BBC navigation

Бишкек ва Ўш шаҳарлари ҳокимлари 2014 йил 15 январида сайланади

Сўнгги янгиланиш 27 декабр 2013 - 18:43 GMT

Ўш шаҳри ҳокимини шаҳар кенгаши депутатлари овоз бериб сайлайдилар.

Бундай қарорни Қирғизистон Марказий Сайлов қўмитаси 26 декабрда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида қабул қилди.

Шу йилнинг 4 декабрида Бишкек шаҳри ҳокими Иса Ўмурқулов ўз ҳоҳиши билан истъфога чиққан, кўп ўтмай Ўш шаҳрининг ҳокими Мелис Мирзакматов Қирғизистон Бош вазири буйруғига биноан ишдан олинган эди. Унинг ишдан олинишига, Ўш марказида порахўрликда айбланаётган парламент депутати Ахматбек Келдибековнинг тарафдорлари олдига чиқиб, марказий ҳукуматни танқид қилгани сабаб бўлган.

25 декабрда Ўш шаҳар кенгашида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди, яъни “Ҳақиқат, Бирлик" - Акыйкат, Ынтымак” дея номланувчи янги кўпчилик коалицияси тузилди.
Бунгача, шаҳар кенгашидаги 45 депутатлик ўрнидан 21 ўринга эга собиқ ҳоким Мирзакматов бошчилигидаги “Миллатлар Бирлиги” партияси, “Замондош” ва “Қирғизистон Ҳалқ Демократик” партияларининг қўллови билан кўпчилик коалицияни ташкил этар эди. Қолган 22 депутатлик ўринлар эса “Ота Макон”, “Қирғизистон Социал-Демократлар”и, “Республика” ва “Адолатли Қирғизистон” партиялар орасида тақсимланган.

Мелис Мирзакматов декабр ойи бошида Ўш шаҳри ҳокими лавозимини бўшатган.

Кутилмаганда, Қирғизистон Марказий сайлов қўмитаси қарори асосида, “Замондош” партиясининг вакили Нурадил Жолдошев депутатликдан чақиртириб олинди. Унинг ўрнига 25 декабрда шаҳар кенгаши йиғилишида партия номидан Қамчибек Мамбетов янги депутат этиб тайинланди ва у ўша заҳотиёқ озчилик коалицияга қўшилди. Шундан кейин озчилик коалиция кўпчиликка, кўпчилик коалиция эса озчиликка айланди.

Шу йилнинг 12 декабрида Президент Алмазбек Атамбаев қўл қўйган “Бишкек ва Ўш шаҳарларининг мақоми” тўғрисидаги қонунга кўра, Бишкек ва Ўш шаҳарларининг ҳокимларини шаҳар кенгашидаги депутатлар яширин овоз бериш орқали беш йиллик муддатга сайлайдилар. Ҳокимликка номзодларни эса, шаҳар кенгашидаги фракциялар ва Бош вазир кўрсата оладилар. Сайлов депутатларнинг учдан икки қисми қатнашгандагина, бўлиб ўтди, дея ҳисобланади.

Бу галги сайлов осон кечмаслигини сезаётган собиқ Ўш ҳокими Мирзакматов, агар сайловда енгилиб қолса, ўз тарафдорларини митингга олиб чиқиб, марказий ҳукуматга таҳдид солиши билан огоҳлантириб келади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.