BBC navigation

Имомали Раҳмон оиласининг Тожикистондаги қудрати

Сўнгги янгиланиш 6 ноябр 2013 - 12:32 GMT

Тожикистоннинг ҳамма жойида Имомали Раҳмоннинг улкан суратларига кўзингиз тушади.

Душанбе шаҳри марказидаги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги биноси олдида улкан паннода Имомали Раҳмон ҳосил йиғиб олинаётган майдонда буғдой дастасини қўлида кўтариб тургани тасвирланган.

Мамлакатда мавжуд юзлаб шундай суратлардан бири гўёки одамларга Тожикистон президентининг 21 йиллик бошқаруви пайтида қандай улкан ютуқларга эришганини гўёки эслатиб туради.

Президент Раҳмоннинг тўққиз фарзанди бор. Аксарият тожиклар унинг ҳамма етти қизи ва икки ўғлини номма-ном санаб беришлари мумкин. Лекин улардан иккитаси айниқса машҳур - қизи Озода ва ўғли Рустам Имомали.

Оилада иккинчи фарзанд бўлган Озода ҳозирги мавқеи Ташқи Ишлар вазири ўринбосари лавозимига келгунча Тожикистоннинг Вашингтондаги элчихонасида маданий ишлар бўйича атташе бўлиб ишлаган.

Озоданинг турмуш ўртоғи Тожикистон Молия вазири ўринбосари Жамолиддин Нуралиев- айтишларича, мамлакатдаги энг бадавлат одамлардан биридир.

Озоданинг укаси 26 ёшли Рустам Душанбенинг Истиқлол футбол жамоаси собиқ ўйинчиси бўлган, айни пайтда Тожикистон божхона хизмати раҳбари ўринбосари, шунингдек Тожикистон Футбол федерацияси президенти ҳисобланади.

Кўп таҳлилчилар фикрича, Озарбайжонда Алиевлар оилавий бошқарувидан кейин, бу ерда яна тахминлар, миш-мишлар борки, Рустам 2020 йилги сайловларда отасининг меросхўри сифатида тайёрланмоқда.

Рахмоннинг бошқа қизларининг эрлари ҳам юқори лавозимларни эгаллашган.

Улардан бири Шамсулла Соҳибов, ҳозирги пайтда Тожикистоннинг Лондондаги атташеси. Бошқаси, Муҳаммадзоҳир Соҳибов мамлакатнинг чет эл билан савдо алоқаларига жавоб беради.

Президент Раҳмон ва оиласининг суратлари гиламларга ҳам босилган.

Ушбу ҳолат Тожикистондаги мухолифатнинг баъзи раҳбарларини ғазабини қўзғайди.

"Мамлакатнинг 50 фоиздан ортиқ иқтисодий имкониятлари ва объектлари биргина шу оилага қарашли", деб айтади Социал демократик партиянинг раҳбари Раҳматулла Зоиров. "Улар уни бошқариб, эгалик қилиб олишган. Бу жуда ҳам кўпдир".

Оиланинг яна бир аъзоси, Тожикистонда тез-тез тилга олинадиган шахс президентнинг қайноғаси Ҳасан Ассадуллоҳзодадир.

У мамлакатдаги йирик банклардан бири, Тожикистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиладиган "Орионбанк"нинг хўжайини. "Орионбанк" мамлакатдаги катта корхоналарнинг ҳиссаларига эгалик қилади.

Айни пайтда Молия вазири, илгари "Орионбанк"нинг раҳбари бўлган Умед Давлатзод банк, оила ва катта бизнес ўртасида айланади.

"Мен учун сиз айтаётган "Орионбанк"ка қарашли барча ширкатларнинг яхши ишлашини билиш муҳим",- деб айтади у." Бизнинг вазифа ишлаб чиқаришни ошириб одамларимизни иш билан таъминлаш ва мамлакат хазинасига ҳисса қўшиш".

Президент тарафдорлари, жумладан кекса сиёсатчи Султон Мирзошоевнинг таъкидлашича, жаноб Раҳмон ишончли ва салоҳиятли инсонларни ўз атрофида бўлишини хоҳлаши бу табиий, уларнинг баъзилари президентнинг қариндошлари бўлиб чиққани аслида унча аҳамиятга эга эмас...

"Бизнинг президентимизнинг фарзандлари кўп ва танишлари ҳам кўп бўлиши табиий", деб айтади у Би-би-сига берган интервьюсида. "Сизнинг фикрингизча, улар президент оиласига мансуб бўлганликлари учун Тожикистонда ишлашлари мумкин эмасми? Албатта улар ишлашлари керак. Бундан ташқари улар боқиманда эмас, ҳаммалари ўқимишли ва тажрибали кишилар".

Тожикистоннинг биринчи оиласи ҳаёти хавфсизлик хизмати томонидан қаттиқ қўриқланади, лекин шунга қарамасдан баъзида уларнинг ҳаёт тарзи ҳақидаги маълумотлар оммага ошкор бўлиб қолади.

Шу йил, бундан бир неча ой олдин ижтимоий тармоқларда президент ўғли Рустамнинг никоҳ тўйи маросимидан лавҳалар тарқалиб кетди.

Лавҳаларда президентнинг иштиёқ билан рақсга тушаётгани, қўл остидаги раҳбарлардан бирига муомаласи, қўшиқчи аёл билан бирга қўшиқ куйлаш каби тўйдаги баъзи ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда киноя ва кулгига сабаб бўлди.

Кузатувчилар ҳам тезликда ҳукуматнинг расмий меҳмонлар саройида нишонланган саккиз соатлик дабдабали зиёфат Раҳмоннинг оддий тожикистонликлар учун жорий қилган катта пул сарфлашни тақиқлайдиган уч соатлик оддий маросимлардан катта фарқ қилишини кўрсатишга интилдилар.

Олмонияда яшаётган мухолифат фаоли Додожон Атоуллоев Раҳмоннинг ўғли тўйини ўзининг интернетдаги каналида таржима қилиб намойиш этди.

Бу лавҳалар берилгач, кўп ўтмай Атоуллаев Москва аэропортида қисқа муддатга ушланиб, сўнгра Гуржистонга сафарига рухсат берилмади. Атоуллаев бу воқеани тўй лавҳалари акс этган видеони жойлаганига нисбатан жавоб деб билади.

"Кейинроқ маълум бўлдики, Раҳмон тузуми менинг номимни Интерпол тармоғи бўйича террорист деб қидирувга берган экан", дейди у. "Мен айтмоқчи бўлганим, оилавий алоқаларга асосланган бу ҳукумат одамлар ҳақида қайғурмаслигини кўрсатиш эди. Улар Тожикистонни оилавий тижоратга айлантиришди".

Лекин мамлакат ичкарисидаги тожикларнинг жуда оз қисмигина бир оила қўлида тўпланган қудратга очиқ норозилик билдиришга тайёр.

Баъзилар бошқарувдаги оиланинг ҳукмронлиги қолдирадиган асоратлардан хавотирланади.

Мамлакатдаги коррупцияга қарши қонунчиликда раҳбар ходимларнинг ўз қариндошларига иш бериши, уларни атрофига тўплаши тақиқланади.

Нега, деб савол беради журъатли тожикистонликлар, президент ўзи чиқарган шахсий қонунларига амал қилмайдими?

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.