Музда йиқилган ўзбек Москва полициясидан нега ўлик чиқди?

  • 18 Декабр 2013
Баҳодир Қўчқоровнинг нима сабабдан ўлгани борасида бирон расмий сабаб кўрсатилмаяпти

14 декабрь куни Москва вилоятининг Домодедово шаҳри полиция бўлимида этник келиб чиқиши ўзбек бўлган Баҳодир Қўчқоровнинг ўлиги чиқди.

Уч кун ичида бутун Россия матбуотида мазкур ҳодиса юзасидан турли хабарлар тарқади. Бош сарлавҳаларда "гиёҳванд ўзбек" полиция бўлимида шахсини аниқлаш чоғида вафот этганини ёзилди.

Аввалига маст ҳолатдаги касалхонага келтирилган муҳожир касалхонага ётишдан бош тортганини ёзган матбуот икки кун ичида марҳумни гиёҳванд дея тасвирлай бошлади. Илк хабарларда унинг тутқаноқ касалидан вафот этгани билдирилган эди.

Марҳумнинг қариндоши Би-би-сига билдиришича, 43 ёшли Қўчқоров Баходир Шахобиддинович тожикистонлик ўзбек бўлиб, иккита фуқароликка эга эди. Фожеа содир бўлган куни ҳам марҳумнинг ёнида Россия ва Тожикистон паспортлари бўлган.

Хўш, ёнида паспорти бўлган кишини касалхонадан полиция бўлимига олиб бориб шахсини аниқлашнинг нима зарурати бор эди?

Илк маълумотлар 15 декабрь куни Россия Федерациясининг Тергов қўмитаси ва Ички Ишлар Вазирлигининг Москва вилояти бошқармаси сайтлари томонидан берилди.

"14 декабрь куни Тожикистон фуқароси касалхонага ётишдан бош тортгани учун полиция бўлимига олиб борилган ва шахсини аниқлаш чоғида вафот этган. Суриштирув ишлари давом этмоқда" дейилади Тергов қўмитасининг расмий сайтида.

"Домодедово туман касалхонаси қабулхонасига гиёҳванд модда таъсиридаги Ўзбекистон фуқароси келтирилган ва касалхонага ётишдан бош тортганлиги учун полиция бўлимига олиб борилган. Шахсини аниқлаш чоғида тутқаноқ касали тутиб вафот этди", деб ёзди Ички Ишлар Вазирлигининг Москва вилояти бошқармасининг расмий сайти.

Биз марҳумнинг яқинлари билан гаплашишга муваффақ бўлдик.

"Ўзбекчилик"

Уларнинг ҳикояси матбуот тарқатаётган маълумотлардан фарқ қилади. Марҳум аммасининг ўғли, Россияда истиқомат қилувчи Худойшукур Холматовнинг айтишича, воқеа Баҳодир аканинг йиқилиб тушганидан бошланган.

"Баҳодир акам ўша куни музда сирпаниб орқаси билан йиқилганди. Ҳушидан кетган экан, кўчада кўрган руслар "ҳамюртингиз йиқилди" деб ўша ердаги ўзбекларни чақирган. Яқинлари етиб бориб, ёрдам кўрсатган. Тўғри, эпилепсияси бор эди. Йиқилганда ҳам тили орқага кетиб қолган экан. Жиянимиз қошиқ билан тилини тортиб, ўзига келтирган. Кейин "Тез ёрдам" чақиришган. Яқинлари ҳеч бирининг хужжатлари жойида бўлмагани учун касалхонага бирга боришмаган. Россия фуқаролигини олган, ўзи шифокорга кўриниб қайтиб қелади, деб ўйлагандик. Бироқ Баҳодир Қўчқоров шифохонадан полиция бўлимига олиб кетилган," - дейди у.

Жаноб Холматов ўз қариндошининг гиёҳванд моддалар таъсирида бўлгани борасидаги хабарни рад этади.

"Баҳодир акам оз-моз ичиши мумкину, лекин ҳеч қачон гиёҳванд моддаларга яқин йўламаган. Полициячилар чўнтагидан топилган носни асос қилиб олишди, шекилли. Нос гиёҳванд модда эмаску!"

Мазкур воқеа юзасидан Россия Федерациясининг Ички Ишлар Вазирлиги Москва вилояти бошқармаси Би-би-си сўровларига ҳеч қандай маълумот ва изоҳ бермаяпти.

"Иш ҳали ёпилгани йўқ, тергов ишлари кетаяпти," - деди бошқарма қабул бўлими ходими. У ўзини таништиришдан бош тортди.

Домодедово шаҳар касалхонаси қабулхонасидан эса "Бу масала юзасидан Ички Ишлар Вазирлигига мурожаат қилинг," - деган жавобни олдик.

Қабулхона бош шифокор билан боғланишимиз юзасидаги илтимосни ҳам рад этди.

17 декабрь куни Баҳодир Қўчқоровнинг жасади Тожикистонга олиб борилиб тупроққа қўйилди. Баходир Қўчқоровнинг энг яқин қариндошлари жасадни Россиядан олиб кетишган. Суд тиббий экспертизаси ўтказилмади.

"Ўзбекчилик, текширтириб ўтиришмади. Шусиз ҳам жасад уч кун сарсон бўлган эди," - дейди марҳумнинг қариндоши.

Аммо у бу воқеани очиқ қолдирмоқчи эмас. Мазкур иш юзасидан инсон ҳақлари фаолларига мурожаат қилди.

"Музда тойиниб йиқилган одам полиция бўлимида ўлиб кетаверса, бу нима деган гап? Бунинг устига Россия фуқаролигини олган, оқ-қорани таниган одам бўлса," - дейди у.

Марҳум Баҳодир Қўчқоров оиласи, уч нафар фарзанди билан Москва шаҳрида савдо билан шуғулланиб келган.

Бу воқеа Россияда полиция бўлимида қурбон бўлган ўзбеклар билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас. Муқаддам Хабаровск, Владимир, Ростов, Петербург вилоятлрида ҳам полиция бўлимидан ўзбек муҳожирлар жасадлари чиққан.