
Жанаўзендаги тўқнашувлар билан алоқадорликда 5 полиция масъули устидан жиноий иш очилди
Қозоғистон Бош прокуратураси Жанаўзендаги қонли тўқнашув ташкилотчилари ва намойишчиларни отишда айбдорларни маълум қилди.
5 полиция масъули устидан жиноий иш очилди ва шаҳар ҳокими коррупцияга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди.
Яна бир неча мухолифат вакиллари ва намойиш иштирокчилари тартибсизликларга алоқадорликда гумон этилиб, сўроқ қилинмоқда.
Жанаўзен шаҳрида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланиб, 6 кишига жиноий иш очилган.
Қозоғистон Бош прокурори Асхат Даулбаев ташкилотчиларнинг фақат фамилиясини айтган ва уларнинг ҳибсда эканлигини маълум қилган.
Бундан ташқари, прокурор тартибсизликларнинг яна 23 фаол иштирокчиси ва талон-тарожда иштирок этган 11 кишининг ҳибсга олинганини билдирди.
Улар оммавий тартибсизликларга олдиндан тайёргарлик кўрганликларини билдиришди. Шу мақсадда шишаларга ёнилғи солиб тайёрлаган ва қўлбола қуроллар билан қуролланган ёшлар гуруҳини жалб қилишган, - дейди Бош прокурор.
Намойишга чиққан нефтчилар ва полиция ўртасида декабрда бўлиб ўтган тўқнашувда расмий маълумотларга кўра 14 киши ҳалок бўлган, яна икки киши ушбу отишмаларга алоқаси бўлмаган ҳолда ўлган. 64 одам ўқ еб яраланган. Оммавий тартибсизликлар вақтида шаҳардаги 100 дан ошиқ бино таланган ёки ёқиб юборилган.
Жанаўзендаги тўқнашувларни ўрганиш мақсадида тузилган мустақил комиссия маҳаллий аҳолига таяниб, тартибсизликлардан сўнг полиция ўта шафқатсиз бўлганини ва оммавий равишда эркакларнинг ушланаётганини билдирганди. Ҳукумат ушбу айбловларни кескин рад қилди.
Полициячилар...
Бош прокурор, шунингдек, тартибсизликларни қурол билан бостиришда ваколатини суиистеъмол қилганликда айблаб, полициячиларнинг ҳам жавобгарликка тортилганини билдирди.
Бош прокуратура полициянинг ҳаракатлари асосан қонун доирасида бўлганини, аммо айрим ҳолларда қон тўкилишига олиб келган ваколатни суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳам бўлганини маълум қилди.
Уч нафар полиция мансабдори ноҳақ қон тўкилишига бевосита айбдор дея сўроқ қилинмоқда.
Яна икки полиция амалдори устидан жиноий иш очилган. Жанаўзен шаҳар Ички ишлар бошқармаси вақтинча сақлаш изолятори раҳбари Темиров тергов изоляторида Базарбай Кенжабаевни ноқонуний равишда ушлаб туришда ва унинг ўлимига сабаб бўлган ўз вақтида хастахонага ётқизмасликда айбланмоқда.
Қўл остидагиларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатмаганликда айбланиб, Манғистау вилоят ички ишлар департаменти раҳбарининг ўринбосарига ҳам жиноий иш очилган.
Бунгача расмийлар Жанаўзендаги оммавий тартибсизликни бостиришда полиция кучлари мутлақ қонун доирасида ҳаракат қилганини таъкидлаганди.
Ҳуқуқ-тартибот органларининг тартибсизликларни тўхтатиш талабига бир гуруҳ безорилар полиция ходимларининг қуролларини тортиб олиш мақсадида ҳужум билан жавоб берди. Аммо улар бунга йўл қўйишмади, - деган эди давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев.
Аммо
Бироқ интернетга сиздирилган видеотасвир бунинг аксини кўрсатади. Ушбу тасвирларда полиция қочиб кетаётган одамларга қарата ўқ узгани акс этган.
Оқибатда оммавий тартибсизликка олиб келган ижтимоий тангликнинг кўтарилиши ва нефтчиларнинг узоқ муддат иш ташлашига маҳаллий ижроий орган масъуллари ва нефт компаниялари раҳбарларининг ноқонуний ҳаракатлари ҳам сабаб бўлди, - дейди Бош прокурор Асхат Даулбаев ўз ҳисоботида.
Жанаўзен шаҳринниг собиқ ва ҳозирги ҳокимлари ижтимоий-иқтисодий мақсадда ажратилган пулларни ўзлаштиришда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилди.
Бош прокуратура оммавий тартибсизликларнинг келиб чиқишига учинчи шахсларнинг ишдан ҳайдалган нефтчиларни норозиликни давом эттиришга ва ҳукуматга қарши туришга чақириши ҳам сабаб бўлганини урғулади.
Бундан ташқари, Владимир Козлов, Айжангул Амирова ва Серик Сапаргали каби мухолифатчилар Жанаўзенда ижтимоий адоват қўзғашда айбланиб ҳибсга олинди.
Взгляд мухолифат газетаси Бош муҳаррири Игор Винявский конституцион тузумни ағдаришда айбланиб, ҳибсда ушлаб турилибди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари мухолифатга нисбатан айбловлар қалбаки эканлигини ва уларнинг озод қилинишини талаб қилишмоқда.
Бир неча халқаро ташкилотлар Қозоғистон ҳукуматига мурожаат билан чиқиб, мухолифат вакилларининг ҳибсга олинишини қоралашган ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақиришган.











