Жаҳон Банкининг Роғун ГЭСи бўйича ҳисоботи эълон қилинди

  • 3 Октябр 2013
  • изоҳлар
Халқаро Банк Роғун Гэси қурилиши тўғри эканлиги ҳақида хулоса билдирганида ҳам, Тожикистонда Роғуннинг тасдиқланган аниқ лойиҳаси ҳозирча йўқ.

Хабарларга кўра, Роғун ГЭСи бўйича Жаҳон Банки тайёрлаётган ҳисоботнинг бир қисми тайёр бўлган.

Булар геологик ва геотехник нуқтаи назардан ва ГЭС лойиҳаси бўйича шу пайтгача бажарилган ишлар тадқиқи бўйича ҳисоботлардир.

Тожикистондаги улкан сув тўғонининг сейсмик хавфсизлиги, атроф-муҳитга таъсирини ўрганиш талаби билан Ўзбекистон чиққан ва бир неча йил олдин Жаҳон Банки Роғун ГЭСи бўйича экспертиза бошлаган эди.

Шу йил августида Душанбеда ўтган халқаро сув анжуманида Жаҳон банкининг ҳисоботи октябр ойида эълон қилиниши хабар қилинган эди.

Ҳисобот Coyne et Bellier ширкати ва мустақил экспертлар томонидан тузилиб, у Роғун Гэси ҳақида охирги хулоса эмаслиги таъкидланади.

Биринчи ҳисоботда 300 метр баландликдаги табиий шароитларнинг хавфсизлик жиҳатларига қанчалик таъсири ўрганилган.

Иккинчи ҳисоботда қурилган ускуналар, туннелдан тортиб, ер ости воситалари ва уларнинг хавфсизликнинг талаб қилинган шартларига қанчалик жавоб бериши ва сифати ўрганилган.

Шу пайтгача манфаатли томон билан лойиҳа мақсади, сейсмик хавфлилик баҳоси ва лойиҳага кетадиган маблағ қиёсан ўрганилиб, фикр билдирилганди.

Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сирож Кумарнинг таъкидлашича, бу масала билан қизиқадиган томонларга мустақил ва ҳар томонлама тадқиқот жараёнининг далиллари тақдим этилади. Бироқ, Халқаро Банк лойиҳани амалга ошириш бўйича қурилишининг молиявий мажбуриятини ўз зиммасига олмайди.

Жаноб Кумарнинг билдиришича, ҳисобот Роғун Гэси қуриладими ёки лойиҳанинг охирги кўриниши қандай бўлиши ҳақида хулоса бермайди. Лойиҳа яна муҳокама қилишни талаб қилади. Булар қаторига халқаро келишув ва молиявий таъминот масалалари киради.

Халқаро Банк Роғун Гэси қурилиши тўғри эканлиги ҳақида хулоса билдирганида ҳам, Тожикистонда Роғуннинг тасдиқланган аниқ лойиҳаси ҳозирча йўқ.

Ҳозирги лойиҳа Совет даврида Москванинг "Гидропроект" институти томонидан тасдиқланган нусхаси бўлиб, бугунги кунга тўғри келмайди. Қарийб 30 йил вақт ичида анча нарса ўзгаргани лойиҳа қурилишига ҳам таъсир қилиши шубҳасиз. "Мавжуд воситалар дастлабки иш жараёнида қўлланилиши мумкин, лекин уларни янгилаш, мукаммаллаштириш талаб этилади", дейилади ҳисоботда.

3,6 гигаваттлик Роғун лойиҳасига доир ишлар 1976 йил бошланган, лекин Совет Иттифоқи тугагач, амалга ошмаган эди. 335 метр баландликда Роғун қуриладиган бўлса, дунёда энг баланд ГЭС бўлиши мумкин.

17-18 октябр кунлари Душанбе шаҳрида Жаҳон Банки тадқиқотлари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон вакиллари иштирокида ахборот алмашиш ва муҳокама қилиш бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Учрашувда иштирокчиларнинг изоҳ ва фикрлари лойиҳанинг кейинги ривожида ҳисобга олинади.

Олдинги муҳокама жараёнларида Ўзбекистон иштирок этмаган эди.

Ўзбекистон зилзила юз берган тақдирда Тожикистондан пастда жойлашган мамлакатлар сув остида қолиш хавфини билдириб, лойиҳага қарши чиққан.

Тожикистон эса мамлакатда Роғун каби баландликка қурилган бошқа электр станциялар 40 йилдан ошиқ ишлаб, зилзилаларга бардош берганини айтади.