BBC navigation

Тожик милицияси журналистни калтаклагани қораланмоқда

Сўнгги янгиланиш 26 декабр 2013 - 08:50 GMT

Журналист Абдураҳим Шукуров ўз касбий фаолиятини амалга ошираётгана пайтда қўлга олинган ва калтакланган.

Тожикистондаги журналистлар ташкилотлари Ички ишлар вазирига мурожаат қилиб "Озодагон" ахборот агентлиги журналисти Абдураҳим Шукуровнинг калтакланишини танқид қилганлар.

Тожикистон Журналистлар уюшмаси, Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси "Озодагон" ахборот агентлигининг видеотасвирчиси Абдураҳим Шукуров билан юз берган ҳодисадан хавотир билдирганлар, Ички ишлар вазирлигидан синчиклаб ўрганишни талаб қилиб чиққанлар.

25 декабр куни Душанбе шаҳрида таниқли тадбиркор ва собиқ саноат вазири Зайд Саидов устидан маҳкама якунига етди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изолятори ёнида Зайд Саидов тарафдорлари йиғилганлар.

Милиция бу одамларни куч билан тарқатишга уринган пайтини "Озодагон" тасвирчиси Абдураҳим Шукуров видеога олган.

Сўнг видеооператор қўлга олиниб, милиция бўлимига олиб кетилган.

"Озодагон" ахборот агентлиги раҳбарияти хабар қилишича, милиция идорасида Абдураҳим Шукуров калтакланган.

Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Нуриддин Қаршибоев милиция ходимларининг ўзлари қонунни бузганликларини айтган.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари оператор ҳуқуқини уч жойда поймол этганлар. У қонунга зид равишда қўлга олинган, чунки у бирор бир жиноий ҳаракат содир этмаган. Иккинчидан, уни калтаклашган. Кейин эса ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимоясиз етти кеча-кундузга ҳибс қилганлар", деб айтган Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси.

"Шуниси ўта хавотирлики, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари ходимларининг бундай ҳатти-ҳаракатлари оддий ҳолатга айланиб қолди", дейилади Тожикистон журналистлари эълон қилган мурожаатда.

Маҳкама тадбиркор ва собиқ вазир Зайд Саидовни 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган, унинг мол-мулкини мусодара этишга қарор қилинган.

Маҳкама Зайд Саидовни пора олиш, фирибгарлик, кўпхотинлилик қаторида жинсий зўравонлик каби жиноятларда айбдор топган.

Жаноб Саидов айбловларнинг барчасини рад этган.

Зайд Саидов шу йил бошида Тожикистонда "Янги Тожикистон" деб номланган янги партия тузиш ташаббуси билан чиққан.

Аксар таҳлилчилар Тожикистонда таниқли бўлган ва муваффақиятли бизнесмен ҳисобланган Зайд Саидовнинг муаммолари унинг сиёсий партия ташкил қилиш ҳақидаги баёнотидан кейин бошланганига эътибор қаратадилар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.