BBC navigation

'Ўзбекистон Тожикистонга зарар етказиш мақсадини кўзлаяпти'

Сўнгги янгиланиш 22 июл 2013 - 15:27 GMT

Бундан олдин Тожикистон Ўзбекистонни иқтисодий қамалда айблаган.

Тожикистон темир йўл ширкати раҳбари Амонулло Ҳукуматулло айтишича, Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан транзит чекловлари киритгани ортида сиёсий сабаблар ётипти.

Бу ҳақда "Роҳи оҳани Тожикистон" ширкатининг раиси жаноб Ҳукуматулло 22 июл куни Душанбе шаҳрида ташкил қилган матбуот анжуманида айтган.

Тожик темир йўл ширкати раҳбарининг айтишича, Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан юритаётган сиёсати туфайли йўловчи ва юк ташиш, шунингдек, транзит ташиш ҳажмлари 2009 йилдан буён йилдан-йилга камайиб келаяпти.

Жаноб Ҳукуматулло айрим рақамларни мисол тариқасида келтирган.

"Тожикистон Темир йўллари" ширкати шу йилнинг биринчи ярмида уч миллион 300 минг тонна юк ташиган, бу кўрсаткич 2012 йилнинг биринчи ярмидаги рақамдан 800 минг тонна камдир.

2013 йилнинг биринчи ярмида Тожик ширкати 228 минг йўловчи ташиган.

Бу ўтган йилнинг илк олти ойидаги кўрсаткичдан 18 минг киши кам деганидир.

Тожик темир йўл ширкати раиси Амонулло Ҳукуматулло 2011 йил 16 ноябр куни Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтган Ғалаба-Амузанг темир йўлидаги портлашни тилга олган.

Бу йўл Тожикистоннинг жанубини ташқи дунё билан боғлайдиган ягона темир йўл бўлган.

Ўзбекистон расмийларига кўра, Ғалаба-Амузанг темир йўлидаги портлаш террорчилик хуружи бўлган.

Жаноб Ҳукуматулло айтишича, 2011 йил ноябридан буён ёзган хатларига Ўзбекистондан жавоб олишолмаган.

Шундан кўп ўтмай Тожикистон расмийлари портлаш рўй берган темир йўлнинг Сурхондарё маркази Термиз шаҳрига элтадиган қисмида рельслар буткул йиғиштириб олингани ҳақида хабар тарқатган.

"Ўтган бир йилу тўққиз ой давомида биз Ўзбекистонга мактублар юбориб, Тожикистон жанубига борадиган темир йўл участкасининг қўшниларимиз томонидан бир тарафлама ёпиб қўйилишидан ўз хавотирларимизни билдираяамиз. Аммо биз ўзимизнинг кўп сонли хатларимизга ҳалигача жавоб олганимиз йўқ", деб айтган Амонулло Ҳукуматулло.

Жаноб Ҳукуматуллога кўра, Ўзбекистон томони Тожикистон поездларини асоссиз ушлаб туришлари оқибатида ўтган йили 50 миллион доллар зарар кўрганлар.

Бу йилги йўқотиш 15 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

"Тожикистон Темир йўллари" ширкати раҳбарининг айтишича, Ўзбекистон 2009 йилдан буён Тожикистон ҳудуди орқали ўзининг транзит юкларини ўтказишдан воз кечиб келаяпти.

"Ўзбекистон мамлакатнинг марказий қисмидаги юкларини шарқий қисмига Тожикистон ҳудудини четлаб ўтиб, автомобил нақлиётида олиб ўтаётгани оқибатида ҳар йили 100 миллион долларича зарар кўраяпти. Улар Тожикистонга зиён келтириш учун ўзларининг зарарига бўлса ҳам ишлашга тайёрлар", деган Тожикистон темир йўл ширкати раиси Амонулло Ҳукуматулло.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.