Қирғиз-ўзбек чегарасида телеминора устидан чиққан можаро ҳал бўлди

  • 2 Октябр 2013
Қирғиз томони Унгор тепада телеминора эллик йилдирки амал қилаётганини айтади

Қирғизистон чегара хизматининг билдиришича, Ўзбекистон билан чегарадош ҳудуддаги баҳсли Унгор Тепадан иккала томон ҳам ўз чегарачаларини олиб чиққан.

Айни вақтда Жалолобод вилоятида маҳаллий аҳоли вакиллари Ўзбекистон томони амалларига норозилик билдириб чиққанлар. Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси ўнгида ҳам шу каби норозилик ўтказилган.

Ўтган ҳафтадан бери Унгор Тепа ва у ерда жойлаштирилган қирғиз томонига тегишли радиоантенна борасида икки томон ўртасида келишмовчилик давом этиб келаяпти.

Қирғизистон чегара хизмати раҳбари ўринбосари Раимберди Дуйшенбиевнинг Би-би-сига айтишича, ўзбек ва қирғиз чегара хизматлари расмийлари 30 сентябрда Унгор Тепадан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш бўйича келишиб олишганди, ва чоршанба куни соат тушки 1да икки томон ҳам ўз қўшинларини олиб чиққан.

Расмийга кўра, Унгор Тепадаги радио тўлқинларини узатувчи иншоот ишчилари ҳозирда ўз иш жойларига қайтиб фаолиятларини давом эттириш имконига эга бўлганлар.

Икки томон, шунингдек, ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган фуқаролар билан ҳам алмашганлар.

20 сентябрда ўзбек чегарачилари Унгор Тепа тоғидаги баҳсли ҳудудда кутилмаганда икки чегара постини ўрнатгандилар. Бу тепаликда қирғиз томонига тегишли телеминора жойлашган. Қирғизистон ҳам бунга жавобан ўз постларини ташкил қилган.

Ўзбек матбуотидаги хабарларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати қирғиз томони ўзаро келишувларга зид равишда радиоантеннани ўрнатган. Бироқ, қирғиз томони жавобига биноан, бу иншоот совет давридан бери айни ҳудудда амал қилиб келади.