Президент Раҳмон атрофида "шахсга сиғиниш" кўплаб тожикларни хижолатга қўймоқда

  • 17 Декабр 2013
"Биз Сиз билан Имомали Раҳмон жаноби олийлари", дейилади мана бу ерда

Душанба куни Тожикистон парламенти ҳар икки палатаси қўшма мажлисида Президент Раҳмон вазифасини адо этишга киришиши ортидан тайинлаган ҳукумат таркиби тасдиқланди.

6 ноябр куни мамлакатда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтган ва жорий президент яна етти йилга қайта сайланганди.

Президент Имомали Раҳмон Тожикистонни 1992 йилдан бери бошқариб келади.

Янги Вазирлар маҳкамасининг эса, бир овозда ва ҳеч бир эътирозларсиз тасдиқланишига шубҳа қилинмаган.

Аввалроқ, Президент Раҳмонни ҳукумат аъзоларининг лаёқатсизлиги ва кадрлар сиёсати самарасизлиги учун танқид остига олинганди.

Сайловолди тарғиботлари чоғи давлат раҳбари жиддий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, ҳукумат бошқарувига ёшларни ҳам жалб этиш ваъдасини берганди.

Кузатувчиларга кўра, Вазирлар маҳкамасида янги сиймолар пайдо бўлган бўлса-да, уни бутунлай янги гуруҳ дейиш мушкул.

Маълумки, асосий лавозимлар учун кўрсатилган 23 номзоддан 11 нафари Хатлон вилояти (Президент Раҳмоннинг она юрти)дан ва ярмини вилоятнинг Данғара туманидан бўлганлар ташкил қилади.

Уларнинг аксари бунгача ҳукуматдаги турли вазифаларда ишлашган.

Экспертлар бошқарув тизимида урғу-аймоқчиликнинг кучайиши ва қудрат бир оила қўлида тўпланаётганидан жиддий хавотир билдиришади.

"Чаноби Оли"

Собиқ СССРда яшаган ҳар бир одам коммунист йўлбошчилар портретлари, бюстлари, уларни завқ-шавқ билан мадҳ этувчи шеърлару китобларни яхши эслайди.

Шўролардан кейинги Тожикистонда ҳам ўтган 20 йиллик мустақиллик даврида айни борада кўп нарса ўзгаргани йўқ.

Республикада шўролардан қолган амалдорларга итоатгўйлик анъанаси нафақат яшаб қолди, балки янги кўринишларда қулоч ёйди.

Президент Раҳмон тарафдорлари ватан учун қилаётган кўплаб хизматларига ишора қилишаркан, халқнинг давлат раҳбарига нисбатан муҳаббатида ҳеч қандай ножўя жиҳат кўрмайдилар. Мухолифлар эса, шахсга сиғиниш томон борилаётгани ҳақида эҳтиёткорлик билан гапирадилар.

Президент ва унинг оиласи юзасидан муҳокамаларга очиқ тақиқ қўйилмаган. Бироқ, ҳукумат таъқибидан қўрққан жамоатчилик бу мавзуни имкон қадар кам кўтаради.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга нисбатан "Чаноби Оли" - "Жаноби Олийлари" дея мурожаат қилиш одат тусига кирган.

Бу нафақат тожик амалдорлари, балки мамлакат аҳолиси учун ҳам расмий атамага айланган.

Президентга "муҳаббат" ўнгу сўлингизда...

Давлат раҳбарига халқ ва амалдорларнинг муҳаббати, айниқса, йўллар ва шоҳйўллар бўйлаб осилган рекламалар, шаҳарлар ва туман марказлари кўчаларидаги сон-саноқсиз эълонлару плакатларда кўринади.

Мамлакатдаги ҳар бир туман ва вилоятда Раҳмоннинг алоҳида портрети бор ва улар айнан ўша минтақада кечаётган ҳодисаларга боғлаб ишланган.

Масалан, Роғун шаҳрига кираверишдаги суратда қурувчилар каскасини кийиб олган Президент мамлакат учун стратегик муҳим ҳисобланган ГЭС қурилиши ва иншоотлари манзарасида акс этади.

Боғдорчиликка ихтисослашган туманларда эса, давлат раҳбари мевали боғлар ва узумзорлар орасида кўринади.

Суратларга Раҳмон жаноблари нутқларидан олинган иқтибослар ва президентларидан миннатдор одамлар тилидан янгараган улуғловчи сўзлар қўшимча қилинади.

Имомали Раҳмоннинг бошқарувдаги Тожикистон халқ-демократик партияси эса, президент суратлари билан рекламалар кўплаб мамлакатларда одатий ҳол экани, мақсад раҳбарнинг баёнотларини халққа етказишлигини таъкидлайди.

"Биз президентнинг энг аниқ-лўнда қилиб айтилган сўзларини танлаймиз. Телевизион чиқишини кўришга улгура олмадингизми, кўчада ундан иқтибос бор. Ўқийсиз. Эслаб қоласиз. Тез, қулай ва осон. Бир томондан бу - реклама, бошқа тарафдан - ҳар биримиз учун фойдали маълумот", дейди Тожикистон Халқ Демократик Партияси матбуот котиби Усмон Солиҳ.

Партиянинг урғулашича, Президент Раҳмоннинг ўзи мазкур ишни ёқламайди, аммо сиёсий уюшма буни мамлакат учун зарур ҳисоблайди.

Бу эҳтимолки, Халқ Демократик Партияси ва Президентнинг қарашлари бир-бирига мос келмайдиган ягона масаладир.

"Тожикистонда 80-90 йиллар охири ва ўтган аср бошларида мамлакат раҳбарини кўкка кўтаришдек шўроча анъана урфдан қолганди. Аммо, ҳозир шахсга сиғиниш яна жонланмоқда ва бу билан Президент Раҳмон жамоасидаги собиқ совет сиёсий ходимлар шуғулланишмоқда. Улар Президентга садоқатларини намойиш этишга уринишади", дейди Марказий Осиёдаги "Овроосиё" жамғармаси директори Равшан Абдуллаев.

"Одамлар бу суратларни ҳар доим кўраверишса, уларга эътибор бермай қўядилар. Ҳукуматда сарфлаши керак бўлган катта ҳажмда маблағ пайдо бўлган. Маблағнинг маълум қисми ташқи реклама ва тарғибот учун сарфланади", дея қўшимча қилади Равшан Абдуллаев.

Фотосуратлар, плакатлар, календарлар ва кўргазмалардан ташқари Тожикистон аҳолиси Президент жанобларини вилоятларга сафарлари чоғи жонли кўриш имкониятига ҳам эга бўладилар.

Президент қўшиқлар куйлаб, рақслар тушиб, шеърлар ўқиб кутиб олинади.

Кўпда уни подшоҳ, халоскор атаб, оёғи остига гулбарглар тўшалади. Гуллар учун каттагина пуллар сарфланади.

Президент билан учрашувга олдиндан ҳозирлик кўрилади: йўллар ёпилади, қатновлар тўхтатилади, у ўтадиган кўчалар супириб-сидирилади.

"Қош қўяман деб кўз чиқариш"

Давлат раҳбари...

"Маслаҳатчилар ва президент фаолиятини ёритишга масъуллар, кўпинча қош қўяман деб кўз чиқаришади. Натижада бунақа пиар тескари натижа беради. Одамлар ижобий ахборотни қабул қилишдан тўхташар экан, мунтазам такрорлаш қилинаётган барча ишларга бирйўла беэътибор бўлишларига олиб келади. Бу тарғибот билан шуғулланаётганлар ўта бесавод мавқеъни танлашган", дейди Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари фаоли Ойнихол Бобоназарова.

Жаноб Раҳмоннинг учрашувлари пайти давлат телерадио каналлари режаланган дастурларини бекор қиладилар.

Ахборот воситалари бир неча кун давомида қайта - қайта телеҳисоботларни намойиш этади.

Эфирдан Президент Имомали Раҳмонни улуғловчи, "Халқ отаси", "Подшоҳлар подшоҳи", "Миллат халоскори" каби сарлавҳалар остидаги шеърларни бир марта эшитмайсиз.

"Баъзи хитоблар у қадар ижобий бўлмаган муносабатларни келтириб чиқаради, улар мазах қилинади. Итоатгўйлик анъанаси кўплаб собиқ давлатлари, масалан, Қозоғистон ва Озарбайжонда ҳам мавжуд, аммо бу ҳар қандай ҳолатда ҳам акс натижа беради. Ва Тожикистон президенти ўз қўли остидагиларга буни тақиқлаб қўйиши керак", деб ҳисоблайди Ойнихол Бобоназарова.

Бир неча йил аввал Президент Раҳмон плакатлар ва суратлар осишни маън этганди.

Ўшанда президент матбуот хизмати Тожикистон раҳбарининг норозилигини айрим амалдорлар ушбу суратлардан шахсий мақсадларда, давлат манфаатларига тааллуқли бўлмаган масалаларни ҳал этишда фойдаланганлари билан изоҳлаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ