Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги отишмада икки Ўзбек чегарачиси ҳалок бўлган

  • 23 Июл 2013
Ўзбек-Қирғиз чегарасида чегарачилар ўртасидаги қуролли ҳодисалар тез-тез юз бериб туради.

Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти туташган чегарада икки мамлакат чегарачилари ўртасида отишма рўй берган.

Оқибатда бир Ўзбек чегара қўриқчиси ҳалок бўлган, яна бир чегарачи шифохонага ётқизилган.

Кечга яқин Ўзбек томони Наманган вилояти Уйчи туман шифохонасига етқазилган чегарачи ўз ҳушига келмасдан оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни тарқатди.

Ҳам Қирғизистон ва ҳам Ўзбекистон томони қўшни мамлакат чегарачиларини ўз ҳудудларига ноқонуний кириб келганликда айблаган.

Қирғизистон чегарачиларига кўра, Жалолобод вилоятининг Ахси туманидаги Жетизагара деб номланган чегара қисмида чегарачилар икки Ўзбекистон чегарачисини кўриб қоладилар.

Қирғиз чегарачилари Ўзбек чегарачиларига ўзларининг ҳудудларина ўтмасликни сўраганлари, шундан кейин ўртада даҳанаки жанг бошланганини хабар қилган Қирғизистон Чегара қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Қирғизистон Бош вазирининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва чегара масалалари бўйича ўринбосари Тоқон Мамитов фожеали ҳодисани шарҳлар экан, у Ўзбек чегарачиларининг айби билан содир бўлган, деб айтган.

Тоқон Мамитовга кўра, Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг ҳудудига 5 метр кирган бўлганлар.

Қирғизистон Чегара қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига кўра, Ўзбек чегарачилари биринчи бўлиб ўқотар қуролни ишга солганлар.

Ўртада юз берган отишмада бир Ўзбек чегарачиси ҳаётдан кўз юмган, яраланган иккинчи чегарачини ўзининг ҳамкасблари Ўзбекистон ҳудудига олиб кетганлар, дея хабар тарқатган Қирғиз томони.

Ўзбекистон Интернет-нашрлари тарқатган хабарларга кўра, Қирғиз чегарачилари Ўзбекистоннинг Наманган вилоятига тегишли ҳудудга кириб келганлар.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага таяниб тарқатилган хабарларда қонли ҳодисада "ҳар доимгидек маст Қирғиз чегарачилари айбдор" экани айтилган.

"Тиш-тирноғигача қуролланган Қирғиз ҳарбийлари Ўзбекистон ҳудудига кириб келганлар ва ҳеч бир сабабсиз Ўзбекистон чегара нарядига қарата ўт очдилар", деб айтган Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба.

Қирғизистон Чегара хизмати раисининг ўринбосари Искандер Мамбеталиев чегарачилар маст бўлгани ҳақидаги хабарни рад этган, бунга маҳаллий аҳоли гувоҳ деб айтган.

У чегарани ноқонуний кесиб ўтишда Ўзбек чегарачиларини айблаган.

Ўзбек-Қирғиз чегарасида чегарачилар ўртасидаги қуролли ҳодисалар тез-тез юз бериб туради.

Кўпинча томонлар қўшниларини ноқонуний амалларда айблаб чиқадилар.