BBC navigation

Сўх можароси Президент Каримов учун сиёсий синовми?

Сўнгги янгиланиш 27 январ 2013 - 17:46 GMT

Ўзбек томони Қирғизистонни Сўх атрофидаги вазиятни кескинлаштиришда айблаган

Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатларида юзага келган муаммолар ортида "ташқи кучлар" турганини айтган.

Ўзбекистон Президентининг баёноти Сўх атрофида Қирғизистон билан юзага келган можаро манзарасида янграган.

18 январ куни ҳукуматнинг 2012 йил якунларига доир мажлисида гапирган Президент Каримов "қўшнилар ўртасидаги можарони ташқаридан кузатиб турган ва оловга ёғ пуркаётган" кучлар борлигини айтган.

Жаноб Каримовга кўра, бу кучларнинг мақсади минтақа давлатларини бир-биридан ажратиш ва бу давлатларга хорижий сармоялар кириб келишига тўсқинлик қилишдир.

Президент Каримов аниқ бир давлат номини тилга олмаган, аммо таҳлилчилар жаноб Каримовнинг бу каби ишоралари Россияга қаратилганига ишонишади.

'Бурнининг тагидаги муаммо'

Халқаро Инқироз гуруҳининг Бишкекдаги тадқиқотчиси Диедре Тайненнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, кейинги пайтларда Марказий Осиёда ташқи кучлар ҳақидаги афсоналар урчиб кетган.

"Амалда эса ҳозирги муаммолар минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан яратилган. Эҳтимол, Каримов яқинда тожик хавфсизлик кучлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига қарши олиб борган амалиётни назарда тутаётгандир. Аммо Сўх атрофидаги ҳозирги муаммо ташқаридаги эмас, балки жаноб Каримовнинг шундоққина бурнининг остидаги муаммодир", - дейди таҳлилчи.

Брюсселда жойлашган тадқиқот маркази вакилига кўра, Сўх атрофидаги сўнгги воқеалар Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисми ҳамда Қирғизистон жанубидаги умумий тангликни кучайтирган.

"Бу танглик Фарғона водийсида фақат маҳаллий эмас, балки Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги халқаро зиддиятни келтириб чиқариш салоҳиятига эга. Шунинг учун ҳар икки давлат раҳбарияти муаммони жиддий қабул қилиб, уни ечиш учун қатъий ҳаракатларни қилишлари жуда муҳим", - дейди у.

Диедре Тайненнинг айтишича, чегалар демаркациясини тезлаштириш бу тангликни юмшатишга ёрдам бериши мумкин.

"Жараённи олдинга силжитиш учун қирғиз ва ўзбек томонлари биринчи навбатда Фарғона водийсида миллий ва чегара масалаларининг мураккаб масалалар эканини тан олишлари ҳамда муаммоларни маҳаллий даражада ечиш йўлларини қидиришлари керак бўлади. Сўх анклави Ўзбекистоннинг бир қисми бўлиши билан бирга, у ерда асосан этник тожиклар яшашини ёддан чиқармаслигимиз керак", - дейди таҳлилчи.

Андишами ё қўрқоқлик?

Ўзбек расмийлари уч ҳафтадан буён давом этаётган чегара зиддияти ва Сўх атрофида юзага келган инсоний инқироз борасида сукут сақлашмоқда.

Ўзбекистон матбуоти Сўх воқеаларини умуман эътиборсиз қолдирган.

Аммо Eurasia.net нашрининг Тошкентдаги манбаълардан иқтибос келтиришича, "сукут пассивлик белгиси сифатида кўрилмаслиги керак".

Нашрнинг Фарғона водийсидаги Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматига яқин манбаъга таяниб ёзишича, Сўх қамали ўзбек махсус хизматлари ва ҳарбийлари орасида бўлинишларга сабаб бўлган.

"Айрим юқори мартабали генераллар, улар асосан Давлат чегара кўмитасидан, Сўх атрофидаги қамални олиб ташлаш учун ҳарбий амалиёт ўтказишни таклиф қилишгани ҳақида хабарлар бор", - деб айтган ушбу манбаъ.

Eurasia.net нашрига кўра, Сўх можароси Каримов учун сиёсий синовга айланган.

Номи ошкор этилишини истамаган юқори мартабали ўзбек дипломатига кўра, Президент Каримов ҳарбий ҳаракатларга қарши.

"Президент Каримов ҳарбий амалиётга мутлақо қарши. У чегара уруши бутун минтақадаги вазиятни беқарорлаштиради, деб ишонади. Қирғизистоннинг Ўзбекистон яқинда тарк этган Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Ташкилотига аъзолиги ҳам Каримовнинг нуқтаи назарига сезиларли даражада таъсир кўрсатган", - деб айтган ўзбек дипломати Eurasia.net билан суҳбатда.

Ўзбекистон Президенти ўзининг ашаддий тинчликпарварлиги билан ном чиқармаган, аммо Eurasia.net нашрининг ёзишича, жаноб Каримовнинг 6 январ воқеалари чоғида қирғиз томонига етказилган моддий зарарни зудлик билан қоплашга буйруқ бериши унинг қанчалик хавотирда эканини кўрсатади.

Ҳар икки томон Сўх атрофидаги зиддиятни тинч йўл билан ечиш тарафдори эканликларини айтишган, аммо ҳозиргача олиб борилган музокаралар Ўзбекистоннинг Сўх ҳамда Қирғизистоннинг Барак анклавлари атрофидаги қамални бутунлай олиб ташлай олмаган.

Жума куни томонлар чегарани инсонпарварлик ёрдамлари учун очганликлари хабар қилинган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.