BBC navigation

Россия мухолифати марказий осиёлик муҳожирларга қаршими?

Сўнгги янгиланиш 12 феврал 2013 - 16:12 GMT

Россия мухолифати мавжуд ҳокимиятни муҳожирлар оқимига қарши чора кўрмаётганликда айблаган

Россия мухолифатининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши Марказий Осиёнинг уч давлати-Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан виза тартибини жорий этишга чақирган.

Кенгаш қабул қилган баёнотда минтақадан муҳожирлар оқими тобора кўпайиб бораётгани, бу эса Россиянинг ўзидаги меҳнат бозорига путур етказаётгани айтилади.

Мухолифатга кўра, кўпчилик муҳожирларнинг ярим қуллик шароитларида яшашаётгани уларни жиноятчилар сафини тўлдиришга мажбур қилмоқда.

Россиядаги аксилмуҳожирлик кайфиятлари янгилик эмас, аммо ўтган йили Владимир Путиннинг учинчи муддатга Кремлга қайтиши манзарасида бошланган норозилик ҳаракати етакчилари биринчи марта бу каби баёнот билан чиқишмоқда.

Аммо Россиядаги "Сўл жабҳа"нинг ҳозирда уй қамоғида бўлган раҳбари Сергей Удальцовнинг Мувофиқлаштирувчи Кенгашдаги вакили Алексей Сахниннинг Би-би-сига айтишича, муҳожирлар масаласи мухолифат орасида бўлинишларга сабаб бўлган.

Алексей Сахнин: Россия мухолифатининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши ўзининг ишини қилаётгани йўқ. Мен буни бемаъни баёнот, деб ҳисоблайман. Мухолифат ичидаги айримлар аллақачон ўзларини Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, деб ўйлаб, бу борада меморандум қабул қилиш билан оворалар.Ваҳоланки, Россия мухолифати олдида бундан муҳимроқ вазифалар турибди. Мамлакатда норозилик ҳаракати фаолларига қарши репрессиялар авж олган, ижтимоий танглик кучайган бир пайтда бу каби баёнот қабул қилишни мен масъулиятсизлик, деб ҳисоблайман. Мен ва яна бошқа бир қатор сафдошларимиз бу баёнотга қарши эдик.

Би-би-си: Бу каби баёнотнинг мавриди бўлмагани учунми ёки унинг мазмунига қаршимисиз?

Алексей Сахнин: Биз қатор сабабларга кўра, бу баёнотнинг қабул қилинишига қарши эдик. Биринчидан, баёнот Россиядаги ҳақиқий вазиятга амалда ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Икинчидан, кун тартибидаги масалаларга умуман алоқаси йўқ ва бемаврид. Учинчидан эса, биз байналмилалчилар сифатида, умуман, ҳар қандай камситувчи қонунлар, жумладан, Марказий Осиёдаги собиқ ватандошларимизнинг ҳуқуқлари чекланишига мутлақо қаршимиз. Биз муҳожирлар масаласини қандайдир чекловлар ва репрессив чоралар билан эмас, балки ижтимоий ислоҳотлар воситасида ечиш керак, деб ҳисоблаймиз.

"Россиядаги йирик бизнес арзон ишчи кучига эҳтиёж сезаркан, ҳеч қандай виза тартиби ноқонуний муҳожирлик муаммосини ҳал қилмайди "

Алексей Сахнин

Би-би-си: Яъни сизнингча, виза тартиби ноқонуний муҳожирлар муаммосини ҳал қилмайди?

Алексей Сахнин: Бунга шубҳа йўқ. Биз кўраяпмиз, масалан, Қўшма Штатларда, Мексика чегарасидан ноқонуний кириб келганларни отиб ташлашади. Аммо бундан ноқонуний муҳожирлар сони камайиб қолаётгани йўқ, қайтага кўпаймоқда. Худди шундай вазият Оврўпода ҳам кузатилади. Вақти-вақти билан бизнинг Россия оммавий ахборот воситалари муҳожирлар ўтирган навбатдаги кеманинг чўкиб кетгани ҳақидаги хабарни тарқатишади. Қолаверса, Россияда виза тартиби амал қиладиган давлатлардан бўлган ноқонуний муҳожирлар ҳам тўлиб ётибди. Бой давлатлар учун хомашё ва арзон ишчи кучи манбаи бўлган қашшоқ давлатлар бор экан, ноқонуний муҳожирлик муаммоси сақланиб қолаверади. Россиядаги йирик бизнес арзон ишчи кучига эҳтиёж сезаркан, ҳеч қандай виза тартиби ноқонуний муҳожирлик муаммосини ҳал қилмайди. Қайтага, бу одамлар Россия бюрократиясига янада кўпроқ тобеъ бўлиб қолаверадилар. Россия бюрократияси эса бизнес билан чамбарчас боғланган.

Би-би-си: Ушбу баёнотнинг мазмунидан келиб чиқадиган бўлсак, Россиянинг ҳозирда Путинга қарши курашаётган "тизим ташқарисидаги мухолифат"и асосан, популист ва миллатчи сиёсатчилардан ташкил топган, деб айтишимиз мумкинми?

Алексей Сахнин: Россия мухолифати турли-туман кучлардан ташкил топган. Ўнг қанот кучлар, яъни миллатчилар учун Россиядаги муҳожирлар ҳамма муаммоларнинг негизини ташкил этади. Шу маънода Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг сўнгги баёноти мухолифат ичидаги либералларнинг миллатчилар томонига оғиши ҳисобланади. Кўпчилик либераллар халқ орасида дастакка эга бўлиш учун миллатчи шиорларни қўллаб-қувватлашади. Аммо шунга қарамасдан, миллатчи кайфиятдагилар мухолифат ичидаги кўпчилик, деб айтмаган бўлардим. Мен шахсан миллатчилик кайфияти россияликларнинг кўпчилигига хос эканига ҳам ишонмайман. Муҳожирлар масаласи бир неча йирик шаҳарлардагина долзарб ва бунга ҳам мавжуд ижтимоий муаммолар сабабчи.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.