Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан - учинчи ҳикоя

  • 25 Декабр 2013
Бегона қор

Таниш-нотаниш қишлоғим

Она-бола бир-биримизни роса соғиниб қолган эканмиз, жияним – акамнинг қизи Меҳ-ринисо дамлаб келган чойни ичганча гоҳ-гоҳ ҳолимизни сўраб, кўпроқ бир-биримизга тикилиб ўтирдик.

Хонтахта устига тўшалган дастурхоннинг икки томонида ёниб турган шам ёруғида онамнинг тушларимда кириб чиққан чеҳраларига қараб тўймасдим. Ажиб бир нурли юзларида, пешоналарида ажинлар кўпайиб қолгандайин.

Ўзимни яний бошладим – пул топай дедим, ишдан кейин ҳам қолиб ишладим, ҳордиқ куни қўшимча иш изладим. Ўша онамни туш кўриб чиққан тунларнинг эртасига бўлди энди, ойликни оламан-да, уйга бориб-келаман, дердим. Лекин ишга боришим билан уй, мен соғинган, мени соғинган онажоним эсдан чиқарди.

Инсофли навбатчи ва чаккамга тушган оқ

Бирда онам қишлоққа бориб-қайтган синфдошимдан каттагина тугун бериб юборибди-лар. Иккита патир нон, ўрикқоқи, майиз, бодом… Ҳамхоналар билан онажоним юборган совғаларни еяётиб, йиғлагим келди. Кўз ёшимни қийналиб-қийналиб қайтардим…

Бирдан хонада чироқ ёниб, мени қийнаётган ўйлар унинг нурида эриб кетишди.

- Бугунги навбатчи инсофли эканми, ё сенинг келганингни билганми, олти бўлмасдан ёқишди, - деди онам кўзлари қувнаганча.

Қўл телефонимнинг соатига қарадим.Ўн минут кам олти. Онам бор-йўғи ўн минут олдин чироқ беришганига ҳам шунчалик хурсанд бўляптилар.

Шу лаҳза онажонимнинг кўзлари ўнг чаккамдан узилмаётганини сезиб қолдим. Нигоҳлари тўсатдан ғамгинлашиб қолди. Наҳотки, чаккамга тушган икки-учта оқ толани кўрган бўлсалар! Чироқ ёнмай тургани яхши экан…

Айни шу пайтда уй эшиги очилиб, ичкарига кириб келишган акам ва қўлида иккита нон, бир коса қаймоқ кўтарган янгам онамнинг нигоҳини ўзларига қаратишди. Мен янгам билан сўрашар эканман, акам икковларига ич-ичимдан раҳмат айтардим…

Қаймоқ тўла коса яримлай деганда, катта опам, поччам жиянларимни эргаштириб кириб келишди. Иссиққина қовоқ сомса олиб келибдилар. Чироқни олтида беришган бўлса, қачон сомса пиширишга улгурдилар экан!

Даврада кичик опам ва поччам етишмасдилар. Улар Россияга мендан олдин кетишган, Екатеринбургда ишлашади. Катта жияним ўша ердаги мактабда ўқийди, кичиги боғчага борар экан. Поччам ҳам, Ҳури опам ҳам Россия фуқароси бўлиб олишган. Шу Тожикистонда икки фуқароликка ижозат берилгани яхши-да.

Уйдагилар мени уйлантиришмоқчи

Суҳбатим айни қизиб турган пайтда чироқ ўчди. «Саккиз бўлди», деди акам очикдан-очиқ тўнғиллаб.

- Ўғлим, ишингдан кечикмагин, мактаб болаларинг қараб қолишмасин, - дедилар онам акамга майингина.

- Бугун ҳордиқ-ку онажон, - деди акам жилмайганча.

- Эсим қурсин, қарисанг, куннинг саноғини ҳам билмай қоларкансан, - дедилар онам ва шу заҳоти опамга юзландилар. – Сизлар ҳордиқ куни одам кўп бўлади, дердинглар, бозор-га бориб дўконларингни очмайсизларми…

Бундан етти-саккиз йил олдин хитойлик уйғурлар билан биргаликда очилган ва ўша пайтдаги номи билан ҳозиргача одамлар «Атуш» деб аташадиган бозорда поччам ва Ну-ринисо опамнинг дўконлари бор. Поччам Хитойга, Бишкекка бориб мол олиб келади. Опамнинг айтишларича, тирикчиликлари шу дўкон ортидан ўтяпти экан.

- Бугун бир-икки соат кейинроқ борсак харидорлар қочиб кетмас, - деди опам жил-майганича.

- Майли, қизим, савдоларингни баракасини берсин, - дедилар онам қўлларини дуога очганча.

Яна бир соатча суҳбатлашиб ўтирдик. Опам билан поччамни кузатиб келар эканмиз, акам ҳовли тўрига бошладилар.

- Умид, бир кўрчи, уйингни ўзинг юборган чизмага ўхшатибмизми, - дедилар акам семент пойдевори бир метрдан ортиқ уйни кўрсатиб.

Томи ёпилган уйнинг ташқи томони икки қарич келадиган семент ғишт билан кўта-рилган, ички томонига эса, пишган ғишт урилганди.

- Ички пардози қолди, яна бир уринсак, битиб қолади, - акам шундай деганча менинг қўлтиғимдан тутди. – Мен келинчак янги уйга тушишини истардим, лекин онам укангни қачон уйлантирасан, деб қўймаяптилар. Тўй бошлаймиз, ука.

Мен индамадим. Уйланиш ҳақидаги гаплар менга неча марта телефонда ҳам айтилган. Мен ҳар гал вақти-соати келса, уйланаман, дердим. Акамга яна шу гапимни такрорладим.

- Ука, сен тенгиларнинг иккитадан боласи бор, онам уйимда тўй-томоша бўлса, келин-нинг қўлидан ош есам, дейдилар.

- Ака, яна бир йил ишлаб келайин, уй битсин, ана кейин тўй қилсак ярашади.

Прастатитми деган бир бало

Хуллас, акам мени гапига кўндира олмади. Икки кундан кейин поччам зиёфат бериб, мени уйларига чақирганларида яна уйланиш ҳақида гап очилди.

- Умиджон ақлли йигит экан, шароитни яратиб қўйиб уйланганга нима етсин, - деди поччамнинг акаси чой ҳўплаб-ҳўплаб. - Ўтган ой Исфарадаги осойишгоҳда дам олдим. Прас-татитми, простатитми, деган бир бало чиқибди. Рассиядан келган йигитларнинг кўпи ана шу прастатит билан оғриган экан. Кўпи йигирма беш-ўттиз беш ёшли айни қирчиллаган ёшдаги йигитлар. Энди истасанг-истамасанг одамнинг кўзи тушар экан, муолажа олаётганимда айрим йигитлар кўзларини олиб қочишарди. Мум қуядиган йигитлар уларни она-дан туғилгандек қип-яланғоч бўлишга мажбурлашарди. Орқа-олдиларига қайноқ мум қў-йиб кетишарди.

- Сиз айтган беморликни бавосил деб ҳам аташади, - деди поччамнинг духтур қўшнилари. - Шамоллашдан, кейин… айтаверайми, - духтур менга қараб олди. – Кейин бавосил уйланган йигитларнинг неча ойлаб хотинидан, хотиндан узоқ юришидан ҳам келиб чиқа-ди.

- Йигитлар ҳам нима қилишсин, ўзимизда тузукроқ иш бўлганда, бола-чақасини ташлаб Россия тарафларга кетмаган бўлишарди, - акам суҳбат жиловини бошқа томонга буришга интилдилар.

- Ҳамма бало шунда-да, иним, - деди духтур. – Мана поччангиз яхши биладилар, уч ой олдин қўшнимиз – йигирма икки яшар йигит уйланди. Тўйига бир ой ўтмасдан ёш келин-чакни ташлаб, Россияга жўнаб қолди. У ёқдан шериклари телефон қилишибди, тез келмасанг ишингдан ажраб қоласан, ўрнингга бошқа одам олишмоқчи дейишибди.

- У ёққа бориб бошқа биронтасини топиб олмагин бўлмасин, - деди поччамнинг акаси.

- Илоҳим, шундай бўлмасин, - деди духтур. - Гулдек хотинини, уч-тўртта қоракўз фарзандини унутиб, етти-саккиз йилдан бери бир марта оиласидан хабар олмаётган эркаклар йўқми? Ана нариги маҳалладаги электрик, беш йилдан бери уйига келмайди, хотини су-риштирса, ўша ёқда биттасига уйланиб, иккита болали бўлибди.

- Худо ҳаммага инсоф берсин, - ҳалидан бери гапга аралашмай, жимгина тинглаб ўтирган эллик ёшлардаги киши – поччам яшайдиган маҳалладаги масжид имоми ҳаммага бир-бир қараб чиқди. – Аслида эр-хотин бир ерда яшасин. Узоқ давом этмайдиган сафарлар бундан мустасно. Олис юртда ишлайдиган эр киши уйланган бўлса, иложини топиб, тез-тез уйига келиб кетсин. Бунинг иложи бўлмаса, ўша юртдан бирон бошпана топиб хотини, болаларини олиб кетсин…

Мен бу суҳбатни анчагача унута олмадим. Кўз олдимдан ўзим билган одамлар ўтаверишди. Ана мен билан қурилишда бирга ишлайдиган уч боланинг отаси хотинига талоқ беряпти. У Москвада ўзимиз томондан келган бева бир аёлга уйланиб олганди. Ана ҳам-хонамнинг қирққа кирган ҳамқишлоғи бошини деворга урганча унсиз йиғлаяпти. У наф-сини тия олмасдан маҳаллий аёллар билан яқинлик қилиб юрар экан, нимагадир қонини текшириш учун топширса, ВИЧга чалинганини айтишибди…

Шу пайт қайси бир вебсайтда ўқиганларим эсимга тушади. Тожикистонда СПИД, ВИЧга чалиниш тобора кўпайиб бораётган экан. Бундан ўн уч йил олдин бор-йўғи 12 та одамнинг Вичга чалингани аниқланган экан. Ҳозир уларнинг сони минг-мингга етибди. Илгари бу хавфли касаллик бир игнадан фойдаланадиган бангилар ва эгриоёқ аёллардан юқар экан. Энди Россияда ишлаётган тожикистонликлар ҳам бу касалликни орттиришаётган экан. Устига уларнинг кўплари уйларига борганда аёлларига ҳам Вич юқтиришибди. Аслида бу ўта даҳшат. Лекин ундан ҳам даҳшатлиси, ана шу эркак-аёллардан туғилаётган гуноҳсиз чақалоқлар ҳам Вичга мубтало экан…

Мен қайси қишлоққа келиб қолдим?

Мен акамни ҳам, онамни бу йил тўй қилмасликка кўндирдим. Келаси ёзда уйланишга ваъда бердим. Унгача янги уй битишини, тўйга унча-мунча пул жамғаришни ўйладим.

Акамга ҳам қойил. Уй мен Москвадан юборган чизмадан қилча четга чиқмасдан қурила-ётганди. Ошхонаси ҳам ичида бўлади. Бир томонда ҳаммом. Онам қариганларида ҳузур қилиб яшасинлар.

Қишлоқни айланганимда уч йил орасида янги-янги уйлар қурилганини кўрдим. Бир қа-ватлиси ҳам бор, икки қаватлиси ҳам бор. Айримлар чордоқни баландроқ кўтариб, боло-хона қилиб олишган.

Лекин ана шу янги, чиройли, дид билан бўялган уйларнинг ёнида пастқам, кўримсиз уй-лар, гувала деворли ҳовлилар ҳам йўқ эмасди.

- Хайрият, Россия бор экан, қара, одамлар кимўзарга уй қуришяпти. Ўн-ўн беш йил ол-дин одамлар уйларини бузиб, дераза-эшик, ёғоч-тахталарини сотишарди.

Акамнинг бу гапларини ўйлаб борар эканман, Россияда пул осон топилмаслигини, қу-рилишда йиқилиб, мажруҳ бўлган одамларни, қаҳратон қишда томга чиқиб, қор тозалаёт-ган, ҳовли тозалаётган фаррошларни ҳақорат қилаётганликларини, поччамнинг қўшнила-ри гапирган «прастатит»ларни эслардим.

Ёнимиздан эса, акамнинг «Жигули»ларини ортда қолдириб гоҳ «Опел», гоҳ «Мерсе-дес», гоҳ «БМВ» ўтиб кетарди.

Болалигимда, эсимда бор, маҳалламизда иккитами-учтами, машина бўларди. «Жигули», «Москвич», битта эски «Волга». Энди, акамнинг айтишларича, баъзи ҳовлиларда икки-уч-тадан машина бор экан.

- Лекин опел-попелларини ўзимнинг «Жигули»мга алмаштирмайман. Э, ҳаммаси урилган-сурилган мошинларни у ёқ-буёғини ямаб-ясқаб, устини янгилаб, бўяб бизга жўнатишади. Елим қутичага ўхшайдиган мошинлари озгина қадоққа дош бермайди-ю…

Акамнинг гаплари бир томондан тўғри эди. Лекин мен қишлоғимизда кам кўрган бўлсам-да, Хўжандда яп-янги иномаркаларни ҳам учратдим. Тез-тез учратдим.

Умид,

она қишлоғим.