Қирғизистон олийгоҳларида Ўзбек тилида тест ўтказилмаслиги эълон қилинди

  • 25 Сентябр 2013
  • изоҳлар
Қарорга асосан талабалар бундан буён қирғиз ва рус тилларида тест топширишади.

Қирғизистонда олийгоҳларга кириш учун мажбурий тест синовлари бу ўқув йилидан бошлаб ўзбек тилида бўлиб ўтмайди. Бу ҳақда Қирғизистон хукумати қарор қабул қилган.

Ҳукуматнинг 13 сентябрда чиқарган қарорига асосан, Қирғизистонда тестлар икки тил- қирғиз ва рус тилларида ўтказилиши белгиланган.

Бу қарордан олдин, мактаб ўқувчилари агар керакли сонда йиғилишса, ўзбек ёда бошқа тилда имтиҳонларни ўтишлари мумкин эди.

Қирғизистонда 2010 йил июн ойида содир бўлган миллий низолардан сўнг, ўзбек тилида юритиладиган матбуот нашрлари, телевидение кўрсатувлари ёпилгани ёки кескин қисқартирилгани кузатилди.

Кейинги йилларда ўқув юртларида тест синовларини Ўзбек тилида ўтказишга қарши қирғиз миллатига мансуб аҳоли томонидан норозиликлар билдириб келинаётган эди.

Жумладан, 2012 йил бир гуруҳ қирғиз ёшлари Бишкекдаги парламент биноси олдида йиғилиб, ўзбек тилида тест синовларини бекор қилишни сўрашди.

Ўз навбатида Қирғизистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ўзбек тилини тест тизимидан чиқариб ташлаш Ўзбек миллатига мансуб ўқувчиларнинг ҳуқуқларининг бузилиши эканини айтишган.

Республика Маориф вазирлиги маълумотларига кўра, Қирғизистонда асосий тили ўзбек бўлган 100 га яқин ўрта мактаб мавжуд.

Лекин йилдан-йилга бу рақам қисқартирилиб, ўзбек мактаблари икки тилли ёки фақат қирғиз тилига мослашган мактабларга айлантирилмоқда.

Республика Таълим маркази расмийларига кўра, ўтган йили 1,5 минг ўқувчи ўзбек тилида тест топширгани бу қарор қабул қилинишига сабаб бўлиши мумкин.

Олдинроқ ҳам ҳукуматда тест тизимидан Ўзбек тилини чиқаришга уринишлар бўлган, лекин кейин бу режа бекор қилинганди.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати бу қарорини қандай изоҳлаяпти?

Би-би-си Ўшдаги собиқ Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Давронбек Насибхоновдан бу ҳақдаги фикрларини сўради.