bbc.co.uk navigation

Жанаўзендаги фавқулодда ҳолат муддати яна узайтирилди

Сўнгги янгиланиш 4 январ 2012 - 10:24 GMT

Жанаўзенда 17 декабрдан фавқулодда ҳолат эълон қилинган

Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги куни зўравонликлар рўй берган ва инсонлар нобуд бўлган Жанаўзен шаҳрида жорий этилган фавқулодда ҳолат муддати 31 январгача узайтирилган.

16 декабр кунги тўқнашувлар 16 инсоннинг умрига зомин бўлгани хабар қилинган.

Жанаўзенда фавқулодда ҳолат Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг фармони билан 17 декабр куни жорий этилган, шаҳарга қўшимча хавфсизлик кучлари ташланган эди.

"2011 йилнинг 17 декабрида Қозоғистон Президенти фармони билан Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳри чегарасида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 2012 йил 31 январ соат 7 гача узайтирилсин", дейилади Президент Назарбоев фармонида.

Жанаўзен шаҳри марказида мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги тантаналари байрам қилинаётган пайтда бу жойга май ойидан буён маошлари қисқартирилганига қарши иш ташлаган ва натижада ишсиз қолган кўп сондаги нефтчилар йиғилганлар.

Расмийларга кўра, нефтчилар байрам саҳналарини бузиб, уларни тинчлантирмоқчи бўлган полицияга ҳужум қилганлар.

Шаҳардаги қатор биноларга ўт қўйилган.

Нефтчилар тартибсизликларни бошлаган номаълум фитначилар бўлгани ҳақида айтганлар.

Қозоғистон прокуратурасига кўра, нефтчилар ғалаён кўтаришлари учун уларга пул берилган.

Бироқ Қозоғистон мухолифати полиция оломонга қарата биринчи бўлиб ўт очгани ҳақида маълум қилган.

Президент Нурсултон Назарбоев Жанаўзенда тартибсизликларни келтириб чиқарганларни безорилар деб атаган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Жанаўзендаги вазиятни тартибга солишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирган, тартибсизликларда иштирок этмаган инсон ҳам полиция томонидан қўлга олингани ва ҳибсдалиги пайти қаттиқ дўппослангани оқибатида ҳодисалардан беш кун оламдан ўтгани ҳақида ҳисобот эълон қилган.

Халқаро ташкилотлар Қозоғистон ҳукуматини Жанаўзендаги ҳодисаларни холис тергов қилишга, хизмат мансабини суистеъмол қилган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини жавобгарликка тортишга чақирганлар.

Қозоғистон расмийлари мустақил текширувга халқаро ташкилотларни таклиф этган, полициячиларга нисбатан тергов бошланганини маълум қилган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.