Қирғизистон жанубидан олинган хабарларга кўра, 2010 йилги июн қирғинидан жабр кўрган барча туман аҳолиси қишнинг қировли кунларида фавқулодда ёрдамга эҳтиёжманддир. Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида ҳаво ҳароратининг -50га қадар тушиб кетгани айтилганди.

Қирғизистон жанубидан олинган хабарларга кўра, 2010 йилги июн қирғинидан жабр кўрган барча беш туман аҳолиси қишнинг қорли, қировли кунларида фавқулодда ёрдамга эҳтиёжманддир.
Бу йил қиш минтақанинг барча давлатларида ниҳоятда совуқ келган, Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида ҳаво ҳароратининг -50га қадар тушиб кетгани айтилганди.
Жанубий Ўш шаҳрининг июн қирғинидан энг кўп зиён чеккан Черёмушки маҳалласида жабрдийдаларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказини юритувчи фаол Иззатулла Раҳматуллаев бугун ёрдамга муҳтож хонадонлар ўнлаб эканини таъкидлайди.
"Бугун ишга келсак, қирққа яқин эркак ва аёл қабулхонамиз ёнида туришибди. Ҳаммалари ўтин, кўмир, озиқ-овқат тақчиллигидан шикоятдалар. Яна оёқ кийимлари йўқлигидан арз қилишди", дейди у.
Фаолга кўра, эҳтиёжмандларнинг шикоятлари асосида БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги, ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг маҳаллий ваколатхоналари ва маҳаллий ҳокимият идораларига мурожаат этган бўлишса-да, бугунги кунга қадар улардан ҳеч бир ёрдам бўлмаган.
Улар, "Бу йил Қирғизистон жанубидаги миллий низо жабрдийдаларига инсонпарварлик ёрдамлари кўзда тутилмаган, деб, лўнда қилиб жавоб беришди", дейди фаол.
Вазият
Иззатулла Раҳматуллаев яшаб турган вазиятларидан бохабар бўлиш учун шахсан ўзи эҳтиёжманд хонадонларда ҳам бўлиб қайтганини айтади.
Унга кўра, этник зўравонликлар ортидан халқаро ташкилотлар томонидан қуриб берилган вақтинчалик уйлар аксариятининг печкаси йўқ.
"Одамлар сандал қуриб олиб, у ер, бу ердан озгина шохча ёки нимадир ёқилғи топиб, ёқиб, чўғ қилиб, ўшанинг атрофида ўтиришибди. Кеча хорижий журналистлар билан бирга борган бошқа бир хонадонимизда эса, олтита ёш бола бор экан. Ҳаммасининг оёғида Хитойнинг резина шиппаги. Даҳлизда иккита калиш турибди, ўшани навбат билан кийиб, эшикка кириб, чиқишаркан", дейди фаол.
Аён бўлишича, ерда ҳалиям 20 сантиметргача қор бор, кундузлари ҳаво ҳарорати -5 бўлса, кечаси -10, 12 даражагача совуқ.
Фаол жабрланган туманларда умуман газ йўқлиги, электр таъминотининг ҳам узуқ-юлуқ экани, электр токининг ўчиб қолиши ўзлари яшаб турган ҳудудда ҳаётнинг тўхтаб қолишини англатишини айтади.
Унга кўра, Қирғизистон жанубидаги бешта жабрланган туманнинг барчасида вазият бир хил.
"Эҳтиёжманд одамлар қариндош-уруғларидан қарз олишяпти, Россияда ишлаётган яқинлари юбораётган беш-ўн сўм пул орқасидан тирикчиликларини ўтказишаяпти, низолар чоғида қурбон бўлган яқинлари учун товон пули олган одамлар қўни-қўшниларига озгинадан ёрдам беришаяпти. Ёзи билан мавсумий ишларда ишлаб, бугунги кунда ишсиз қолган оилаларнинг аҳволлари жуда-жуда оғир", дейди фаол.
Июн воқеалари юзасидан текширув ишлари олиб борган халқаро ҳайъат хулосаларига кўра, тўрт кунлик низолар чоғида Черёмушкидаги ҳовли-жойларнинг 75 фоизчаси вайрон бўлган.
Қирғизистон жанубидаги мавжуд вазият қиш арафасида агар эҳтиёжманд жабрдийдаларга ўз вақтида инсонпарварлик ёрдами кўрсатилмаса, инсоний бўҳрон ҳам юз бериши мумкин, деган хавотирларга етаклаганди.
Чорасиз аҳвол
Қирғизистонлик масъулларга кўра, қарийб икки йил олдин июн ойида мамлакатнинг жанубий минтақаларида кечган миллий зўравонликлар оқибатида ўн минглаб иш ўринлари йўқотилган.
Уларнинг таъкидлашларича, қарз олиб, савдо-сотиқ билан шуғулланаётган тижоратчилар бор-будлари қолиб, иш жойларидан ҳам айрилишган. Ва шу сабабдан ҳам, энг аввало ушбу муаммо ҳал этилмоғи лозим.
Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар асосан тижорат билан шуғулланиб келишган. Дўкон, нонвойхона, турли кичик корхоналарни юритиб, шунинг орқасидан даромад қилишган.
Қонли зўравонликлар ортидан уларнинг аксарияти вайрон этилган ёки ўт қўйилган.
Миллий низолар чоғида, бундан ташқари, юзлаб одамлар қурбон бўлган, кўплаб турар-жойларга зиён етган ва ўн минглаб одамлар ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.
Халқаро ҳамжамият эса, 2010 йил август ойида жанубий минтақаларини қайта тиклаш учун Қирғизистонга бир миллиард доллардан ортиқроқ маблағ ажратишга ваъда берганди.
* Тўлдириш шарт бўлган жойлар
BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.
Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.