BBC navigation

Туркманистон саҳро ўртасидаги кўлига сув узатишни бошлади

Сўнгги янгиланиш 17 август 2013 - 16:43 GMT

Амударёнинг Нукус шаҳри ёнидан оқиб ўтадиган қисми

Туркманистон давлат назорати остидаги матбуоти хабар қилишича, "Олтин Аср" сунъий кўлига сув қуйиш бошланган.

Бу сув деҳқончиликда фойдаланилган ва дренаж қувурлари орқали тортиб келинган сув дея хабар қилинмоқда.

Туркман расмийларига кўра, махсус сув тўплаш жойида 1 миллиард кубометр сув йиғилганидан кейин матбуотда "Туркман кўли" деб ҳам аталаётган ҳавзага сув узатиш бошланган.

Саҳро ўртасида кўл барпо этиш ғояси ташаббускори Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурод Ниёзов бўлганди.

Марҳум Ниёзов Қорақум чўлида сув тўплаб бу минтақани ўзлаштирмоқчи бўлган.

2009 йил июлида қадимги Қорашор кўли ўрнидаги сув йиғиш жойини тантанали очиш маросими бўлиб ўтган, сув йўлини жорий Президент Гурбангули Бердимуҳамедов очиб берган эди.

"Олтин Аср" кўли лоийҳалаштирилган илк кунларда 5 миллиард долларга баҳоланган, бироқ кейинроқ бу лойиҳани якунига етказгунча жами харажати 20 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши мумкинлиги айтилган.

Қоқ саҳро ўртасида кўл барпо этиш режаси кўпчиликда шубҳа уйғотган, бу иккинчи Орол денгизи бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар билдирилган.

Мамлакатнинг ўртасидан тортиладиган икки канал қурилиши 2000 йилда бошланган.

Асосий каналнинг узунлиги 740 милометрдан узун ва Тошҳовуз каналининг узунлиги 385 километрдан узун бўлган.

Лойиҳага кўра, яна минглаб кичикроқ каналчалар пахта далаларини суғориш учун мўлжалланган сувларни янги кўлга етказади.

Режага мувофиқ, махсус қайта ишловчи корхоналар сувни тозалаб беришади.

Айтилишича, кўлнинг тўлиши учун узоқ йиллар керак бўлиши мумкин. Бироқ сўнггида унинг сатҳи 2.000 квадрат чақиримни ташкил этади.

Туркман матбуотига кўра, айни пайтда ушбу лойиҳа билан бирга тупроқ ҳолатини яхшилаш ишлари ҳам ўтказилмоқда ва анча-мунча яроқсиз ерлар деҳқончиликка қайтарилган.

"Олтин Аср" кўлининг узунлигини 100 километрга, энини эса 25 километрга етказишмоқчи.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.