
"Телерадио ёйинлари" тўғрисидаги қонун, танқидчиларга кўра, Қозоғистонда ахборот олиш имконларини чеклаб қўяди
Қозоғистон президенти "Телерадио ёйинлари" тўғрисидаги қонунга имзо чеккан.
Қонуннинг асл мақсади бутун Қозоғистон ҳудудини рақамли телерадио ёйин билан қамраб олиш эканлиги айтилмоқда.
Аммо Қозоғистонлик ҳуқуқбонлар ва мустақил телерадиокомпаниялар қонунда ахборот олиш эркинлигини чекловчи бандлар борлигини урғуламоқда.
ОҲХТ Қозоғистон президентидан ушбу қонун лойиҳасига вето қўйишни ва муҳокама учун имкон беришни чақирганди.
Қозоғистонлик расмийлар ушбу қонун мамлакатдаги телерадио каналлар ўртасида рақобатни кучайтириб, соҳанинг гуркираб ривожланишига сабаб бўлишини айтишмоқда.
Қонун бўйича 2015 йилгача Қозоғистондаги барча теле ва радио каналлар рақамли эфирга ўтиши керак, оддий форматда ишловчилар кабел телевидениесига ёки интернетга ўтишга мажбур бўлади.
Ҳукумат Қозоғистондаги 30 телеканалга эфирга чиқишни таъминловчи мултиплекс тармоғига уланиш имконини яратмоқчи.
Аммо қолган 20 дан ортиқ нодавлат, маҳаллий каналлар ушбу қарордан норози.
"Ушбу тармоққа давлатга қарашли телеканаллар киришга муваффақ бўлган. Оврўпа меъёрлари бўйича, ҳукуматга қарашли каналлар камайиб, ўрнини жамоат каналлари эгаллаши керак", - дейди Қозоғистон миллий телерадио ёйинлар ассоциацияси ижрочи директори Шолпан Жаксибаева
Расмийлар ушбу қонун адолатли рақобатни яратиб беришини ва маблағи бор маҳаллий каналлар ўзларининг мултиплекс тармоғини қуриб олиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Аммо хусусий телеканал раҳбарлари уларда ушбу тармоқни тузиш учун етарли маблағ йўқ эканлигини ва бу телеканалнинг ёпилиб кетишига олиб келишини айтишади.
"Расмийлар ҳеч қандай эътироз билдирмаслиги мумкин, аммо иқтисодий жиҳатдан истаган телеканалини тиз чўктириши мумкин. Аммо биз ҳам 15-20 йилдан бери ишлаб келаяпмиз ва четда қолишни истамаймиз", - дейди "6 канал" директори Омарбек Байуваков.
Қонуннинг эътирозга сабаб бўлган яна бир томони шуки, энди Қозоғистон ҳудудида эфирга эга бўлган хорижлик телерадио каналлар Қозоғистон идораларидан рўйхатдан ўтишга мажбур бўлади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва кабель телеканал раҳбарлари ушбу амалнинг имконсиз экани ва бу тўғридан тўғри ахборот олиш имконини чеклашга қаратилганини айтишмоқда.
"Ушбу қонуннинг бош мақсади бор, у ҳам бўлса Қозоғистон жамиятини ахборот манбаидан узиб қўйиш ва жамиятнинг тўсиқсиз ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини чеклашдир", - дейди "Одил сўз" жамғармаси раҳбари Тамара Калеева.
Журналистлар ҳимоячиси қонундаги йўлдошли антеналарга оид бандлар Қозоғистонда янги таъқиқларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтади.
Қонун бўйича мамлакатдаги йўлдошли антенналар махсус сертификатга эга бўлиши керак.
Ҳуқуқбонлар Қозоғистондан миллиондан ортиқ йўлдошли антенналар борлигини ва уларнинг барчасига сертификат олиш имконсизлигини айтишади.
Калеева хонимга кўра, ушбу антенналарни назорат қилиш маҳаллий ҳокимиятлар зиммасига юкланади.
Маҳалла ёки шаҳарнинг кўркини бузаётганликда айблаб ушбу антенналар олиб ташланиши мумкин.
"Албатта, ҳокимиятдан ҳеч ким йўлдошли антенналарни арралаб олиб кетмайди. Балки турли жарима, огоҳлантириш билан одамларнинг ҳоли жонига қўймайди ва антенналарнинг эгалари ўзлари олиб ташлайди", - дейди Тамара Калеева.
ОХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович ушбу қонун эркин ахборот олиш бўйича инсон ҳуқуқларини бузишини айтиб чиқди.
Миятович хоним Президент Назарбоевга мурожаат билан чиқиб, қонунга вето қўйишни ва кенгроқ муҳокама учун имконият яратишни сўради.
Аммо мамлакат президенти ушбу мурожаатларга қарамасдан қонунни имзолади.
Қонунни ишлаб чиққан Алоқа ва ахборот вазирлиги шу кунларда қисқариб кетди.
Вазирлик масъуллари қонун ишлаб чиқилишида барча таклифлар инобатга олинмагинин тан олади.
"Сизнинг наздингизда айрим жиҳатларни эшитмаган бўлишимиз мумкин. Аммо биз ҳаммасини эшитдик, бироқ ҳисобга ололмаган жойларимиз бўлиши мумкин. Имконимиз даражасида ҳаммасини қўшишига ҳаракат қилдик. Албатта эътирозлар бўлиши мумкин, аммо биз ҳаракат қиламиз", - дейди қонун ижодкорларидан информация ва архив қўмитаси раҳбари Бўлат Берсебаев.
Халқаро кузатувчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистонни сўз эркинлигини муттасил бўғишда айблайди.
Мамлакатдаги мавжуд мустақил нашрлар сўнгги вақтларда янада босимга учраётгани айтилади.
Ушбу қонун чекловларнинг давоми сифатида қаралмоқда.












