Сўнгги янгиланиш 27 сентябр 2010 - 14:11 GMT

Россия: ўзбек муҳожири 10 яшар болани зўрлаш ва ўлдиришда гумон қилинмоқда

Санкт-Петербург прокуратураси ноқонуний муҳожирлар орасида жиноятчиликнинг ошиб бораётганидан хавотир билдирган

Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик муҳожир 10 яшар болани зўрлаш ва ўлдиришда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Милицияга кўра, 24 ёшли Озод Эрнапасов ишсиз ва рўйхатдан ўтмай яшаб юрган.

Санкт-Петербург прокуратураси тергов бошқармаси тарқатган хабарда айтилишича, 26 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 15 лар чамаси гумон қилинаётган шахс Санкт-Петербургнинг Республиканская кўчасида ўзи ижарада турган уйга 10 ёшли ўғил болани алдаб олиб киради.

Шундан сўнг у болани зўрлайди ва кўкрак қисмининг беш еридан, афтидан пичоқ билан яралайди.

Ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир ҳодиса жойида қўлга олинган, 4-синф ўқувчиси экани айтилган бола эса тез тиббий ёрдам машинасида ҳаётдан кўз юмган.

Сантк-Петербург милицияси Эрнапасовга нисбатан Россия Жиноят Кодексининг зўрлаш ва қотиллик бандлари бзасидан текширув бошлаган.

Айбдор деб топилгани тақдирда ўзбекистонлик муҳожир бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Прокуратура Эрнапасовнинг шу йил 20 майидан буён қандай қилиб рўйхатдан ўтмай яшаб юргани ва бунга йўл қўйган Федерал муҳожирлик хизмати ҳамда милициянинг фаолияти юзасидан ҳам текширув олиб боришини маълум қилган.

Муҳожирлар орасида жиноятчилик

Сантк-Петербург прокуратураси хорижий фуқаролар, жумладан, ноқонуний муҳожирлар томонидан жиноят содир этиш ҳолларининг кўпайиб бораётганини айтган.

Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, мамлакатда яшаб юрган муҳожирлар орасида энг кўп жиноятни МДҲ давлатларидан келганлар содир этади.

Россия Ички ишлар вазирлигига кўра, жорий йилда хорижликлар томонидан содир этилган умумий жиноятларнинг 91 фоизи МДҲ фуқароларига тўғри келган.

Санкт-Петербург шаҳар кенгашининг қонунчилик қўмитаси раиси Леонид Богдановга кўра, шу йил 1 мартига қадар содир этилган 1707 жиноятнинг 1622 таси меҳнат муҳожирларига тўғри келади.

Мулозимга кўра, Россиядаги жорий иқтисодий вазият манзарасида муҳожирлар томонидан содир этилаётган жиноятлар долзарб муаммога айланган.

Ўтган йили Москва мэри Юрий Лужков ҳам пойтахтда жиноий вазиятнинг ёмонлашишида муҳожирларни айблаганди.

Аммо шу ой бошларида Россия Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Ромодановский муҳожирлар томонидан жиноят содир этиш ҳолларининг кўпайгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Унга кўра, кўпинча бошқалар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам муҳожирларга тўнкалмоқда.

Жаноб Ромодановскийнинг айтишича, Россиядаги хорижий фуқаролар йилига 50 минг жиноят содир этишади, россияликлар эса қарийб уч миллион.

"Россиядаги жиноятларнинг 95 фоизи Россия фуқаролари томонидан содир этилади", деб айтган Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари.

Интерфакс хабар агентлигининг жаноб Ромодановскийдан иқтибос келтиришича, "муҳожирларга қарши кайфиятларни қўзғаётганлар Россиянинг обрўси, қолаверса, иқтисодига зарар етказишмоқда".

Жаноб Ромодановскийнинг айтишича, ноқонуний меҳнат муҳожирлари умумий муҳожирларнинг 2 фоизини ташкил этади, холос.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

bbc.co.uk navigation

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.