BBC navigation

Азимжон Асқаров рафиқаси халқаро ташкилотлардан кўмак сўради

Сўнгги янгиланиш 4 март 2013 - 14:23 GMT

Хадича Асқарова ёзишича, куч тизимлари 2010 йил июнь воқеаларини ўзларини танқид қилиб келган ҳуқуқ фаолидан қутулиш учун қулай фурсат деб билганлар.

Умрбод қамоқ жазосини ўтаётган қирғизистонлик ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг турмуш ўртоғи Хадича Асқарова халқаро ҳамжамиятга очиқ хат билан мурожаат қилган.

Ўз мактубида у турмуш ўртоғининг сохта айбловлар билан маҳкум этилганини урғулаган.

Хадича Асқаровага кўра, куч тизимлари 2010 йил июнь воқеаларини ўзларини танқид қилиб келган ҳуқуқ фаолидан қутулиш учун қулай фурсат деб билганлар.

Хадича Асқарова ўз мурожаатини БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссарлигининг Марказий Осиё идорасига, Оврўпо Иттифоқининг Қирғизистондаги элчилигига, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги идораси, АҚШ Давлат департаменти, АҚШ, Олмония ва Франция элчихоналарига, қатор халқаро ташкилотларга йўллаган.

"Турмуш ўртоғим Азимжон Асқаров 15 йиллик фаолияти мобайнида Бозорқўрғон туманида инсон ҳуқуқларининг даҳшатли поймол этилишларини ошкор этган", деб ёзган Асқарова хоним.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туман Ички ишлар бўлими ходимларининг ноинсоний муносабатлари оқибатида милицияхонада олтин инсон ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълумотларни ошкор этган.

У бозорқўрғонлик милиционерларнинг бошқа жиноятларини фош этган.

61 ёшли Азимжон Асқаров яқинда БМТга шикоят хати йўллаган эди.

Юз бетдан ортиқ шикоятда Асқаров ҳибсга олинган 2010 йил июнидан бошлаб қамоқда ишлатилган қийноқлар, адвокати билан учрашувларга изн берилмагани, тергов изоляторидаги чидаб бўлмас шароит, - ва бир неча ойлик қийноқ ва босимлардан сўнгги ҳукм - бир умрлик қамоқ жазоси ҳақида батафсил ҳикоя қилган.

Азимжон Асқаров Қирғизистон жанубида юз берган 2010 йилги этник зўравонликлар чоғида миллатлараро адоват қўзғаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш ва бир милиция ходимини ўлдиришда айбдор, деб топилиб, икки йил аввал бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Орада ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзининг бегуноҳ эканини айтиб, маҳкама ҳукми юзасидан қилган қатор шикоятлари қондирилмаган ва қатор халқаро ташкилотларининг уни озод этишга оид даъватлари ҳам самарасиз қолмоқда.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, Азимжон Асқаров ўз фаолияти ва миллати ўзбек эканлиги боис жазоланган, холос.

Таниқли инсон ҳақлари фаолининг рафиқаси Хадича Асқарова ўзининг очиқ мактуби ҳақида Би-би-сига қуйидагиларни сўзлаб берди.

Азимжон Асқаров рафиқаси Хадича Асқарова билан суҳбат

Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Хадича Асқарова қатор халқаро муассасаларга мурожаат этган.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.