ОХҲТ ўзбек-қирғиз чегара ҳудудларида аҳоли билан ҳамкорлик қилмоқчи

  • 30 Сентябр 2013
Фарғона водийсидаги чегара муаммоларини ҳал қилишда ОХҲТ ўзининг кўп йиллик тажрибасига таяниб иш тутишини айтади

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ОХҲТ) Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралари туташ ҳудудларда янги бир лойиҳани амалга ошира бошлаган.

Ташкилотнинг Бишкекдаги ваколатхонаси қирғиз-ўзбек сарҳадларига туташ ҳудудларда вазиятнинг кескинлашиб кетишини олдиндан бартараф этишга қаратилган чораларга қўл урмоқда.

Ваколатхона режасига мувофиқ, янги лойиҳага чегара хизматлари, маҳаллий ҳокимиятлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга маҳаллий аҳолини ҳам жалб этиш кўзда тутилган.

Янги лойиҳа бўйича Би-би-си Бишкекдаги ОХҲТ ваколатхонасининг чегара масалалари бўйича маслаҳатчиси Дмитрий Загроцкий билан суҳбатлашди.

Аввалига Би-би-си жаноб Загроцкийдан чегарага туташ ҳудудларда барқарорликни сақлаш учун ОХҲТда қандай имкониятлар бор, деб сўради.

Дмитрий Загроцкий: Биз олдин ҳам журналистларга чегарага туташ ҳудудларда вазият кескинлашиб кетса, биринчи навбатда, низо ва жанжалларни имкон кадар эртарок бартараф этиш чоралари борасида маълумот берганмиз. Бу - Оврупода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ўз ваколати доирасидаги энг муҳим вазифаларидан биридир. Биз бу ҳудудларда чегарачилардан тортиб то ички ишлар ва миллий хавфсизлик органлари, давлат ва маҳаллий ҳокимият идораларидан тортиб то оддий аҳолига қадар ҳамжиҳатликда ҳамкорлик қилиш учун имкониятлар барпо этиш ҳаракатидамиз. Биз барпо этган, таъбири жоиз, "мажлис майдончалари"да чегаранинг икки томонидаги масъул идоралар ва маҳаллий аҳоли вакиллари маълумот алмашадилар. Масалан, чегарачилар ўз соҳаларига таалуқли қонунлардаги ўзгаришлар ҳақида маълумот беради ва баъзи ҳолатлар бўйича огоҳлантиради. Милиция ва миллий хавфсизлик ходимлари ҳам ўзларига тегишли ўхшаш маълумотларни эълон қилади.

Би-би-си: Ташкилотнинг янги лойиҳасида оддий аҳолига қандай ўрин берилади?

Дмитрий Загроцкий: Чегара ҳудудлардаги маҳаллий аҳоли орасида улар фақат оддий аҳоли эмас, балки шу ҳудудни бошқариш ва минтақа хавфсизлиги билан шуғулланишга қодир одамлар экани тўғрисида тушунча пайдо қилиш ниятидамиз. Улар ҳадеб муаммолар ҳақида гапиравермасдан, айни муаммоларни ҳал қилиш йўлларини ҳам кўрсатиб, ўз талаб ва таклифларини билдириш имконига эга бўлишлари керак. Бу ҳаракатларнинг ўзи ушбу ҳудудларда вазият кескинлашиб кетишдан анча олдин унинг олдини олиш имконини яратади. Маҳаллий аҳоли кундалик ҳаётида оддий ишлар билан банд: чорвасини боқиши керак, ҳосил етиштириши зарур, фарзандларини мактабу боғчага, ўзлари эсга ишга қатнашлари зарур.... Кундалик ҳаёт оқимида чегарага тааллуқли муаммо пайдо бўлса, чегарачилар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан бирга оддий аҳолига ҳам ўша муаммони ҳал қилишга ҳуқуқ ва имконият бериш керак. Фарғона водийсидан ўтган чегара чизиқларига қарашли ҳудудларда ҳам муаммолар етарли, уларнинг аксари чегаралар амалда белгиланмасдан пайдо бўлмоқда. Лекин оддий одамлар ўша чегараларни давлат расмийлари хариталарда тасдиқлаб олгунча кутиб ўтиравермайди-ку!

Би-би-си: Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон кесишган Фарғона водийсида чегара муаммоларини ҳал қилишда сиз вакили булган халкаро ташкилотнинг имкониятлари қанчалик?

Дмитрий Загроцкий: Айни минтақадаги чегаралар муаммоси тарихига назар ташласак, нафақат Фарғона водийсида, балки, собиқ Совет Иттифоқи билан Хитой ўртасидаги чегара талашлари ёдимга келади. Мен бу ҳақда яхши биламан, чунки ўзим ҳам Совет Иттифоқи ва Хитой чегарасида вояга етганман. У ерда муаммолар тез-тез чиқиб турарди. Қайси давлатлар ўртасида чегара бўлса, айни шу чегарадаги муносабатлар табиати ва хусусияти икки давлат муносабатларига боғлиқ бўлади. Бу барча мамлакатларга хос. Мана, АҚШ ва Канада ўртасидаги чегара чизиғи куплаб йиллар давомида белгиланиб, тарих бўйи шаклланган. Шундай эса-да, мазкур икки давлат ўртасида ҳам баъзида муаммолар вужудга келиб туради. Масалан, АҚШ ва Канада ўртасидаги чегарасида жуда қалин ўрмон мавжуд ёки чегарани дарё иккига бўлиб туради. Мана шу ҳолатлар бу икки давлат ўртасидаги чегара масалаларида ҳам баъзида муаммоларни туғдиради. Лекин Фаргона водийси ҳақида гап борганда ташкилотимизнинг ўнлаб йиллар давомида йиққан тажрибаси уч давлат ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилишга имкон беради, деб фикр билдиришга асос беради.