
"Ғарб кўрпасига қараб оёқ узатсин..." Доктор Маҳатҳир Муҳаммад
Йилларки, Ғарб Шарқни иқтисодини қандай қилиб идора қилиш ҳақида ўргатиб келди. Ортиқ бундай эмас.
Эндиликда Осиёнинг кучга тўлаётган мамлакатлари Оврўпо, Америка ва Япониянинг қарзга ботган иқтисодларидан фарқли ўлароқ, анчайин сокин, бардавом юксалиши билан фарқланиб туради.
Хўп, Ғарб Шарқдан нимани ўрганиши мумкин?
Малайзиянинг собиқ Бош вазири Маҳатҳир Муҳаммадга кўра, айтиладиган гап оддий ва жўн. Аммо жуда аччиқ бир гап. Оврўпо янги иқтисодий реалликка кўзини очиб қараши керак.
"Оврўпо...анча пул йўқотди. Энди у камбағал бўлиши керак, ўтмишига нисбатан камбағал... дейди собиқ Бош вазир Би-би-си Жаҳон Хизмати билан суҳбатда.
"Осиёда биз кўрпага қараб оёқ узатишга ўрганиб қолганмиз, камбағал камбағалдай яшайди...Оврўпо Осиёдан шуни ўрганса бўлади.
Кўриб кўрмаслик...
"Аввал биз сизга, Оврўпога қарардик, бугун эса менимча, Оврўпонинг оз бўлса ҳам Шарққа қарайдиган вақти келди..."
Доктор Маҳатҳир бу каби фикр айтишга ҳақлидир.
Агар Осиёда бирор бир раҳбар ўз мамлакатини обод қилиб қўйиб гапириш ҳаққини қўлга киритган бўлса, бу Доктор Маҳатҳирдир.
Йигирма йил қудратда бўлган даврида Доктор Маҳатҳир Малайзияни ғафлатда ётган собиқ мустамлака давлатдан ростакамига Осиёнинг иқтисодий йўлбарсига айлантира билди.
Аммо Оврўпо пойтахтларида унинг маслаҳатини ҳеч ким жон қулоғи билан эшитмайди.
Доктор Маҳатҳирнинг ишонича, Оврўпо раҳбарлари кўзларини кўрликка солишмоқда.
"Сиз пул йўқотдингиз. Камбағалсиз.
"Яна пул чоп қилиб муаммони ҳал қилолмайсиз. Пулни фақат чоп қилиш билан иш битмайди. Пул яхши иқтисод ва ё олтиндан қувват олади.
Доктор Маҳатҳир 86 ёшда. Аммо ҳамон қарашларида қатъий ва дадил.
Айниқса, у Ғарб ва Оврўпо ўз иқтисодларини қайта қуриш йўлида қаттиқ ва узоқ ҳаракатни бошлашлари, ҳамда молия секторига қарамликдан қутилишлари шарт эканига ишонади.
"Менимча, Оврўпо ҳақиқий бизнес қилишга қайтиши керак. Маҳсулот ишлаб чиқариши, хизматларни йўлга қўйиши ва савдони тиклаши керак. Фақат банкларда рақамлар тўла ҳисобларни унисидан бунисига ўтказиш билан иш битмайди. Сиз эса фақат шуни қилмоқдасиз, дейди Малайзиянинг собиқ Бош вазири.
У ҳамон валюта савдосини ёқтирмайди. Айнан шу савдо ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар охирида Осиё молиявий инқирози даврида Малайзия иқтисодига катта зарар етказди деб ишонади.
"Валюта товар эмас, дейди у
"Мана қаҳва сотсангиз...уни майдалаб, тайёрлаб сўнг маҳсулот сифатида истеъмол қиласиз...Аммо валюта...Уни майдалаб бошқа бир нарсага айлантириб бўлмайди. Бу фақат банк китобларидаги рақамлар ва фақат ўша ерда савдо қилишингиз мумкин. Аммо валюта ва рақамлар ортида маҳсулот бўлиши керак. Ана шундан кейин эса қонуний пул топасиз.
Доктор Маҳатҳирнинг аччиқ ҳақиқати

Оврўпо "ҳақиқий бизнесга" қайтиши керак
Аммо Оврўпо Доктор Маҳатҳир маслаҳатига қулоқ осадиган бўлса ҳам соғлом иқтисодий замонга қайтиши учун ҳали анча тер тўкиши керак бўлади.
" Яна ўз бойлигу фаровонлигингизни тиклайман десангиз, ҳали анча тер тўкишингиз керак. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва маҳсулотни сотиш ҳамда Шарқ мамлакатлари билан беллаша оладиган даражага етишингиз керак, дейди у.
Унинг ишонича, Оврўполик ишчилар самарасиз ва уларга тўланадиган ҳақ ҳам керагидан ортиқдир.
"Сиз ўз ишчиларингизга жуда кам меҳнат учун жуда кўп маош тўлайсиз, дейди собиқ Бош вазир.
"Шунинг учун сотишга арзигулик ҳеч нарса чиқармас экансиз, шоҳона яшашни кутманг.
Доктор Маҳатҳир ўз фикрларининг анча кескин эканини билади. Кулади ва ёдингизда бўлса, Оврўподан бунақа кескин фикрларни эшитишга биз кўникиб қолгандик, деб сўрайди.
"Бу даккилардан нима наф бўлди? Албатта, баъзида бизнинг валютамизга дахл қилдингиз ва биз қашшоқроқ бўлдик. Бир биримиздан ўргандик. Аввал биз сизга, Оврўпога қарардик, бугун эса менимча, Оврўпонинг оз бўлса ҳам Шарққа қарайдиган вақти келди.












