Сўнгги янгиланиш 10 ноябр 2010 - 11:44 GMT

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида товар алмашуви кескин камайган: Кимга фойда, кимга зарар?

Жорий йилда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида товар алмаштириш 2009 йилга қараганда 64 фоиздан кўпроқ камайган.

Бошқача айтганда, бу 100 миллион доллардан кўпроқни ташкил этади.

Шу пайтгача Тожикистон учун энг яқин савдо шерикларидан бири Ўзбекистон саналарди.

Ўзбекистондан Тожикистонга цемент, ойна каби қурилиш ашёлари, ёнилғи-мойлаш ашёлари, минерал ўғитлар етказиб бериларди.

Лекин кейинги бир йилда фақат бу товарлар эмас, балки бошқа молларни етказиб бериш ҳам кескин камайиб кетди.

Тожикистонлик кузатувчиларнинг айтишларича, икки мамлакат ўртасида олди-берди камайиб кетишининг қатор иқтисодий ва сиёсий сабаблари бор.

Сиёсий масалалар бўйича таҳлилчи Абдуғани Мамадазимовнинг "Авеста" веб саҳифасига айтишича, "Товар алмашувининг камайиб кетишига жумладан сув-энергия ресурсларидан фойдаланиш борасида икки ўртада юзага келган келишмовчиликлар ҳам сабаб бўлган. Бу "темир излар уруши," деб атала бошланган ҳолатга, яъни Ўзбекистон ҳудудидан Тожикистон юк вагонларини ўтказиш муаммолари пайдо бўлишига олиб келди," деб ҳисоблайди таҳлилчи.

Таҳлилчининг фикрича, аслида икки мамлакатнинг имкониятлари, уларнинг бир-бирига яқин қўшнилигига кўра савдо-иқтисодий алоқалари яхши томонга ўзгариши мумкин эди.

"Масалан, ўзбек тадбиркорлари Тожикистонда бизнес юритишни исташади, лекин улар ўз мамлакатлари сиёсий раҳбарларининг қош-қовоғига қараб тожик бозорига киришга таваккал қила олмаётирлар," дейди Абдуғани Мамадазимов

Таҳлилчининг фикрича, кейинги икки йилда энергетика соҳасида ҳамкорликнинг бошқача тус олиши ҳам икки ўртадаги товар алмашувинининг камайишига олиб келган.

"Роғун ГЭСи лойиҳаси ва қурилиши борасидаги турли хил қарашлар боис кейинги икки йилда бу соҳадаги ҳамкорликка ҳам рахна солинди. Илгаридан мавжуд бўлиб келган электр энергияси алмашув режаси амалга оширилмаяпти. Устига Ўзбекистондан табиий газ етказиб бериш ҳажми камайиб кетди," дейди А. Мамадазимов.

Унинг айтишича, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий йўналишдаги вазият Роғун ГЭСининг биринчи навбати ишга туширилгач ва Қашқар (Хитой)- Ҳирот (Афғонистон) темир йўли лойиҳаси амалга оширилгандан кейингина яхшиланиши мумкин.

Лекин таҳлилчининг фикрича, у пайтга бориб Тожикистон учун яқин ҳамкорлар Хитой, Афғонистон ва Эрон бўлиб қолиши мумкин.

"Қашқар- Ҳирот" темир йўли лойиҳаси ҳақида гапирар экан, Абдуғани Мамадазимов қурилиш ундан манфаатдор Хитой ва Эрон маблағи ҳисобига амалга оширилишини таъкидлади.

Айни бир пайтда тожикистонлик оддий деҳқонлар ва боғбонлар ҳам икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тезроқ илиқлашувини кутишмоқда.

"Биз Ўзбекистонга картошка олиб бориб сотардик, у ердан бизга эртаги бодринг, қовун-тарвуз каби маҳсулотларни олиб келишарди. Лекин ўртада чегаралар ёпилгач, биз Ўзбекистонга бормай қўйдик, улар бизга кела олишмаяпти," дейди Ғончи туманида яшайдиган деҳқон Баҳодир Маҳмудов.

Лекин маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, барибир кам миқдорда бўлса-да, Ўзбекистондан Тожикистонга полиз маҳсулотлари, Тожикистондан Ўзбекистонга чорва маҳсулотлари ўтказиб сотиш мавжуд.

Ҳатто Суғд вилоятининг Исфара шаҳрида сотилаётган шундайгина "қўл узатса етгудек" қўшни Фарғона вилоятининг Олтиариқ узуми Тожикистонга Қирғизистон орқали келтирилмоқда.

Бироқ бу олди-сотди кўпроқ ноқонуний тусда амалга оширилгани, товарлар яширинча йўллар билан ўтказилгани боис, нарх анчагина кўтарилган.

Чунки чегаранинг ҳар икки томонида турадиган чегарачи ва божхона ходимларидан тортиб милиция мулозимларигача таъмагирлик ҳисобига яширин ўтказилаётган молга кўз юмиб туришади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

bbc.co.uk navigation

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.