BBC navigation

Тожикистонда зилзиладан зарар кўрганлар ёрдамга муҳтож

Сўнгги янгиланиш 14 ноябр 2013 - 10:35 GMT

Тожикистонда якшанба куни содир бўлган 5,2 баллик зилзиладан сўнг, Ваҳдат туманидаги юзлаб оилаларнинг уйлари вайрон бўлиб, кўчада қолишган.

Аксарият одамлар, ярми қулаб тушган уйларида ухлашга қўрқиб тунни кўчада ўтказишмоқда.

Улар орасида болалар ва ҳомиладор аёллар бор.

Бошпанасиз қолган ваҳдатликлар тоза сув танқислигидан қийналаётганларини айтишган.

Кундузи 5-10, кечқурун 0 даражагача тушган совуқ вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Расмий хабарларга кўра, 5 баллик зилзиладан Тожикистон жануби-шарқидаги 12 қишлоқ аҳолиси зарар кўрган. 104 уй тўлиқ вайрон бўлган, 259 таси қисман ўпирилиб тушган.

Тиббий ёрдам бўлими биноси ҳам бузилгани сабабли, жароҳатланганларга уйлардан бирида ёрдам кўрсатилмоқда. Шу пайтгача 50 га яқин киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Қишлоқлардаги уйлар асосан лой ва хом ғиштдан қурилгани учун ер силкинишига бардош беролмаган. Ҳукумат тарқатган чодирлар ҳаммага етмаганлиги сабабли, кўпчилик очиқ ҳавода ёки машинасида тунни ўтказишга мажбур. Битта чодирда эса 10-15 кишидан яшаяпти.

Қишлоқларда ишсизлик юқори. Одамлар уйларини қайта тиклаш учун пуллари йўқлигини, ҳукумат ҳозирча фақат озиқ- овқат билан дастлабки ёрдам бергани, лекин у ҳам арзимас эканлигини айтишган Би-би-си мухбирига.

"Кундуз кунлари болалар билан бир илож қилиб ташқарида ўтказамиз, кечқурунлари совуқ. Иссиқ овқат йўқ. Юпқа чодирларёмғирдан сақлаши мумкин, лекин ҳадемай қиш келганда нима қиламиз?", деб айтади қишлоқ аёлларидан бири.

Ваҳдатдаги ўрта мактаб биноси ҳам қулаб тушган. Маҳаллий ҳукумат қурилиш кейинги йилда битишини айтган. Шундай экан, болалар қишда ҳам чодирларда дарс ўтишларига тўғри келади.

Қишлоқлардаги кўпчилик эркаклар Россияга ишлашга кетишади. Лекин қиш мавсумида уларнинг аксарияти қайта бошлаган. Энди улар оилани боқиш билан бирга, янги бошпана қуриш ташвишида ҳам қолганлар.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.