Ўзбекистон ва Туркманистон товар айланмасини кўтаришга бор кучини ташламоқчи

  • 26 Ноябр 2013

Икки давлат ўртасида савдо айланмаси 450 миллион долларни ташкил қилади.Ўтган 2012 йили йилнинг ичида савдо айланмасида ҳеч қандай ўсиш кузатилмаган. Икки давлат раҳбари ушбу кўрсатгични оширишга келишиб олган.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга расмий ташрифи давомида яна бир қатор ҳужжатлар имзоланган.

Туркманистон президенти савдо-иқтисодий муносабатлар масаласида икки давлат транспорт транзит соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини урғулаган.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қўшма баёнот имзолади.

ЎзА ахборот агентлигининг ёзишича, “икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида маданий-гуманитар соҳада 2014-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Жиноий йўл билан орттирилган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди”.

Шунингдек, икки мамлакатнинг кимё саноати ва туризм компаниялари, ахборот агентликлари, товар-хомашё биржалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланган.

Икки давлат ўртасида 2012 йили савдо айланмаси 450 миллион доллардан ортиқроқни ташкил қилган. 2012 йилнинг сентябр ойида тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек-туркман комиссияси йиғилишида Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев икки йилнинг ичида икки давлат ўртасида савдо айланмасини 1 миллард долларга чиқариш имкониятлари мавжуд эканлигини билдирган эди.

Бироқ ўтган бир йилнинг ичида савдо айланмасида ўсиш ҳолати кузатилмаган. 2011 йили 454 миллион долларлик савдо айланмаси бўлган бўлса, 2012 йили ҳам ушбу кўрсатгич қайтарилган.

Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов гап рақамларда эмаслигини, балки икки давлат ўртасида ҳамкорликнинг мавжудлигида эканини айтади.

“Ўйлашимча, Туркманистон президентининг ташрифи давомида қандай шартномалар қабул қилингани, қандай баёнотлар қабул қилинганидан қатъий назар ташрифнинг ўзи муҳим. Марказий Осиё минтақасида қўшни давлатлар билан муносабатларни фаол ҳолатда сақлаб туришимиз керак”, - дейди Фарҳод Толипов.

Сиёсатшуносга кўра Туркманистон раҳбари билан Ўзбекистон раҳбарининг ҳар йили учрашиб туриши бу рамзий маънога эга бўлган фактдир.

“Бу иккита давлат ўзининг муносабатларини актив ҳолда сақлаб туришибди.Бир бирига бўлган эътибори ҳеч қачон сустлашмаяпти, ҳамкорликка бўлган ният ва мақсадлари доим ўсиб бораяпти деган мессаж бу. Мана шу нуқтаи назардан Туркманистон Ўзбекистон муносабатлари яхши ривожоланаяпти деб баҳолашимиз мумкин”, - дейди Фарҳод Толипов.

Сиёсатшуноснинг айтишича, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар илиқлиги билан Марказий Осиёнинг Тожикистон ва Қирғизистонига қараганда ажралиб турибди.