Сўнгги янгиланиш 4 ноябр 2011 - 13:32 GMT

Тожикистонлик журналист: 'Ўзбек ва тожикдан бошқа икки тилда гапирувчи бир миллат дунёда йўқ'

Тожикистонлик журналист Сафват Бурҳонов Душанбе ва Тошкент ўртасидаги расмий алоқаларни, ўз таъбирича, бир оз "илиқлаштириш"га бел боғлади.

Айни мақсадда Сафват Бурҳонов "Салом" номли жамиятга асос солган. У ушбу жамиятни расман рўйхатдан ўтказмаслигини ва барча учун очиқ бўлишини билдирди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида абадий дўстлик шартномаси имзоланган эса-да, ўртадаги алоқалар ҳеч қачон кўнгилдагидек бўлмаган ва айниқса охирги йилларда анчайин совуқлашиб кетди.

Икки ўртадаги анъанавий чегара муаммоларига сўнгги пайтларда транспорт ва энергия соҳаларидаги келишмовчиликлар ҳам қўшилган.

Сафват Бурҳоновнинг ишонишича, ҳукуматлар ўртасидаги муаммолар эндиликда халқлар орасига ҳам ёйилмоқда.

Сафват Бурҳонов: Ҳукуматлар ўртасидаги муаммолар аллақачон халқлар ўртасига ёйилган. Мисол учун, хабарингиз бўлса, Россияда ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида ўзаро тушунмовчиликлар пайдо бўлмоқда. Халқлар бир-биридан айри экан, бир-бирини танимас экан ўртада узоқлашиш, келишмовчиликлар кучаяди.

Би-би-си: Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни асл ҳолига қайси йўллар билан эришиш ниятидасиз?

Сафват Бурҳонов: Худога шукр, ўз ватанимда менинг фикрларимни қўллаб-қувватлайдиган икки-учтда дўстим, ҳамфикрим бор. Тожикистоннинг ўзида эса тожиклар ва ўзбеклар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш керак, деган фикрга қўшилувчилар жуда ҳам кўп. Уларнинг саноғи йўқ. Бундай қарашларни дастаклайдиганлар, менинг билишимча, Ўзбекистонда ҳам жуда кўп. Биз муаммони кўтарсак, куни келиб, ҳукуматларимиз икки халқ гапига қулоқ тутишар, деган умиддаман.

Би-би-си: Муносабатларнинг яхшиланишини оддий одамлар исташи турган гап. Лекин, биргина яхши ниятнинг ўзи етмайдику. Қайси йўллар билан бунга эришмоқчисиз?

Сафват Бурҳонов: Халқ дипломатияси деган бир нарса бор. Халқ орасида обрўга эга бўлган одамлар ёрдамда кўплаб муаммоларни ҳал этиш мумкин. Обрўли инсонлар ёрдамида бир божхоначи билан, бир вазир билан ва ё бир халқ ноиби билан гаплашиш мумкин. Хуллас, халқ дипломатияси йўли билан кўп нарсаларни қилса бўлади.

Би-би-си: Вазир ёки божхоначининг қўлидани нима ҳам келади...? Икки мамлакат ўртасида виза тизими бўлса, чегараларга миналар кўмилган бўлса... Халқ дипломатияси билан бирор нарсага эришиб бўлади, деб ўйлаш қанчалик тўғри?

Сафват Бурҳонов: Биз икки мамлакат ҳукуматларига бундай қилиш икки халқ фойдасига эмаслигини тушунтиришимиз керак. Ўртага муноқаша ва нифоқни қудратли давлатлар юзага келтиришади. Дунёдаги уран заҳирасининг 90 фоизи Марказий Осиёда, айнан Ўзбекистон ва Тожикистонда жойлашган. Урандан ташқари, Менделеев даврий жадвалидаги барча моддалар бу икки мамлакатда ҳали қўл тегмаган ҳолда турибди. Дунёдаги газ ва нефт заҳираси тугаб бораётганини яхши биламиз. Истайсизми, истамайсизми қолган табиий захираларга эҳтиёж кучаяди. Дунёнинг қудратли давлатлари бу бойликларни қўлга киритиш учун қўлдан келганини қилишади. Агар биз бир тан, бир жон бўлсак, ўз бойликларимизга ўзимиз эгалик қила оламиз. Лекин, агар биз бир-биримизни тушунмасак, Ироқ ва Ливия халқлари кўргуликлари вақт ўтиб бизнинг ҳам бошимизга тушади.

Би-би-си: Лекин, табиий захиралар учун ҳозирдан икки мамлакат даҳанаки жанжал қилиб ётишибдику... Мисол учун Роғун ГЭСи лойиҳаси...

Сафват Бурҳонов: Роғун масаласида икки мамлакат ўртасидаги келишмовчилик унчалик ҳам катта эмас. Икки давлат раҳбарлари ўзаро учрашиб, бу масала юзасидан бир ечим топишлари мумкин. Лекин, ташқи кучлар бу масалани бўрттириб, чигаллаштиришга уринишмоқда.
Учинчи кучлар икки мамлакат келишувини асло исташмайди.

Би-би-си: Икки мамлакат ўртасида муносабатларнинг ёмонлашувининг асл сабаби учинчи кучлар эмас, балки икки мамлакат раҳбарларининг ўжарлиги эмасми назарингизда?

Сафват Бурҳонов: Муносабатларнинг ёмонлашувида ҳукуматларни айблашдан маъно йўқ. Бизнинг вазифамиз алоқаларнинг ёмонлашувига етаклаган сабабларни қидириш эмас, балки мавжуд муноқаша ва келишмовчиликларга ечим топишдир. Ўзаро муносабатларни оппоқ қоғоздан бошлаш керак. Мен учун ҳукуматлар эмас, балки халқлар ўртасидаги муносабатлар муҳим. Ўзбек ва тожикдан бошқа икки тилда гапирувчи бир миллат дунёда йўқ. Биз буни унутмаслигимиз керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

bbc.co.uk navigation

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.