Қозоғистондаги икки автоҳалокатда 19 инсон нобуд бўлган

  • 31 Август 2013
"Олма-Ота-Тошкент" автойўли

31 август куни Олма-Ота ва Жамбил вилоятларида рўй берган икки йўл-транспорт ҳодисаси кўп сондаги инсонлар умрига зомин бўлган.

Жумадан шанбага ўтар кечаси Олма-Ота вилоятидаги автотрассада икки автомобил катта тезликда келиб бир-бирига урилган.

Қозоғистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса "Олма-Ота-Уст-Каменогорск" автойўлининг 390-километрида юз берган.

Audi ва Mitsubishi русумидаги автомашиналарнинг бир-бирига тўқнашиши шунчалик кучли бўлганки, улар ўт олиб кетган.

Икки машинада бўлган тўққиз инсон ҳаётдан кўз юмган.

Улар орасида икки бола ҳам бор.

Бир киши шифохонага ётқизилган.

Иккинчи йирик ҳалокат "Олма-Ота-Тошкент" автойўлининг Жамбил вилоятидан ўтадиган қисмида рўй берган.

Шанба куни эрталабки соат 7 ларда автотрассанинг 370-километрида йўловчи автобуси билан юк автомобили тўқнашган.

Setra русумидаги автобусда 52 йўловчи бўлган.

Автобус Чимкент шаҳрига йўл олган.

Юк ташувчи автомашинанинг Howo русумида бўлгани хабар қилинган.

Тўқнашув оқибатида 10 инсон ҳалок бўлган, 34 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.