кўра, бу ҳудудларда гиёҳванд моддалар контрабандачилари жуда фаол ва у ердаги толиблар бўладими ёки бошқа исёнчи гуруҳлар, улар билан ниҳоятда яқин алоқадалар.

Унинг айтишича, минтақада жангарилардан ташқари, бугун ҳам ўнлаб қуроллиларига эга собиқ мужоҳиддин қўмондонлари ҳам бор.

“Ҳар ким ўз бошича: Ҳар ким ўз минтақасида ҳоким, ҳар ким ўз минтақасида ўзи маҳкама қилади, марказий ҳукуматнинг у ерларда қудрати деярли йўқ”, - дейди мухбиримиз.

Аён бўлишича, сўнгги ҳужум ортидан Туркманистоннинг Афғонистондаги консуллиги раҳбари Ҳирот ҳокими билан учрашган.

Афғонистон томонидан чегара ҳудудларида назоратни кучайтириш, қўшинлари сонини кўпайтириш ва гиёҳванд моддалар контрабандачиларига қарши самарали курашишларини талаб қилган.

Бугун Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашишга муваффақ бўлган афғонистонлик масъулларга кўра, ҳозир ҳудудга қўшимча аскарлар юборилган ва вазиятни кечаю кундуз назорат этишга қурблари етади.

Афғонистон ғарбидан олинган хабарлардан маълум бўлишича, мавжуд вазият сабаб, ўзаро чегарада турли юклар ортилган ва Покистондан келган икки юздан ортиқ юк машинаси тўпланиб қолган.

Минтақанинг ўзида эса, қатор маҳсулотлар, айниқса, ёқилғи нархи қимматлаб кетган.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.