Жиноий иш очилиши билан Бишкек ҳокими истеъфо берди

  • 4 Декабр 2013
Иса Омурқулов Бишкекка уч йил ҳокимлик қилди

Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг ҳокими Иса Омурқулов ўзига қарши очилган жиноий иш манзарасида истеъфо берган. Жаноб Омурқулов истеъфога чиқаётгани борасида матбуот анжуманида эълон қилди.

Душанба куни Қирғизистон Бош прокуратураси Иса Омурқуловни Бишкекдаги Победа истироҳат боғининг чегараларини ноқонуний белгилашда гумон қилиб, унга қарши жиноий иш очганди.

Прокуратура қўлидаги ҳужжатларга биноан жаноб Омурқулов боғнинг ҳудудини анча кичрайтирган, чегарадан ташқарида қолган ерларда эса қурилишлар юз беришига имконият яратиб берган.

Жиноий иш Қирғизистон Жиноий Кодексининг 305-моддасига биноан, "Ер қонунчилигини бузиш" айби билан очилган.

Бироқ, жаноб Омурқулов истеъфоси жиноий иш билан боғлиқ эканини рад этди.

У 2010 йил 8 апрелидан бугунгача "халқ фаровонлиги" йўлида ишлагани, Бишкек бозорларини тартибга келтиргани, ноқонуний савдони тўхтатгани, ҳамда 118 чақиримлик йўлларни таъмирлаганини айтди.