Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан - ўнинчи ҳикоя

  • 10 Феврал 2014

Икки кундан буён ажиб бир яхши кайфият билан юрибман. Бунга сабаб бир танишимнинг телефон қӯнғироғи бӯлди. У мени Алишер Навоийнинг туғилган куни билан табриклади.

Ҳазрат Навоийнинг туғилган кунларини билмайдиган ё қачонлардир эсидан чиқариб юборган одамлар оз эмас.

Бу ажойиб инсон эса, мени шеърият мулкининг султони таваллуд айёми билан муборакбод этди.

Бу табрикни эшитганимдан сӯнг бу дунёдаги бор ташвишларни унутдим.

Совуқ шамол гӯё ёқимли кӯклам эпкини мисол бағримни илитарди. Кеча ҳаво озгина илиганда томдан оқиб тушган, бугун музга айланган эриган қор суви нур бӯлиб оламга сочилаётгандайин…

Кутилмаган табрик

Агар буюк шоир ва мутафаккир, маданият, адабиёт аҳлининг суянчи, ғамхӯри туғилган кун билан ҳамон мактабда ишлаётган кекса адабиёт ӯқитувчимиз ё Фотиҳ дӯстим табриклаганда ҳам балки бунчалик булутлар устида шодон сузиб юрган бӯлмасдимми… Мени табриклаган инсон… хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳуқуқ-тартибот мақомотида ишлайди.

Икки кунгача кӯз олдимдан анчагина одамлар ӯтди. Фотиҳнинг машинасида кетаётганимизда тӯхтатган ва дӯстимнинг асли касби журналист эканлигини билгач, Лойиқ Шералидан шеър ӯқиб, бизга оқ йӯл тилаган ГАИ – давлат автомобил назорати ходимини эсла-дим. Айтгандай, у Абдулла Қаҳҳор туғилган қишлоқдан эканлигини айтиб, унинг асарла-рини санаётиб фахрланганча гапирганди.

Поччаси чиқинди қутисига ташлаб юборган китобни кӯриб қолиб, уни артганча қӯйнига тиққан оддий ишчи кӯз ӯнгимда гавдаланди. «Мен у китоб кӯр қилгурга, биласизми, нима дедим? Туҳматнинг умри қисқа, бу китобни ёзган инсоннинг ҳалоллиги, фақат ҳақиқатни айтиб келганлигини ҳамма билади. У тез орада оқланади. Кӯрамиз, ӯшанда нима қилар-кансан, дедим»…

Мен ӯша мени кӯнглимни осмонларга парвоз эттирган телефон қӯнғироғи боис кейинги пайтларда китоб ӯқимаслик, адабиётнинг таназзули ҳақида баҳсу мунозараларни, турфа фикрларни эсладим. Ҳазрат Навоийнинг ӯлмас асарларини неча-неча юз йиллардан буён ӯқиб келишаётган, маъносини чақишга интилишаётган, шоир таваллуди куни ӯзи шодланиб, бошқаларни табриклашаётган экан, демак, адабиёт муаллимимизга ӯхшаган ажойиб инсонларнинг ёш юракларга экаётган зиё уруғи унмоқда, ӯсмоқда.

Қайсар тоғамнинг аччиқ хулосаси

Орадан бир кун ӯтар-ӯтмас мен яна Лойиқ Шералининг шеърини берилиб ӯқиётган ГАИ ходимини эсладим…

Бир кунда қишлоқда икки киши тупроққа қӯйилди. Улардан бирининг эшигида фотиҳага келиб-кетаётганларни кутиб олиб-кузатаётганлар қаторида турардим. Эрта тонгдаги қаттиқ аёз энг чиниққан, чидамли одамнинг ҳам оёғидан қулоғигача музлатгудек. Ланг очиқ дарвозанинг икки томонида катта тӯнкалар ёқиб қӯйилган. Айримлар кӯзни ачиштираётган тутунга ҳам чидаб, чӯғ ёнидан узоқлашишмаётир. Худди шу он тоғамнинг «…қиш ӯл-магин, ёз ӯлгин», деган гапларини эсладим.

Бундай қарасам, муюлишда узун тӯнга ӯралган тоғам кӯриндилар. Ортларида яна тӯрт-беш киши. Тоғамнинг совуқдан ранглари кӯкариб кетган, устма-уст йӯталардилар.

Фотиҳа ӯқиб чиқишгач, аввал акам, сӯнг мен тоғамнинг ортларидан юрдик.

- Тоға, уйда дуо ӯқиб, фотиҳа қилсангиз ҳам бӯларди-ку, - деди акам тоғамнинг қӯлтиқларидан олганча.

- Жиян, гапинг тӯғри, лекин бу ичим сира қӯймади-да. Кеча жанозага қатнаша олмасдан тонггача кӯзимга уйқу келмади.

Тоғам бу гапини айтганча икки-уч йӯталиб олди. Акам шерикларидан узр сӯраб, тоғам-ни машинага ӯтқаздилар, уйларига етиб боргунча тоғамнинг йӯтали кучайгандан кучайди.

Сандалга бағир берганларида ҳам тӯхтовсиз йӯталардилар.

Янга дастурхон ёзаётганда акам тӯхтатдилар.

- Янгажон, тоғамни дӯхтирга олиб бормасак бӯлмайди. Ӯпкалари узилгудек йӯталяпти-лар, - акамнинг овози ташвишли, лекин қатъий эди.

- Мен неча марта айтдим, кӯнмаяптилар. Қайсарликларини ӯзингиз яхши биласиз. Дӯх-тиринг нима қилиб берарди, Худо берган умрни яшайман, дейдилар нуқул.

- Қаратган қуруқ колмабди, деганлар. Қайсарликларини менга ӯтказа олмайдилар. Сиз кийим-кечакларини тайёрланг.

Ҳаял ӯтмай янга битта кичик, битта катта тугун кӯтариб чиқди.

- Катта тугундаги нима? - сӯради астагина акам янгадан.

- Кӯрпа-тӯшак, ёстиқ, иккита янги чойшаб. Биласиз-ку, ҳозир беморхонада қуруқ кро-ватдан бошқасини беришмайди, - янга астагина тугуннинг бир четини очди ва чӯнтагидан қоғозга ӯралган нимадир узатди. – Мановини дӯхтирларга берасиз. Ӯғлим отамни қаратинглар деб Рассиядан юборганди.

- Тоғамизни қаратишга бизда ҳам пул бор…

Акамнинг гапи оғзида қолди. Тоғам қаттиқ йӯталди-да, акамга қараб жилмайди:

- Биз пулинг йӯқ деган ӯйда эмасмиз. Ӯғлимнинг узоқдалигини билдирмасдан иссиқ-совуғимдан хабар олиб турибсан. Қилган хизматларингни мен қайтармасам, ӯғлим қайтарсин, у қайтара олмаса, Худодан қайтсин. Лекин, ӯғлим Рассиядан атайлаб юборган пули турганда…

- Бӯлди-бӯлди, тоға, Имроннинг пулини ишлатамиз. Қани туринг, кийининг!

Мен акамнинг гап-сӯзи, харакатларидан тоғамизнинг беморхонага боришдан айнаб қо-лишидан чӯчиётганлигини сездим…

Беморхонага борар эканмиз, йӯл четига югуриб чиққан ГАИ ходими таёғини кӯтарганча тӯхташ ишорасини қилди.

- Ҳеч қандай қоидани бузганим йӯқ-ку, - деди акам машина эшигини очар экан.

- Ака, тушманг, ӯзи келсин!

Лекин акам менинг гапимга қулоқ тутмади. У дарахт ортига ӯтган ГАИ ходимининг ёни-га борди-да, нималарнидир уқтира бошлади. Афтидан, ГАИ ходими ӯзиникини маъқуллаб тураверди.

- Ҳақини олдими?

Акам тоғамнинг саволини эшитмасликка олганди, у саволини яна такрорлади.

- Олмайдими, олади-да, томоғинг тешилгур, - деди акам, - олтмишдан ӯтганим йӯқ, тезликни оширдинг, деб турволди.

Худди шу пайт ёнимиздан қоп-қора «БМВ» шамолдек ӯтиб кетди.

- Мановини тезликни ошириш, дедилар. Нега «БМВ»ни тӯхтатмади? – дедим акамга ӯзи-ни кӯрмасликка олиб четга ӯтаётган ГАИ ходимини кузатганча.

- Булар кимни тӯхтатишни яхши билишади. Қимматбаҳо «БМВ»ни ким минади? Ё катта пулдор, ё… Ана, қара, «маршрутка» лиқ тӯла кетяпти, - ӯртасида йӯловчилар бир-бирига ёпишгудай кетаётган «Газел»га кӯзим тушди. – «Маршрутка»лар қоида бӯйича фақат ӯриндиққа одам олиши керак. Лекин, мана кӯриб турибсан… ГАИлар уларниям тӯхтатишмайди. Ҳақини олдинроқ олиб қӯйган-да…

- Бу кӯчага чиқдингми чӯнтагингни қоқлаш бошланади. Неварам туғилганида доялардан бошлаб туғруқхонада ӯралашиб юрган катта-кичиккача пул олди. Ӯзларинг яхши биласизлар, ӯлик кӯмиш қанча қийин бӯлиб кетган. Тавба, гӯрни сотишади-я… Ҳа, туғилганингдан бошлаб ӯлганинггача пул олишади. Худойим инсофсизларга тезроқ инсоф бергин, - тоғам ӯриндиққа суянганча кӯзларини юмиб ӯтирардилар.

Менинг кӯз ӯнгимда эса берилганча шеър ӯқиётган бошқа бир ГАИ ходими гавдаланди. Наҳотки у ҳам пора олса?

Ҳакалак отаётган нафслар ва кӯринмас қӯлловчилар

Беморхонада ҳам «чӯнтак қоқлаш» бошланди. Қабул бӯлимиданоқ пул олиш бошланди. Тоғамизни палатага жойлаганимизда янга берган пулнинг ранги ӯчган, бор-йӯғи қирқ со-монийча, бу ӯн долларга ҳам етмайди, пул қолганди. Унга қӯшиб акам тоғамга юз сомо-ний берди, ҳали яна дорига, рентгенга, қон олишга… деб пул олишаркан.

Йӯлда борарканмиз, акам ӯзидан ӯзи кулди.

- Дӯхтир нима деди? Одамлар ойлаб навбатда туришади, амакини навбатсиз олаётгани-миз учун яна эллик сомоний қӯшасиз, дедими? Ҳали тоғам тузалиб, уйга жавоб беришаётганда кӯрасан: ҳамширалардан тортиб санитаркаларгача ҳақ сӯраб тизилганча туриша-ди…

Бозорга етганимизда акам таксичилар навбатига турди. Мен Фотиҳнинг дӯкони томон юрдим. Унга бугун ГАИнинг тӯхташидан бошлаб беморхонадаги юлғичликларгача сӯзлаб берсам, кулимсиради.

- Университетда ӯқиб юрган пайтимизда муаллимларнинг имтиҳон, зачёт учун старостага айтиб пул йиғишларини унутдингми? Сенинг гапларинг менга Фаттоҳ Саидовнинг яқинда айтган гапларини эслатдими?

- Қайси гапларим? Саидов деганинг ким?

- Мамлакатимизнинг коррупсияга қарши курашчилари бошчиси.У яқинда матбуот йиғинида Тожикистонда фасод кучайиб бораётганини айтибди. Мисол учун, ҳали сен айтган ГАИлар ва дӯхтирларни келтирибди. Улар илгари беш-ӯн сомонийга кӯниб кетаверишар экан. Энди нафслари ҳакалак отибди. Беш-ӯн сомонни назарлари илмасмиш.

Фотиҳ шундай дея бир нуқтага кӯз тикканча қолди.

- Ӯтган ой Душанбе томонда божхонада ишлайдиган икки нафар раҳбарни пора устида қӯлга олишибди, - Фотиҳ бирпас ӯйлангач, овози бироз титраб гапира бошлади. – Пора билан қӯлга тушаётганлар орасида судялар, камдан-кам прокуратура ходимлари, маҳал-лий ҳукуматларнинг ер бериш хизматларида ишлайдиган масъуллар бор. Лекин, кӯпинча муаллимлар, дӯхтирларни ушлашади.

Фотиҳ анча узоқ гапирди, алам билан гапирди. Унинг айтишича, катта-катта масъул лавозимларда ишлаётган раҳбарларнинг пора олишлари маълум бӯлса-да, ҳозиргача улардан биронтаси жазога тортилмаган экан. Енг учида иш битирадиганлар, бизнесидан топган пулини солиққа тортмасликлари учун яширадиганлар, бир сӯз билан айтганда, тӯғри иш тутмайдиганларни қӯллаб-қувватлаш авжига чиққан.

- Қӯлловчилар ким дейсанми? Бири ҳукуматда масъул раҳбар, бошқаси бирон ҳуқуқ-тартибот тизимида ишлайдиган раҳбар… Албатта, улар қуруқ раҳматга қӯллашмайди…

Фотиҳнинг фикрича, фасодга қарши кураш пастдан эмас, айнан юқоридан бошланиши зарур экан. У буни айта туриб, Гуржистондан мисол келтирди. У ерда айнан мамлакат президентининг кураш бошида туриши билан етти йилдами-саккиз йилдами фасод-коррупсия бутунлай йӯқотилибди.

Мен эса, Саид Аҳмаднинг «Келинлар қӯзғолони» комедиясининг Лаосда саҳнага қӯйилишини эсладим. Комедияда Фармонбибига ӯғли қамалиб қолган аёлнинг пора таклиф қилиш саҳнаси бор. Лаосликлар буни тушунишмабди ва худди ана шу саҳнани қисқартиришибди. Чунки, Лаосда пора олиш ва пора бериш деган тушунчанинг ӯзи йӯқ экан. Бизда эса…

Саид Аҳмаднинг «Келинлар қӯзғолони»даги пора бериш саҳнаси москвалик ҳамхонам Эргашалининг сӯзларини эслатди. У куйинганча ӯзларидаги маҳаллий фуқаролар йиғинидан битта кичик маълумотнома олишдан бошлаб пора бериш бошланишини айтганди…

Фотиҳнинг дӯконидан чиқатуриб эса, унинг хайрлашув олдидан айтган гапи қулоғим-дан сира нари кетмасди:

- Э, нимасини айтасан, бизда муқаддас Ҳаж сафарига айрим одамлар пора бериб кетиш-япти-ку! Билмадим, Каъба олдидаги тавба-тазаррулари учун Аллоҳ уларнинг кичик гуноҳларини кечирар. Лекин пора беришдек гуноҳи кабираларини кечирармикан? Яна айрим руҳонийлар агар шундай қилмасангиз, балки Ҳажга бора олмай қоласизлар, сиз мажбурликдан пул беряпсизлар-ку, Худо кечиради, дейишармиш. Тавба!

Бу мавзуда батафсилроқ