"ЎшТВ" телекомпаниясига қарши жиноий иш очилган

  • 2 Феврал 2014

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Хизмати Ўшдаги йирик медиа ташкилоти ҳисобланмиш “ЎшТВ” телекомпаниясига нисбатан 29 январда, “Минтақалараро нифоқни қўзғаш” моддаси билан жиноий иш очган ва 31 январда телекомпания идорасида тинтув ўтказган.

Хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, жиноят иши шу йилнинг 8 – 15 январ кунлари “ЎшТВ”нинг “Бағит” (Йўналиш – ўзб) ва “Кун Чабит” (Куннинг янгиликлари ) кўрсатувлари эфирга узатилаётган пайтда, давлат аҳолисини иккига бўлишга чақирув смс хабарлари берилганлиги асосида очилган. Текширувлар натижасида гўёки ушбу смс хабарларида, минтақалараро нифоқни қўзғовчи белгилари аниқланган.

“Шу йилнинг 31 январида Давлат Миллий Хавфсизлик Хизматининг Ўш вилояти бўлими ходими “ЎшТВ” телекомпанияси идорасига бориб, керакли ҳужжатларни талаб қилганида, телекомпания раҳбарияти уларни тақдим этишдан бош тортган. Шу куннинг ўзида, жиноят иши доирасида терговга тегишли ҳужжат ва далилларни яширилиниши ёки йўқ қилинишини олдини олиш мақсадида, Ўш шаҳар суди қарори асосида, телекомпаниянинг А.Шакиров номидаги кўчанинг 108 уйи ва Г. Айтиев кўчасининг 10 уйида жойлашган идораларида тинтув ўтказилди” – дейилади маълумотда.

Бу хабарни "ЎшТВ" телекомпаниясининг раҳбари Эрнис Киязов ҳам Би-би-сининг Ўзбек хизмати билан суҳбатда тасдиқлади.

"Кеча, идорада тинтув ўтказгунилича, Ҳавфсизлик Хизматининг бир ходими менга келиб, бизнинг телекомания билан уяли алоқа компаниялари орасида тузилган шартномаларни сўради. Мен у сўраётган ҳужжатларни ҳозир бера олмаслигимни, техник ходимлардан йиғиб, бир – икки куннинг ичида тақдим этишимни айтдим. У рози бўлиб кетди. Бир неча соатлардан кейин, мен идорада эмаслигимда, Ўш шаҳар суди қарори билан келишиб, менинг хонам қулуфланганлигига қарамасдан, уни очишиб, идорада тинтув ўтказишни бошлашибди ва керакли ҳужжатларни олиб чиқиб кетишди” – дейди Эрнис Киязов.

Ҳақиқатан ҳам «ЎшТВ» кўрсатувлари орқали минтақалараро нифоқни қўзғовчи смс хабарлар берилганми?- деган саволимизга, Эрнис Киязов:

"Телекўрсатувлар вақтида, кўрувчилар тарафидан юборилган сайловга алоқадор қандайдир бир уятсиз смс хабарлари эфирга узатилган бўлиши мумкин. Лекин, улар айтаётгандек, давлат аҳолисини иккига- жануб ва шимолга бўлишга чақирган смс хабарлари бўлмаган" – дея жавоб берди.

Ўшлик медиа таҳлилчи Иброхим Янгибоевнинг фикрича, бу каби кўринишлар Қирғизистон ҳаётида одатий бир кўринишга айланиб қолган.

“Ушбу телекомпаниянинг эгаси Мелис Мирзакматов сиёсий майдондан кетгандан кейин, давлат бош қомусига қарши, президентга қарши ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Бу нарсалар ўз навбатида уларга қарши жиноят иши очишга ва текширувга олишга асос бўла олади. Лекин, бу ерда бир тарафни оқлаб, иккинчи тарафни қоралай олмаймиз. Иккала тараф ҳам ўз вазифаларини аниқ бажара олмаяпти” – дейди Иброҳим Янгибоев.

1990 йиллар бошида, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларида илк мустақил телерадиокомпания ўлароқ ташкил этилган “ЎшТВ” телекомпаниясига маҳаллий тадбиркор Ҳалилжон Ҳудайбердиев асос солган.

2010 йилнинг июнь ойида Ўш ва Жалолободда юз берган миллатлараро низолар ортидан, “ЎшТВ” телекомпанияси Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматовнинг қўлмга ўтган. Ҳалилжон Ҳудайбердиев эса, қонли воқеаларни уюштирганликда айбланиб, давлатни тарк этган.

Бу мавзуда батафсилроқ