
Туркманистонда полиция бўлинмаларидан бири президент Гурбангули Бердимуҳаммедов отасининг исм-шарифи билан аталадиган бўлди.
Аён бўлишича, Туркманистон парламенти Маликгули Бердимуҳаммедовнинг мамлакат Ички ишлар вазирлигидаги узоқ йиллик хизматлари учун уни шу йўл билан тақдирлашга қарор қилган.
Бу ҳақда Туркманистон давлат матбуоти хабар тарқатган.
Туркманистонда давлат раҳбари ота-онасининг исми билан кўча ва давлат ташкилотлари номини аташ марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзов даврида кенг тарқалган эди.
Мамлакатда бир қанча ҳайкаллар жаноб Ниёзов ота-онасининг номи билан аталган, Хотин-қизлар ва Ногиронлар уюшмасига ҳам онаси ва отасининг номи берилганди.
Президент отаси
Туркманистонни ёритувчи қатор интернет нашрлари тарқатган хабарларга кўра, Маликгули Бердимуҳаммедов Ички ишлар вазирлигининг 1001-сонли Ашхободдаши бўлинмасида эллик йил бурун хизмат қилган.
"Туркменистан: золотой век" интернет порталининг архив ҳужжатларига таяниб ёзишича, туркман раҳбарининг отаси шахсий таркиб билан сиёсий иш олиб борувчи йўриқчи бўлган.
1982 йилда полковник вазифасида Туркманистон Ички ишлар вазирлигидан истеъфога чиққан.
Маликгули Бердимуҳаммедов номи берилган полиция бўлинмасида унинг иш кабинети қайта тиклангани ва шарафига музей ҳам очилгани айтилади.
Туркменистан.ру веб саҳифаси тарқатган хабарларга кўра, куни-кеча президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўзи ҳам ушбу ҳарбий бўлинмага ташриф буюриб, давлат хавфсизлик кенгашининг кўчма йиғинини ўтказган.
Янги президент
Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистонда чексиз қудратга эга.
Аммо ҳокимиятининг дастлабки йилларида марҳум туркманбошининг шахсга сиғиниш сиёсатидан воз кечаётгандек кўринганди.
Сўнги йилларда эса, буларнинг барчаси анчайин ўзгаришларга юз тутган.
Ўтган йил охирларида президент Бердимуҳаммедовнинг ўқитувчи бобосига бағишланган илк романи нашрдан чиққанди.
Рус ва туркман тилларида ёзилган асар ўтган октябр ойида Туркманистон Фанлар Академияси томонидан Марида ташкил этилган илмий анжуман чоғида кенг жамоатчиликка тақдим этилганди.
Ўшанда ҳам, президент ўғлининг биринчи романига кириш сўзини отаси – Маликгули Бердимуҳаммедов ёзгани айтилганди.
Бундан ташқари, Туркманистон президентининг собиқ Туркманбоши, марҳум Сапармурот Ниёзовнинг Руҳномасининг ўрнига ўрин туркман халқига ўз илоҳий йўл-йўриқлари битилган асарини чоп этишга ҳозирлик кўраётганига оид хабарлар ҳам тарқалганди.
Туркманистон парламенти яқинда президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга "Туркманистон қаҳрамони" унвонини беришга қарор қилганди.
Туркман президентининг отаси билан боғлиқ сўнгги янгилик эса, Туркманистонда президентлик сайловларига саноқли кунлар қолган бир пайтда ўртага чиқмоқда.












