BBC navigation

Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан: 13-ҳикоя

Сўнгги янгиланиш 5 март 2014 - 10:23 GMT

Самолёт ярим соатча учгач, ухлаб қолибман. Тушимга онажоним кирибди. У бир чети тишланган патирларни менга тутганча жилмайиб турганмиш: "Болам, мана, ризқинг ҳалол экан, юртимизга қайтариб келди. Ол, бир оғизгина егин, нонуштада қандчойга ивитиб бераман, қотган патирни шӯрвага солиб есанг, ундайин мазани тополмайсан! Мен лабларимни ялаганча патирга қӯл чӯзаман. Қӯлимни кимдир итариб ташлайди. Мен патирга интиламан. Орада тошдеворми, адирми, пайдо бӯлади. Онамнинг хӯрсинганини эшитаман. Мен тошдевор устига чиқиб оламан-да, онамнинг чеҳрасига инган маъюсликни сидириб олишга уринаман: "Онажон, мендан асло хавотирланманг, менинг бошим тошдан, ӯзингиз дуо қилгансиз-ку!" Онам синиқ жилмаяди: "Болам, негадир кӯнглим ғаш, қӯй, ӯша Масквангга бормагин!"

- Овқатингизни оласизми?

Стюардесса қизнинг овози мени уйғотиб юборади. Унинг қӯлидан овқат солинган идишни олар эканман, бир миннатдор бӯламан, бир норози.

Самолёт Домодедовога қӯниб, стюардесса ӯзи таклиф этмагунча жойимиздан қимирламасликни уқтираётганда ҳам мен ҳалигача кӯнглимни ғашлантирган туш таъсиридан қутула олмаётган эдим. Онамнинг хавотир тӯла кӯзлари, маъюс чеҳраси кӯз олдимдан кетмасди. Мен негадир самолётнинг орқага қайтиб кетишини истай бошладим.

"Марҳамат" ва "раҳмат"

Москвага биринчи марта учиб келганимда асло эътибор бермаган эканман, бу гал аэропорт биносига киришим биланоқ текширувчиларнинг ҳаракатида, сӯзида киноями, кесатиқми, шунга ӯхшаш ниманидир сеза бошладим. Текширувчилардан биттаси ҳужжатимни қӯлимга берар экан, "Марҳамат, ӯтинг, меҳмон", деганда бир қалқиб кетдим. Агар у "меҳмон"ни оддийгина қилиб айтганида, балки "раҳмат", дея ӯтиб кетган бӯлардимми. Дунёда инсоннинг кӯнглини кӯтарадиган, бир-бирига ёт-бегона кишиларнинг юрагига илиқлик югуртирадиган мулоқот, муомала салом-аликдан кейин айнан шу икки сӯз -"марҳамат" ва "раҳмат"дан бошланмайдими? Лекин бу сӯзларни қандай ифодалаш ҳам одамга турлича таъсир кӯрсатар экан. Кӯплар бу сӯзларнинг самимийми, тил учидами, истеҳзо биланми, айтилишига аҳамият беришмайди. Мен ҳам ӯшалар қаторида эдим. Лекин бу гал мен текширувчининг истеҳзо юкланган "меҳмон"ига индамасдан ӯтиб кета олмадим. Бахт куйчиси Ҳамид Олимжоннинг "Россия, Россия, азамат ӯлка. Мен сенинг ӯғлингман, эмасман меҳмон"и эсимга тушди-ю, текширувчига икки баравар истеҳзо билан "раҳмат, мезбон", дея ӯтиб кетдим.

Вирус, микроблар ва СПИД

Багажлар олинадан ердан жомадонимни олиб чиқиб кетмоқчи бӯлгандим, бирданига иккитаси йӯлимни тӯсди:

- Қани, меҳмон, жомадонингизни очинг!

Мен юким текширилганини айтдим, ӯзимча нималарнидир исботламоқчи бӯлдим.

- Текширишган бӯлса, бошқалар текширишган. Бизнинг хизматимиз бошқа. Қани, бир кӯриб қӯяйлик-чи, Россияга Тожикистондан қандай вирус ва микробларни олиб келяпсиз!

Мен бу одамларга гап таъсир қилмаслигини сездим-да, ноилож жомадонни очдим.

- Эҳ-ҳе, қара, - деди биринчи текширувчи шеригига. – Бутун Москвага етиб-ортадиган вирус олиб келяптилар бу жаноб.

- Тӯғри айтасан, қара – асал, бодом, майиз, ёнғоқ…

- Мен асал солинган идишни жомадондан олиб, бодомга қӯл узатган текширувчини тӯхтатдим:

- Қӯлингизни олинг! Тегманг, буларнинг ҳаммаси – совға!

- Ана, ановилар ҳам - совға!

Мен текширувчи кӯрсатган томонга қарадим. У ерда асал солинган пластмасса идишлар, бодом, ёнғоқ, ӯрикқоқи, майиз солинган селлофан халтачалар уйилиб ётарди.

- Кӯрдингми, турган-битгани вирус, микробларни ташиб келасанлар. Яна мен билан ҳақ талашасан. Полиомиелитдан тортиб оқсимгача юқтирадиган сенларсанлар!

- Биздан ҳам баъзи нарсаларни олиб кетишяпти. Масалан, СПИДни, - деди иршайганча иккинчи текширувчи.

Мен ичимда Аллоҳдан сабр тилардим ва устма-уст "Астағфуруллоҳ"ни такрорлардим.

Мен бири тиржайган, иккинчиси иршайган текширувчини шундайгина бурниларига теккизгудайин бӯлиб, маҳсулот текширишдан ӯтказилгани, тозалиги, сифатлилиги борасида ӯзимизнинг тегишли хизматлардан берилган ҳужжатларни силкитдим.

- Қара-я, - деди текширувчилардан бири иккинчисига. – Чуркаларда ҳам ақллиси бор экан-да!

Мен шайтонга ҳай берганча нарсаларимни жомадонга жойлаб, "Астағфуруллоҳ"ни устма-уст такрорлаб, текширувчиларнинг олдидан шитоб билан узоқлашдим.

ОМОНчиларнинг энг муҳим иши – суваракдан тозалаш

Аэропортдан чиқишим билан бири қӯйиб, иккинчиси таксида ғир этиб Москвага элтиб қӯйишни таклиф этарди.

Таксичилар оғзининг бир чеккасидан чиқиб кетган нархни эшитдим-да, ортимдан соядай эргашиб келаётган иккитасига ёлғон гапиришга мажбур бӯлдим: "Раҳмат, мени кутиб олишади".

Тӯғри электричка томон юрдим. Таксига берадиган пулга Домодедоводан Павелецкий вокзалигача камида икки марта бориб-келиш мумкин. Уч ойда юрганимда Москвага борганимда ойликкача ишлатаман, деб асраб юрган пулимнинг анчагинасини сарфлаб қӯйдим. Самолёт чиптасидан қолган пулимни овқатга, метрогагина сарфлаб, тежаб ишлатсам, биринчи маошгача етиб қолар.

Ижара уйимиз "Павелецкий"дан унча узоқ эмас эди. Йигирма дақиқача яёв юриб, тӯққиз қаватли қадрдон уй олдига етиб бордим. Еттинчи қаватга кӯтарилиб, устига қопланган сунъий чарм ранги ӯчаёзган эшик қӯнғироғини босдим. Ҳеч ким чиқмади. Қӯнғироқни яна икки марта босдим. Тунги ишдан келган йигитлар қотиб ухлаб ётишгандир. Кундузи ишлайдиганлар эса, икки-уч соат олдин уйдан чиқиб кетишгандир.

Қӯнғироқни бешинчи марта босганимда ҳам ичкарида на қадам товуши, на бирон шарпа эшитилмади. Яна қӯнғироққа қӯл чӯзганимда қаршидаги эшик очилиб, ичкаридан бошига сочиқ боғлаган аёл мӯралади.

- Ҳеч тинчлик йӯқ экан-да, бу уйда! Эрта тонгдан бақир-чақир!

Мен аёлга салом бердим-да, хотиржамгина ҳеч ким бақир-чақир қилгани йӯқлигини, мен шу ерда ижарада туришимни айтдим.

- Ие, хабаринг йӯқми? Шерикларинг айтишмадими?

Аёл мени оғиз очиришга қӯймай устма-уст савол ёғдирди. Менинг елка қисиб туришимни кӯриб, сувараклар маконига айланган, тӯққиз қаватли уйни кеча-ю кундуз безовта қилган квартирани омончилар тозалашганини айтаётиб, лаби қийшайганча қулоғи томон қараб кетди.

Мен аёлнинг роҳатланганча айтаётган ҳикоясининг нақ белига тепдим-да, лифт томонга қараб кетдим. Унинг ҳақоратини эшитмасликка олдим.

Мен Москвада бошпанасиз қолдим

Пастга тушиб, қаерга боришимни билмай туриб қолдим. Эртага баҳорнинг биринчи куни бӯлса-да, Москвада кечаси нари турсин, кундузлари ҳам шамоллаб, музлаб қолиш ҳеч гап эмас. Тезда бирон бошпана топмасам бӯлмайди. Қайси танишимникига борсам экан? Худди шу аснода телефон эсимга тушди. Илгари ижарада бирга турган ҳамхоналардан бирига қӯнғироқ қилдим. Телефон ӯчирилган ё хизмат доирасидан ташқарида, деган этимни музлатган хабарни эшитдим. Эргашалининг рақамини тердим. Яна ӯша жавоб. Учинчи, тӯртинчи ҳамхонанинг телефони ҳам жавоб бермади.

Кӯнглимда ётиб-туришга бир бошпана топилар, ишқилиб, шерикларимни депорт қилиб юборишган бӯлмасин-да, деган ӯй кезарди. Аслида Москвага учмасимдан олдин бир-иккитасига қӯнғироқ қилсам бӯларкан…

Худди шу пайт Шуҳратнинг ижара уйи эсимга тушиб қолди. Лекин у ҳам телефонини кӯтармади. Мен таваккал қилиб Шуҳрат яшайдиган Новокузнеск метроси томон жӯнадим. Метрода катта жомадонга шубҳа билан қарашлар, текширишларни ӯйлаган ҳолда таксига ӯтирдим. Такси елиб борар экан, мен бу юришда бир ҳафтага қолмасдан пулим тугаши, ана ундан кейин нима бӯлиши ҳақида ӯйлардим.

Чӯнтагинг кӯтармаса, ана - катта кӯча!

Шуҳрат яшайдиган ижара уй эшигини очган, эгнида футболка, тиззасига ҳам етмайдиган калта иштон кийган қирқ-қирқ беш ёшлардаги киши "сенга нима керак", дегандайин укки кӯзларидан савол ӯқталарди.

Мен Шуҳратнинг синфдоши эканлигимни, агар имкони бӯлса, у яшаётган мана шу ижара уйда туриш ниятим борлигини айтдим.

- Сенга Шуҳрат уйимизда жой бор, дедими?

- Йӯқ, мен у билан ҳали гаплашганим йӯқ. Ӯзим шундай, таваккалига…

- Таваккалига! Таваккалнинг боши кал. Ҳи-ҳи-ҳи, - калта иштонли эшик олдидан сурил-и. Мен жомадонимни тор коридорга қӯйдим.

- Самолётдан тушар-тушмас бу ёққа қараб чопдингми? Масквада евроремонтдан чиқарилган, деразаси Кремлга қараган уйда кимсан, отлари нима эди, ҳа, кимсан, Умид ҳазратлари келяптилар, деб кӯз тутиб, поёндоз ёзиб ӯтиришган, деб ӯйлагандирлар. Ҳи-ҳи-ҳи…

Мен қанчалик асабим таранглашиб, жаҳлим чиқмасин, ӯзимни босишга уриндим. Балки бу одам квартиранинг хӯжайини эмасдир. Айтгандай, аслида квартиранинг хӯжайини бошқа одам – москвалик қариями, тул аёлми, ё икки-учта квартираси бор одамми, бӯлади. Ундан ӯзимизникилар – тожикистонлик ё ӯзбекистонлик биронтаси ӯзимга ва оиламга, деб ижарага олади-да, ана кейин, фойда кетидан қувади. Ижара уйга одам олади, олавера-ди…

Бахтга қарши айни ана шу калта иштонли "ҳи-ҳи" квартиранинг вақтинча эгаси бӯлиб чиқди. У менга уйида жой топилишини, лекин бир ойлик ижара ҳақини олдиндан тӯлаш шарти билан бошпана беришини айтди. "Кавартирда одам кӯп эмас, бор-йӯғи йигирма бештагина. Икки хонали уйга бу нима деган гап. Бизда ижара ҳақи ҳам жа кӯп эмас, атиги беш ярим минг сӯмгина", деди у мени сеҳрламоқчи бӯлгандайин кӯзларини кӯзимга қадаганча. Мен унга олдинги турган уйимизда ойига тӯрт мингдан берганимизни айтдим.

- Сиз айтган даврнинг ӯтиб кетганига уч ой бӯлди. Омончилар дуч келган кавартирни босишавергач, бизнинг харажатларимиз осмонга чиқиб кетди.

Мен калта иштонининг чӯнтагида тилла бордайин уни тинмай сийпалаётган одамнинг айтганига кӯнишга тайёр эдим. Тузукроқ бошпана топганимча тиқилинчда яшаб туришга ҳам тайёр эдим. Фақат… фақат агар бор пулимни ижара ҳақига олдиндан бериб қӯйсам, бир ойгача тишимнинг кирини сӯриб, ишга яёв бориб-келаманми?

- Ҳа, нега пешонанг Қизилқум бӯлиб кетди? Чӯнтакка қара, чӯнтакка. Кӯтармаса, ана, катта кӯча!

Худди шу лаҳза калта иштонли одамнинг қиёфаси ӯзгарди. Бошига сочиқ ӯраган, лаблари қулоғига қараб кетаётган аёл менга катта кӯчани кӯрсатиб турарди.

Шуҳрат менга ош дамлаб бермоқчи

Мен ичимдан тошиб келаётган нафратни ӯзимга ютиб, пастга тушганимда чӯнтагимда телефон музика чалди. Шуҳрат!

- Умид, қачон келдинг? Кечирасан, мен телефонимни ӯчириб қӯйгандим. Қаердасан? Мен борганимча кетиб қолма!..

Бир соатдан Шуҳрат икков таксида у топган янги ижара уйига борардик. "Хӯжайинни кӯрдингми? Хайрият, уй ӯзиники эмас. Эгаси истаган пайтда бошқа бир одамга ижарага бериши мумкин. Руслардан нолиймиз, ӯзимизнинг ӯзбекнинг муомаласини кӯрдингми? Мен бу зиқна, кӯзи оч, инжиқ одамдан қутулганим учун эртага сенга ӯз қӯлим билан ош дамлаб бераман!"

Шуҳрат ҳалигача очилмаётган қовоғимга хавотирли қараганча кайфиятимни кӯтариш учун уринарди.

Мен бӯлсам, жилмайишга кучим етмасдан, "Хуш келибсан, Россияга, Москвага, меҳмон!", дердим қайта-қайта ӯзимга ӯзим.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.