'Россия муҳожирлик қонунини бузганларнинг 70 фоизи ўзбекистонлик'

  • 19 Август 2013

Россия бўйлаб ўтказилаётган “тозалаш” тадбирлари давом этмоқда. Ўтган ҳафта мобайнида 2000 дан зиёд рейд ўтказилиб, 5,5 мингга яқин қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Қонунбузарларнинг 70 фоизи ўзбекистонликлар, деб хабар қилинмоқда.

Сайловолди ҳаракатлар жабрдийдалари

Россиянинг турли ҳудудларида юзлаб, Москва шаҳри, вилояти ва Ленинград вилоятларида минглаб муҳожирлар қўлга олинган. Эътиборлиси, Россия Федерал Ммиграция Хизмати ваколатига кирувчи бу тадбир айни пайтда полиция ходимлари, жамоатчилик томонидан амалга оширилмоқда.

Доғистонлик томонидан калтакланган полициячи учун ўч сифатида бошланган “муҳожирлар ови” бугунги кунда сайлов учун кўргазмага айланиб қолди. Шаҳар ва вилоят ҳокимлигига номзодлар маҳаллий аҳолининг меҳнат муҳожирларига нисбатан ёт қарашини билган ҳолда, уларни тутиш, мамлакатдан чиқариб юбориш сингари амалий ишлар билан халқининг эътибори ва ҳурматини қозонишга урина кетдилар.

Муҳожирлар учун лагерь ташкил этилиши давомида Москва областининг “Садовод” бозорида 1000 дан зиёд, Одинцово туманида 1800 нафар, Люберцида 2856 нафар муҳожирнинг қўлга олиниши сайловолди кампанияларида мэрликка номзодларнинг амалий ишлари яққол мисолига айланди.

Москва шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Сергей Собянин эса муҳожирлар мавзусига тўхталиб, “бизга тахминан бир миллион чамаси меҳнат муҳожири керак”, деди. Собянинга кўра, бу муҳожирлар марказий осиёликлар эмас, Россиянинг турли ҳудудларидан келиб ишловчилар, яъни украинлар, белоруслар бўлиши лозим. “Бу одамлар рус тили ва славян анъаналарини яхши билади”, дея фикрини аниқлаштирди мэрликка номзод.

Авгут ойининг ўрталаларигача Москва дунё эътиборида бўлган бўлса, ўтган ҳафта омманинг эътибори Санк-Петербург шаҳрига қаратилди. У ердаги “руская зачистка” оқибатида юзлаб муҳожирлар жабр кўрди.

Санк-Петербургдаги йирик “тозалаш” тадбирида бозорлар ва қурилиш биноларида қўлга олинган юзлаб меҳнат муҳожирлари муҳожирларни сақлаш марказларида жой етишмаслиги сабабли автобусларда тунаганлар.

Айни пайтда эса муҳожирлар Кингиссепский шоссесидаги саккиз қаватли бинода сақланмоқда. Қамоқхонани эслатувчи сим тўрли бетон девор ва панжарали деразалар ўрнатилган бино 170 ўринга мўлжалланган, ҳозирда эса унга 300 дан зиёд муҳожир жойлаштирилди. ОМОНчилар қўриқлаётган бинога журналистлар кириши тақиқланган. ФМХ шаҳар бошқармаси матбуот хизматининг берган маълумотга кўра, муҳожирларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги жой етишмаслиги муаммоси ҳал этилади. Аммо муддати ва манзили борасида аниқ маълумот йўқ.

“Икки-уч кун ичида бу муаммони аниқ ҳал эта олмаймиз, аммо вазифа қўйилган. Унга кўра, муҳожирларни маъмурий жавобгарликка тортиш тартибларига ўзгартишлар киритиш йўли билан қонунни бузган муҳожирни мамлакатдан чиқариб юбориш осонлашади. Шу тариқа муҳожирлар сони камаяди” – деди матбуот хизмати.

“ОМОН”чилар босқинчилиги

Авгут ойининг ўрталаларигача Москва дунё эътиборида бўлган бўлса, ўтган ҳафта омманинг эътибори Санк-Петербург шаҳрига қаратилди.

Санкт-Петербургда “русча тозалаш” тадбири кутилмаган вазиятларни ҳам юзага келтирди. Ўтган сешанба эрталаб соат 7 ларда ОМОНчилар ва оддий спорт кийимидаги ўндан ортиқ кишилар муҳожирлар яшаётган ётоқхонага бостириб кириб ўғирлик қилишди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар муҳожирларни урган ва хўрлашган, қимматбаҳо буюмларини олиб қўйишган ва ҳатто егуликларигача топтаб ташлашган.

Ўзбек, тожик, озарбайжон миллатига мансуб муҳожирларни тўрт соат давомида қўлларини орқасига қилиб деворга тираб тургизишган чоғида талончилик амалга оширилган. Ўзбекистонлик Азамат Ҳайдаровнинг айтишича, бу ётоқхона арзон бўлгани учун кўчиб келганига энди бир ярим ой бўлган. Нон ташувчи бўлиб ишловчи Азамат ишдан келиб юртдошларини калтаклашганини ўз кўзи билан кўрган.

– Менга хотиним ОМОН келгани ҳақида SMS юборди – деди Ҳайдаров. – Келсам, синглимга совға учун олиб қўйган ноутбугимни ўғирлашибди. Отам рак касали, уни кўнглини кўтариш учун тилла соат сотиб олгандим, у ҳам йўқ. Мен уларни пешона терим эвазига қийналиб топгандим, ўғирлаб кетишибди. Хотинимнинг ҳамёни, пулларимизни, икки жуфт янги пойафзалимизни олишган.

Гувоҳларнинг айтишича, полиция ходимлари кастрюлдаги шўрвага кир ювиш поршогини сепишган.

– Пакетдаги унни олиб хонага сочиб ташлашди, – дейди Рустам. – Диванларни ағдариб ташлашди. – Шундай бўлишини билганимда бу ерда яшамасдим, дейди Азамат. – Полицияга ариза бериш учун борганимизда, бизни одам ўрнида кўриб қабул қилишмади. Ўз муаммоларингизни ўзингиз ҳал қилинг, дейишди.

Бир офицер эса “Ҳамманг бу ердан йўқол! Шикоят қилсангиз, муаммоингиз ортади” дея қувиб солган.

Азаматнинг айтишича, ОМОН ходимларининг бир-бирига “киринглар, кимга нима керак бўлса олаверинглар, муҳожирлар барибир бизга ҳеч нима қила олмайди”, деганини эшитган. Бир ёш муҳожир қочмоқчи бўлганда тўрт полициячи қувиб тутишган.

- Уни худди футбол тўпидек бир-бирига ошириб тепишди. Оёғида тура олмай қолиб йиқилгач, багажни очишдида, латтадек тиқиб қўйишди, дея эслади Азамат.

Бу ОМОНчилардан жабрланган биргина киши эмас. Полиция ходимлари буйрагига тепган Ғолиб Қосимовнинг аҳволи оғирлашганида “тез ёрдам” чақирилди, аммо шифокор муҳожирни касалхонага олиб кетишни истамади. Полиция урганини билгач, ётган жойида укол қилиш билан чекланди.

Ўзбекистонлик Мавлуда Ҳасанова ҳам ишлаб йиғиб юрган 90 минг рубль (3000 доллар атрофида) пулидан айрилди. “Хатто тангаларимгача йиғиб кетишибди”, дейди у.

Санкт-Петербург полицияси бу борадаги муҳожирларнинг шикоятини рад этгач, “Мемориал” ташкилоти ҳуқуқ фаолларининг аралашувига тўғри келди.

Бу мавзуда батафсилроқ