Президентлик сайлови: Биринчи ва ягона аёл номзод пойгадан чиқди

  • 11 Октябр 2013
  • изоҳлар
Тожикистон тарихидаги биринчи ва ягона аёл номзод пойгадан чиқди

Тожикистон мухолифатининг ягона номзоди Ойнихол Бобоназарова етарлича имзо тўплай олмай, расман қайддан ўта олмади.

Ойнихол Бобоназарова, ўз ўрнида, Тожикистоннинг бу яқин тарихида президентлик учун беллашмоқчи бўлган биринчи аёл ҳам эди.

65 ёшли таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ва жамоат арбоби келаси ойги президентлик сайловларида амалдаги президент Имомали Раҳмоннинг асосий рақиби сифатида кўрилганди.

Бугун пойтахт Душанбеда берган расмий матбуот анжуманида Ойнихол Бобоназарова бунинг сабабини имзо тўплаш жараёнида яратилган турли сунъий тўсиқлар билан изоҳлаган.

Аён бўлишича, президент Имомали Раҳмон дохил қолган барча олти номзод ҳеч қандай қийинчиликсиз бунга муваффақ бўлишган ва расман рўйхатдан ўтиб ҳам улгуришган.

Уларнинг орасида, ҳатто, Тожикистон аҳолиси ўртасида унча маълум ва машҳур бўлмаган кичик партия вакилларининг ҳам борликлари айтилади.

Маҳаллий таҳлилчилар эса, улар барчасининг ҳукуматпараст партия номзодлари эканига диққат қаратишмоқда.

Уларга кўра, энди бўлажак президентлик сайловларида жаноб Раҳмоннинг бирор бир жиддий рақиби қолмаган.

Энди аксарият таҳлилчилар амалдаги президент Имомали Раҳмоннинг ғалабасини аниқ башорат этаётган сайловлар 6 ноябр кунига режаланган.

Матбуот анжуманида бўлиб қайтган мухбиримиз Мардон Муҳаммаднинг айтишича, Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари иттифоқи келаси икки-уч кун ичида расман йиғин уюштириб, ўз номзоди ўта олмаган президентлик сайловларига муносабатини ошкора баён қилмоқчи.

Ғалаба қозонган тақдирда, Тожикистонни 21 йилдан буён бошқариб келаётган жаноб Раҳмоннинг президентлик ваколати яна етти йилга узаяди.

Бу - унинг тўртинчи бор кетма-кет давлат раҳбари курсисига келиши бўлади.

Мухбиримизга кўра, мухолифатдаги Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари иттифоқи бўлажак сайловларни бойкот қилиш-қилмаслик борасида ҳам режалаётган йиғини чоғида бир қарорга келади.

Бу нимани англатади?

Ғалаба қозонган тақдирда, Тожикистонни 21 йилдан буён бошқариб келаётган жаноб Раҳмоннинг президентлик ваколати яна етти йилга узаяди

Минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, президент Имомали Раҳмон бошчилигидаги Тожикистон ҳукумати мухолифатнинг ягона номзодидан шак-шубҳасиз қўрққан.

"Агарки, Ойнихол Бобоназарованинг номзоди ўтадиган бўлса, бу - сайловларга жиддий зарба бериши, вазиятнинг издан чиқиб кетиши хавфи юқори эканини президент Раҳмон жуда яхши билган", - дейди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимов сўнгги янгиликнинг заминида учта сабаб ётганини айтади.

Таҳлилчига кўра, "бирор бир партияга аъзо бўлмасдан, мустақил шахс бўла туриб, бутун мухолифатнинг ягона номзоди бўлиши, яъни мухолифатнинг ана шундай келишувга эриша олиши ҳукуматни жиддий қўрқитган".

Бунинг иккинчи сабаби эса, Ойнихол Бобоназарованинг инсон ҳуқуқлари фаоли экани билан боғлиқ, дейди у.

"Бу - жамиятнинг маълум бир электорати, маълум бир қатламида унга сиёсий бир кредит, сиёсий бир ресурслар имкониятини кучайтирган".

Учинчидан эса, Марказий Осиёнинг ҳамма давлатларида аёлларга нисбатан дискриминация жуда ҳам кучли, дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Яъни, бу - анъана даражасидаги, давлат сиёсатидан ташқари бўлган ва асрлар давомида шаклланган дискриминация мавжуд".

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, энди Тожикистондаги президентлик сайловларининг легитимлиги ўз-ўзидан йўқолган.

"Чунки ягона аёл номзоди ўтказилмади, ягона демократик кучлар номзоди ўтказилмади ва ягона инсон ҳуқуқлари фаоли ўтказилмади. Яъни, учта нуқтаи назардан Тожикистондаги президентлик сайловлари демократик дунёда ўзининг легитимлигини йўқотиб бўлди. Тамом".

Ойнихол Бобоназарова

Тўнғич қизи Гулнора Каримова президент Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилади

Ойнихол Бобоназарова 80-йиллар охирларида Тожикистонда ташкил топган Демократик партиянинг асосчиларидан бири бўлган.

Агар, "Азия-Плюс" интернет нашри маълумотларига таянилса, у 1993 йилда "давлат тўнтариши қилишга ҳозирлик кўриш" ва Ватанга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинган.

Озод этилиши ортидан, ўзининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш соҳасидаги фаолиятини давом эттириб, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Душанбедаги ваколатхоналарида ишлаган.

Сўнгги йилларда эса, Ойнихол Бобоназарованинг "Перспектива+" ижтимоий бирлашмасига бошчилик қилиши айтилади.

Бу ташкилот эса, Тожикистон қамоқхоналаридаги аҳвол, қийноқларга қарши кураш билан шуғулланади. Хотин-қизлар ва меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Маҳаллий кузатувчилар Тожикистонда ҳақиқатан ҳам озод, шаффоф, демократик сайловлар бўлиб ўтса, мухолифат номзоди Ойнихол Бобоназарованинг унда ғалаба қозониши мумкинлигини айтишганди.

“Адолат” Социал демократик партияси Сиёсий кенгашининг биринчи котиби, палата раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова эса, Ўзбекистонда 2007 йилда президентлик сайловларида иштирок этган илк аёл номзод бўлганди.

Дилорам Тошмуҳаммедова ўша йил декабр ойида бўлиб ўтган ва амалдаги президент Ислом Каримов қарийб 90 фоиз овоз билан ғолиб чиққан сайловларда у бор-йўғи 3 фоизга яқин овоз йиққанди.

Аммо, орадан ой ўтиб, Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси спикери этиб сайланганди.

Унгача минтақанинг бошқа бирор бир давлатида аёл киши президентлик сайловларида расман иштирок этмаган.

2015 йилги президентлик сайловлари арафасида эса, тўнғич қизи Гулнора Каримова президент Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилади.

Аммо айрим минтақавий таҳлилчилар унинг ранг-баранг фаолиятини назарда тутиб, катта сиёсатга қанчалик лаёқати етишини савол остига олишса, бошқалари аёл раҳбарни халқнинг менталитети қанчалик қабул қилишига эътиборни тортишади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонни ҳам ўз замонавий тарихида ҳалича аёл киши бошқарган эмас.