
Уйғур фаолларига кўра, Аршиддин Исроил Хитой ҳибсхонасида қийнаб ўлдирилган қариндоши ҳақида ахборот тарқатганидан кейин мамлакатни тарк этган
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда БМТнинг қочқин мақомини олиш мақсадида бўлган уйғур миллатига мансуб Аршиддин Исроилнинг Хитой қамоқхонасида сақланаётганини тасдиқлаган.
Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Қозоғистоннинг уйғур бошпана изловчисини Хитойга экстрадиция этганини қоралаб чиққанлар.
Хитой фуқароси Аршиддин Исроил 2009 йилда ватанини тарк этган, Қозоғистонда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигига мурожаат этган.
У БМТнинг қочқин мақомини қўлга киритган.
2010 йилнинг июн ойида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари Олма Ота шаҳрида Аршиддин Исроилни ҳибсга олганлар, ушбу ҳибс Хитойнинг Аршиддин Исроилга нисбатан Интерпол йўналиши бўйича қидирув эълони асосида амалга оширилганини маълум қилган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Аршиддин Исроил терроризмга алоқадорликда айбланмоқда.
Жаҳон Уйғурлари Қурултойи Аршиддин Исроилга Хитой томонидан қўйилган айбловлар сохта, дейди.
Жаҳон Уйғурлари Қурултойидан Турсун Исонинг айтишича, 38 ёшли Аршиддин Исроил оддий тархи ўқитувчиси бўлган, ҳеч қандай террорчилик ҳаракатларига алоқаси бўлмаган.
Аршиддин Исроил 2009 йил ёзида Шинжонда юз берган уйғурлар билан хитойлик ҳанлар ўртасидаги этник тўқнашувлар ортидан ҳибсга олинган қариндоши Хитой ҳибсхонасида қийнаб ўлдирилгани ҳақида Эркин Осиё радиосига ахборот берганидан кейин мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган, дейди Турсун Исо.
Жаҳон Уйғурлари Қурултойига кўра, Хитой ва Қозоғистон расмийлари БМТнинг Қозоғистондаги Қочқинлар бўйича агентлигига босим ўтказганлар, натижада агентлик Аршиддин Исроилга берган қочқин мандатини бекор қилган.
Шундан сўнг Қозоғистон Аршиддин Исроилни Хитой ихтиёрига топширган.
Шинжон Уйғур мухтор бўлгасининг Ғўлжа вилоятилик бўлган уйғурнинг Хитой қамоқхонасида сақланаётгани ҳақидаги хабар Хитой Президенти Ху Жинтао Қозоғистонга борган пайтга тўғри келган.
Остонада икки мамлакат ўртасида миллий валюталарни алмашишга доир 1 миллиард долларлик ҳамда Хитойнинг Қозоғистон кончилик саноатига 1,5 миллиард долларлик кредит ажратиши битимлари имзоланган.
Икки раҳбар мулоқотлар якунида Қозоғистон келажакда ҳам Хитойнинг уч "ёвуз куч"га қарши курашини шубҳасиз қўллаб-қувватлашини таъкидлаганлар.
Хитой уч ёвуз куч дея терроризм, бўлгинчилик ва экстремизмни атайди.
Хитой Президенти 15 июн куни Остонада мўлжалланган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммитида қатнашади.


