BBC navigation

Патриция Флор: минтақа муаммолари юзасидан очиқ мулоқот бўлди

Сўнгги янгиланиш 7 декабр 2012 - 15:50 GMT

Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осий бўйича вакили Патриция Флор, минтақа мамлакатларидаги ислоҳотлар учун вақт талаб этилади, дейди.

Оврўпо Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича вакили Кэтрин Эштон Марказий Осиё давлатларига сафар қилиб қайтди.

Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар вазири сифатида кўрилган шахснинг Марказий Осиёга сафари иттифоқнинг минтақага эътибори ортиб бораётганини кўрсатади.

Бунга бир сабаб - Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиёдаги йирик энергия заҳираларига бўлган эҳтиёжи бўлса, иккинчи сабаби - Афғонистонга боғлиқ муаммолардир.

Аммо, бошқа томондан, инсон ҳуқуқлари вазияти абгор бўлган Марказий Осиё билан ҳамкорлик Оврўпо Иттифоқи учун бош оғриғи ҳамдир.

Устига-устак минтақа давлатлари сув ва энергетика масалаларида катта келишмовчиликларга эга.

Патриция Флор Кэтрин Аштон сафарига ҳамроҳлик қилган Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича вакилидир.

Би-би-си ундан ушбу ташриф давомида Роғун ва Қамбарота каби зиддиятли лойиҳаларга минтақа давлатларининг муносабатлари ўзгараётганини кўрдингизми, деб сўрадик.

Патриция Флор: Тарафлар сув тақсимоти масаласида анчадан буён бир мавқеъни маҳкам тутиб келишаяпти. Биз ўртадаги фарқни аритиш мақсадида Бишкекда Марказий Осиё мамлакатлари вазирлари учрашувини ташкиллаштирдик. Унда муаммо юзасидан жуда очиқ мулоқот бўлиб ўтганига гувоҳ бўлдим. Менимча, бу жуда яхши аломат, чунки ҳаммага маъқул ечимни топиш учун мулоқот ўтказиш кераклигини барча яхши тушуна бошлаган.

Би-би-си: Масалан, Роғун ГЭСини қуриш масаласида ҳамма Жаҳон Банки ҳисоботига қараб турибди. Ҳисобот хулосалари қандай бўлишига қараб, келишувга эришилади деб ўйлайсизми?

Патриция Флор: Тожикистон ва Қирғизистонда мавжуд йирик гидролойиҳалар бўйича Оврўпо Иттифоқи мавқеъи шундайки, бундай лойиҳаларга баҳо беришдан олдин мустақил ва бетараф экспертларнинг хулосасига эҳтиёжингиз бўлади. Гидроиншоотлар қурилаётган жойлар сейсмик фаол ҳудудлар ҳисобланади. Шунинг учун илк навбатда зарурий текширувлар ўтказилиши керак. Аммо иккинчи томондан, агар бу лойиҳалар қўшниларингизга хуш келмаса ва минтақа манфаатларига таъсир кўрсатса, у ҳолда норози қўшнилар билан маслаҳат учрашувлари ўтказишингиз керак.

Би-би-си: Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларида энг оғриқли нуқта инсон ҳуқуқлари ҳисобланади. Баъзи кузатувчиларга кўра, Оврўпо Иттифоқи вакилининг Тошкентда қилган баёнотида инсон ҳуқуқлари деярли тилга олинмаган. Бу Оврўпо Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари масаласида бир неча йилдан буён олиб бораётган мулоқоти натижаси амалда ҳеч қандай натижа бермаганини англатадими? Чунки ҳар гал инсон ҳақлари масаласи кўтарилса, Тошкент "тўнини тескари кийиб олади". Бу гал ҳам шундай бўлдими?

Патриция Флор: Йўқ, аслида мен вазият сиз айтгандай деб ўйламайман. Мен инсон ҳуқуқлари масаласида 6 ноябр куни Брюсселда Ўзбекистон билан бўлиб ўтган диалогга гувоҳ бўлдим. Ўзбекистон Адлия вазирлигидан бўлган вакиллар бу масалада биз билан бир кун давомида мулоқот қилишди. Мен, шу маънода, диалог йўқ, деб айта олмайман. Мен яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: Марказий Осиёга сафаримиз чоғида у ердаги барча давлатлар вакиллари қонун устуворлиги, мамлакатни тўғри идора қилиш ва демократия уларнинг ўзлари учун, мамлакатларининг ривожланиши учун жуда ҳам зарурлигини айтишди. Улар бунинг учун уларга вақт керак бўлиши, уларнинг ўзлари ўз йўлларини топишлари лозимлигини айтишди ва биз бу нуқтаи назарни инобатга олдик. Аммо биз уларга ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишда ҳамкорлик ва ёрдамга, бунинг учун зарур бўлса, мутахассислар билан таъминлашга ва алоқадор шахсларни тайёргарликдан ўтказишга ва ўз тажрибамизни баҳам кўришга тайёрлигимизни билдирдик.

Би-би-си: Бизга вақт керак, биз ўз йўлимизни ўзимиз топишимиз керак, деган гаплар кўп йиллардан буён гапириб келинади. Лекин, шу ўринда савол туғилади: Яна қанча вақт керак? Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари айтмоқчи, ҳар куни инсон ҳақларини поймол этувчи мамлакатларга Оврўпо Иттифоқи яна қанча муҳлат бериши керак?

Патриция Флор: Биз бу жараёнлар ҳақида тарихий тажрибаларга таяниб гапирамиз. Мен олмонияликман ва биз Олмониянинг бирлаштириш тажрибасига эгамиз, бундай ишларни амалга ошириш учун вақт керак. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилишда биз учун бу жараёнларни тезлаштириш албаттаки манфаатли. Қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ички барқарорликка боғлиқ, минтақанинг тинч бўлишини эса барча истайди. Зеро хорижий сармояларни жалб этишнинг асосий омилларидан бири бу. Шундай экан, инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш барчанинг манфаатига хизмат қилади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.