BBC navigation

Ўзбек ва Туркман гази Хитойга Қирғизистондан ҳам ўтади

Сўнгги янгиланиш 4 январ 2014 - 18:16 GMT

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев тегишли ҳужжатларни имзолаганидан кейин бу мамлакат ҳудудидан Туркманистон ва Ўзбекистон газини Хитойга етказиш имконини берадиган 225 километрлик магистрал газ қувури қурилишини бошлаш мумкин бўлади.

2014 йилнинг илк кунларида Президент Атамбоев Қирғизистон-Хитой газ қувурини барпо этиш ва эксплуатация қилиш ҳақидаги икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги 2013 йил сентябридаги келишувни ратификация қилган.

Ўтган сентябрдаги Хитой Президенти Шин Жинпингнинг Марказий Осиё республикаларига сафари давомида бир неча миллиард долларлик шартномаларга келишилган эди.

Хитой расмийлари минтақага 75 миллиард долларлик сармоя ваъда қилганлар.

Жаноб Ши ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Остонада 30 миллиардлик, Ашхободда эса Президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан 30 миллиард долларлик битимлар имзоланган.

Тошкентда эса Хитойнинг Ўзбекистонга 15 миллиард долларга баҳоланган сармояларига тааллуқли 31 келишув имзоланган.

Бишкекда Хитой Қирғизистонга йўл қурилиши учун 400 миллион доллар кредит бериши билан бирга Туркманистондан бошланган газ қувурини Хитойга етказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Ҳозир Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан ўтган газ қувуридан Хитой Туркманистон ва Ўзбекистон газини олаяпти.

Янги газопровод Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудларидан ўтиб Хитойга етади.

Расмий Пекин Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой қувуридан 2016 йилга бориб йилига 40 миллиард кубометр, Қирғизистон орқали ўтадиганидан эса йилига 25 миллиард кубометр газ олишни, йиллик Марказий Осиё гази истеъмолини 65 миллиард кубометрга етказишни режалаган.

Илк бор Туркман гази 2009 йили Хитойга оқа бошлаган, улкан газ қувурининг қуриб битказилиб Туркманистонда бўлиб ўтган тантанали очилиш маросимида Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари иштирок этганлар.

2012 йил августидан бу қувур орқали Ўзбекистон гази ҳам Хитойга етказила бошлангани ҳақида икки мамлакат расмийлари эълон қилганлар.

Хитой Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган 225 километрлик газ қувури қурилишига 1 миллиард 200, 1 миллиард 400 миллион долларлик сармоя сарфламоқчи.

Бу қувур қуриб битказилганидан кейин Қирғизистон биринчи йил 40 миллион доллар транзит пули олмоқчи.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.