BBC navigation

Постсовет Қирғизистонда қишлоқ ўқитувчиси: 'Яланғоч ботир' ё-да, жабрдийда ва давлат агенти бўлиб жон сақлаш

Сўнгги янгиланиш 22 ноябр 2012 - 16:49 GMT

Дамира Уметбаева - Франкфуртдаги Виадрина Оврўпо Университети аспиранти. У Қирғизистонда таълим тизимини яхшилашга қаратилган қатор илмий изланишлар ташаббускори ҳамдир. Мана шундай ташаббуслардан бири 'Mуаллим' нодавлат ташкилоти бўлиб, у Олмония ва Қирғизистондаги ёшлар томонидан юргизилади.

"Совет Иттифоқи даврида ўқитувчилар худди вазирлардек ойлик олиб, яшашарди". "Ўтмишда ўқитувчиларни ҳамма, ҳатто президент ҳам ҳурмат қиларди, чунки улар яхши пул топишар, шу билан бирга билимли эдилар".

Бу - Жанарбекнинг ўтмишдаги ўқитувчилик фаолияти борасидаги хулосалари. У ўз фикрларини ҳозирги қишлоқ ўқитувчиси ижтимоий-иқтисодий мавқеидан келиб чиқиб гапиради.

Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, Қирғизистонда таълим сифати, бошқа ижтимоий хизматларники каби кескин тушиб кетди.

СССР парчаланганидан бери мамлакат кўплаб соҳалар, жумладан, маориф тизимига ҳам дастакни йўлга қўя олмади. Социализм даврида Шўро давлати бу соҳага тўла ва нисбатан саховатпешалик билан маблағ ажратарди.

Натижада, таълим секторида жуда кўп жиддий муаммолар юзага келди: агар улар тезроқ ҳал этилмаса, Қирғизистон маориф тизими буткул қулаши мумкин.

Жанарбекнинг ҳикояси постсовет ҳудудидаги Қирғизистонда иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар қанчалар катта бўлгани, уларнинг таълим секторига таъсири ва бу таъсир қишлоқ ўқитувчиси кундалик турмуши, муаммолари, шубҳа-гумонлари, орзу-умидларини қай йўналишга солаётгани борасида маълум тасаввур беради, деб умид қиламан.

Жанарбек - Қирғизистон шимолидаги қишлоқ ҳудудларидан бири тарих ўқитувчиси. У 27 йилдан ортиқ вақтдан бери мактабда дарс беради.

Жанарбек рафиқаси ва уч ўсмир боласи билан ижарада яшайди. У бу ерга мамлакат жанубидаги тоғли Чонг-Алай минтақасидан яхшироқ ҳаёт илинжида кўчиб келган. Жанарбек маошининг ярмидан кўпини ижара учун
беради.

Ўзи пули топиш учун ҳар куни эрталабки соат 7дан то кечки 6гача мактабда, имкон қадар кўпроқ дарс соатлари олган.

Ваҳоланки, унинг ойлиги оиласи учун кунлик нон пули ҳам бўлмайди. Шунинг учун, у қишлоқ дўконларидан бирида ота-онасига кўмаклашадиган ўқувчисидан нонни қарзга олади.

Жанарбек маоши қўлига тегиши билан ўқувчисига қарзини тўлайди ва эртасиданоқ то кейинги ойлиги келгунга қадар яна нон қарзга олинади.

Жанарбекдан ҳозиргача қайси мамлакатларда бўлгани ҳақида сўрасангиз, у болаларча ночорлик, умидлари пучга чиққан кайфиятда эса-да, самимийлик билан жавоб беради. У, гарчи ўқувчилари дунёнинг турли бурчакларида эсалар-да, ўзи ҳеч қаерга бормаганини айтади. Жанарбек китоблардан ва тарих дарсликларидан билган жойларга боришни орзу қилади, Бироқ, бундай саёҳат учун эса, унда маблағ нима қилсин...

Жанарбекнинг бошқа орзулари ҳам бор: у ўз мактабида тарихий музей очмоқчи ва синфхонасини безамоқчи эди. Аммо, ҳамма гап яна пулга бориб тақалди...Етишмовчилик.

Бунинг ўрнига, у ўз маошидан тарих дарслари учун қўлланма ва дарсликлар сотиб олиши керак эди. Ҳукумат бошқа мактабларда бўлгани каби унинг ҳам мактабини китобу қўлланмалар билан таъминламайди.

Вазият ёмон. Фақат Жанарбекда тарих дарси учун лозим бўлган дарсликлар бор. У буларни икки ой ўзи ва оиласининг рўзғоридан чегириб олган. Агар унинг ўқувчилари Жанарбек ўтадиган дарслардан манфаат кўришса, бу каби "қурбонликни" оқласа бўлади.

Аммо, аксарият Жанарбекнинг дарсларига келмайди. Баъзида бу уларнинг ўқишга рағбатлари йўқлиги билан боғлиқ бўлса, баъзан эса бу болаларнинг чекига ҳам рўзғор ташвиши тушгани сабаблидир. Кимдир далага чиққан, кимдир оилавий дўкону кичик корхонада...

Бошқа бир муаммо шуки, ёш ўқитувчиларда малака етишмайди...Аввалига улар озчилик, аммо бошқа томондан бу ёш ўқитувчилар Жаранбекка кўра, "яхши таҳсил кўрмаган, аксарияти дипломини сотиб олган".
Жанарбекнинг бу сўзларида жон бор.

Қирғизистон Шўролар йиқилганидан кейин рўпара бўлаётган муаммолардан бири мактабларда малакали ва ўз касбини севган ўқитувчиларнинг озайиб кетгани билан боғлиқ.

Ойликларнинг жуда ҳам оз бўлганидан аксарият бошқа жойларда ишлаб бир неча баробар кўпроқ пул топишни афзал билади.

Мактабларда қолиб дарс бераётган ўқитувчиларнинг аксарияти ё бошқа яхшироқ пул тўлайдиган иш тополмаганларидан ва ё қишлоқ жойларидан муқобил иш ўринлари бўлмаганидан мураббийлик қилишади.

Мен ўз лойиҳам учун мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашдим. Қирғизистон таълим соҳасида халқаро ташкилотларнинг тадқиқот ва маълумотлари билан танишиб чиқдим.

Ана шу изланишларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Жанарбек каби муаммоларга юз тутаётганлар мамлакатда оз эмас.

Ёш ўқитувчилар муаммоси яқин ўртада ҳал этилмаслиги аён. Қишлоқ жойларида эса Шўролар даврида сабоқ чиқарган Жанарбек каби жонкуярлар бор экан вазият бир қадар яхшироқ...

Аммо уларнинг сони йил сайин камайиб бормоқда. Кейин болаларимизни ким ўқитади? Ўқитувчиларнинг ойлиги рўзғор тебратиш учун етарли бўлиши керак...

Уларни бу каби аянчли вазиятга ташлаб қўймаслик шарт. Жанарбек Худонинг ёрдами ва бир кун давлат кучли бўлишига умид қилади ва шунда ўқитувчиларнинг маоши ҳам ортади дейди.

"Жамиятда яна уларнинг ҳурмати ошади" деб ният қилади. Аммо, бу орзулар рўёбга чиқиши учун у яна қанча кутиши керак?

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.