BBC navigation

Тожикистон мухолифати Роғун лойиҳаси бўйича якдилми?

Сўнгги янгиланиш 13 август 2013 - 12:49 GMT

М.Кабирий:' Роғун масаласи ўта сиёсийлаштириб юборилди..."

Тожикистоннинг асосий мухолифат ҳаракати саналмиш Ислом Уйғониш партияси ҳукуматни мубоҳасали Роғун гидроэлектрстанцияси қурилиши юзасидан кескин танқид қилган.

"Роғун лойиҳаси ўта сиёсийлаштириб юборилди”, деб айтган Марказий Осиёдаги ягона диний-сиёсий партия раҳбари Муҳиддин Кабирий.

Мустақил “Авеста” интернет нашрининг ёзишича, Кабирий жаноблари айнан мана шу “ўта сиёсийлаштириш” Роғун лойиҳасига ёвқараш пайдо қилган.

Муҳиддин Кабирий Ислом Уйғониш партияси фаоллари билан йиғинда аслида Роғун лойиҳасига аввал бошданоқ иқтисодий масала ўлароқ ёндашиш керак эди, деб айтган.

Шўролар даврида режаланган Роғун гидроэлектрстанцияси лойиҳаси бугун Марказий Осиёда, айниқса Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида энг баҳсли масалага айланган.

Ислом Уйғониш партияси ҳозирга қадар Роғун масаласида бу қадар очиқ чиқиш қилмаган эди, дейишади кузатувчилар.

Партия раҳбарига кўра, Роғунни қуриш бу Тожикистон халқининг ҳаққидир.

“Роғун лойиҳасига қарши гапириб бўлмайди...”

Икки раҳбар орасида муносабатлар доим таранг бўлган...

Тожикистон социал-демократик партияси раҳбари Раҳматулло Зойиров ҳам ҳукуматнинг Роғун лойиҳасига доир фаолиятини танқид остига олган.

Зойиров жанобларига кўра, 335 метр баландликда тўғонни қуриб кейин агрегатлар ҳақида ўйлаш нотўғри, аслида аввал биринчи агрегатларни ишга тушириб олиб, ҳосил бўлган электр энергиясини сотиб сўнг йирик босқичга ўтиш маъқулроқ.

Тожикистондаги мустақил журналистлардан бирининг айтишича, “Роғун лойиҳасини ҳукумат нуқтаи назаридан фарқли равишда муҳокама қилиш ва ё бу лойиҳага қарши чиқиш мумкин эмас. Роғун бу мамлакатда, таъбир жоиз бўлса, тил текизиб бўлмайдиган “муқаддас масала”га айланган...”

Қўшничилик остига “қуйилаётган сув”

Умед Бобохонов, журналист

"Ислом Каримов Тожикистон раҳбарияти у билан маслаҳатлашиб, розилигини олиб кейин бирор бир масала юзасидан қарор бериши ва ёки унинг айтганларини бажариши керак деб ўйлайди"

Ўзбекистон қўшни Тожикистоннинг Роғун лойиҳасига ўта қаршилик қилиб келади.

Тошкентга кўра, Роғун минтақадаги табиий сув заҳираларига, айниқса Ўзбекистон улушига дахл қилади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб, "вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимоли" мавжудлиги билан огоҳлантирганди.

Аммо Тожикистонлик кузатувчиларга кўра, Тошкентнинг Душанбега нисбатан “катта акалик” қилиш иштиёқи Роғун лойиҳаси кўтарилмасдан аввал ҳам бўлган.

Журналист Умед Бобохоновга кўра, Эмомали Раҳмон бошчилигидаги ҳозирги ҳукумат давлат тепасига Ўзбекистон ёрдами билан келган, дейди.

“ Шундан бўлса керак, Ислом Каримов Тожикистон раҳбарияти у билан маслаҳатлашиб, розилигини олиб кейин бирор бир масала юзасидан қарор бериши ва ёки унинг айтганларини бажариши керак деб ўйлайди... Бундай бўлмаганидан кейин эса икки давлат раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар таранглаша бошлади”, дейли Умед Бобохонов.

Душанбе эса Роғун лойиҳасининг амалга ошишидан нафақат Тожикистон, балки бутун минтақа манфаатдор деб ҳисоблайди.

Расмий Душанбе Роғун қурилиши билан мамлакатнинг барча электр энергияси билан боғлиқ муаммолари ҳал бўлади деган кенг тарғибот ишларини йўлга қўйган.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.