Президент Каримов: 'Қўшниларимиз зилзилаларни яширишаяпти'

  • 17 Июн 2013
Кузатувчилар Тошкент ва Остона ўртасидаги яқинлашув ҳақида гапиришмоқда

Президент Ислом Каримов Тожикистон ва Қирғизистонни зиддиятли гидроиншоот лойиҳаларини оқлаш учун зилзилалар ҳақида сукут сақлаётганликда айблаган.

Ўтган жума Президент Нурсултон Назарбоев билан музокаралардан сўнг гапирган жаноб Каримов лойиҳалар юзасидан халқаро экспертиза ўтказишга чақирган.

Ўзбекистон раҳбари минтақадаги сув заҳиралари муаммоси бўйича Қозоғистон Президенти Назарбоев билан якдил эканликларини урғулаган.

Минтақада тез-тез ер қимирлашлари кузатилаётганини айтган жаноб Каримов гидроиншоот лойиҳалари сейсмик фаол ҳудудда бунёд этилаётганига эътибор қаратган.

"Қамбарота ва ва Роғун гидроэлектр станциялари тектоник бузилишлар линиясида барпо этилмоқда. У ерларда Рихтер шкаласи бўйича 9-10 баллгача ер қимирлаши мумкин. Эътибор беринг, бу йил ер қимирлашлари кузатилаяпти. Айрим қўшниларимиз хатто ер қимирлашини ҳам яширишади. Нима учун? Чунки бу уларнинг мантиғига қарши", - деган жаноб Каримов 15 июн куни Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган баёнотида.

Марказий Осиё сейсмик фаол минтақа ҳисобланади.

Шу йилнинг 25-26 май кунлари Ўзбекистоннинг қатор минтақаларида кучли ер силкинишлари қайд этилган.

Маркази Тошкент вилоятининг Тўйтепа ҳамда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманларида бўлгани айтилган зилзиланинг кучи, АҚШ Геология хизматига кўра, Рихтер шкаласи бўйича 5-5.5 ярим баллни ташкил этган.

Инсоний талофатлар ҳақида хабар олинмаган, аммо Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида кўплаб уйларнинг зарар кўргани, бинолар дарз кетиб, йўлларда ўпирилишлар ҳосил бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон матбуоти зилзила кучи 3-3.5 балл бўлиб, вайроналарга сабаб бўлмаганини айтган.

Ҳокимият зилзиладан моддий зарар кўрган аҳолига бирон ёрдам кўрсатгани маълум эмас.

'Дунё остин-устун бўлиб кетади'

Президент Каримовга кўра, Амударё ва Сирдарёнинг юқори қисмидаги давлатлар Ўзбекистон ва Қозоғистонни атроф-муҳитга таҳдид йўқлиги, дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган бу икки давлат "ҳозирги миқдорда ва хатто кўпроқ" сув олишда давом этишларига ишонтиришлари керак бўлади.

Жаноб Каримов айрим сиёсатчилар томонидан илгари сурилган сувни сотиш ғоясина ҳам қатъиян рад этган.

"Қўшни давлатлардан бирининг раҳбари сувнинг хомашё экани ва БМТ Низоми бўйича ўзларининг бор заҳиралардан фойдаланишга ҳақли эканликларини айтди. Агар сув хомашёга айлантирилиб, сотишни бошланса, дунё остин-устун бўлиб кетмайдими?", - деган Ўзбекистон Президенти.

Айни пайтда жаноб Каримов зиддиятли гидроиншоот лойиҳалари борасида қўшни давлатлар билан музокара олиб боришга тайёр ёки йўқлиги борасида бирон ишора бермаган.

Президент Назарбоев эса яна бир марта Қирғизистон ва Тожикистонни сув масаласида мулоқотга чақирган.

Кузатувчилар расмий Тошкент сув масаласида муросасиз мавқъеъни эгаллаганига эътибор қаратишади.

Ўтган йили Президент Каримов сув боис минтақада уруш чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

'Яқинлашув'

Кузатувчилар аҳолиси кўп Ўзбекистон ва нефтга бой Қозоғистон минтақада лидерлик учун курашиб келишини айтадилар.

Аммо Президент Каримов икки давлат минтақада рақобатчи эмасликларини айтган.

"Қозоғистон ва Ўзбекистон рақобатчи эмас, бўлмайди ҳам",- деган жаноб Каримов.

Унинг сўзларига кўра, икки давлатнинг "иқтисодий шарт-шароитлари бошқача ва мақсадлари ҳам тўқнашмайди".

Президент Назарбоевнинг Тошкентга сўнгги ташрифи минтақанинг икки йирик давлати ўртасидаги "яқинлашув" сифатида баҳоланмоқда.

Ташриф чоғида икки давлат раҳбарлари "Стратегик ҳамкорлик тўғрисида"ги битимни имзолашган.

Бунга қадар Остона ва Тошкент алоқаларини белгиловчи асосий ҳужжат "Абадий дўстлик шартномаси" эди.

Таниқли эксперт Александр Князевга кўра, "абадий дўстлик" давлатлар ўртасида зиддият йўқлигини англатса, "стратегик ҳамкорлик" маълум ҳолатларда биргаликда ҳаракат қилишни назарда тутади.