Ўзбекистонда уч хил валюта курсидан кимлар манфаатдор?

Сўнгги янгиланиш 4 январ 2012 - 15:41 GMT

Ўзбекистонда оддий фуқароларнинг расмий нархда хорижий валюта сотиб олиши амримаҳол

Ўзбекистонда ҳамон уч хил валюта курси сақланиб қолмоқда. Булар - Марказий Банк белгилаган расмий курс, "қора бозор" ва биржа нархлари.

Бу борада ёзган "Ўзметроном" вебсаҳифасига мувофиқ, расмий курс бўйича бир АҚШ доллари 1795 сўм бўлса, қора бозор нархи 2750 сўмдир. Биржа нархи уч ярим минг доллардан ҳам ошиб қолган.


Ўзбекистон валюта нархлари турлича ва миллий сўм конвертацияси ўта чекланиб қолаётган мамлакатлардан биридир. Бунинг устига, ўзбек сўмига ишонч камлиги ва жамғариш қобилиятини йўқотиб бораётгани ҳам унинг қадрсизланишини кучайтираётгани айтилади.


Таҳлилчиларга кўра, мазкур ҳолат ҳозир мамлакатдаги жуда кам сонли шахсларгагина фойда келтираётир.

"Ўзбекистонда валюта конвертация қилинмаслигидан сиёсий раҳбариятга яқин муайян гуруҳлар катта манфаат кўрадилар" - дейди Тошкентдан таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов - "Бўлмаса, Қозоғистон тангаси ҳам, Ўзбекистондан анча ожиз Қирғизистон соми ҳам конвертация қилиняпти".

"Мен ўзим бир неча маротаба валюта сотиб олишга ҳаракат қилдим, бир доллар ҳам ололганим йўқ"

Жаҳонгир Шосалимов, Тошкент

Ўзбекистонда фуқаролар расмий курс бўйича муайян миқдорда хорижий валюта сотиб олишлари мумкин. Аммо кузатувчиларга кўра, амалда оддий одамлар деярли чет эл валютасини сотиб олишолмайди.

"Мен ўзим бир неча маротаба валюта сотиб олишга ҳаракат қилдим, бир доллар ҳам ололганим йўқ" - дейди Жаҳонгир Шосалимов -"Фақат раҳбариятга ва муайян тизимларга яқин одамларгагина валюта сотилади. Шу асно муайян шахслар бундан мисли кўрилмаган фойда қилишмоқда".

Унинг айтишича, мазкур шахслар оддий фуқаролар ололмаётган хорижий валютани ўзаро расмий курсда сотиб олишгач, кейин қора бозор курси бўйича сотишади. Шу асно катта миқдорда мўмай даромад қўлга киритилади.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ўта кам сонли шахслар Ўзбекистон ичкарисидаги муҳим озиқ-овқат нархларини ҳам назорат қиладилар.

Жаҳонгир Шосалимовга кўра, масалан, четдан шакар ва ёғ каби маҳсулотларни олиб келадиганлар маҳсулот устига бир неча баравар қўйиб сотишади. Кейин ундан тушган ўзбек сўмидаги фойдани ҳам расмий курс бўйича долларга алмаштириб, бир неча баравар қўшимча фойда олишади.

Шу қаторда, Ўзбек деҳқонидан ўта арзон нархда сотиб олинаётган пахта даромади ҳам қай йўлда хорижий валютага айлантирилиши борасида халқаро кузатувчиларда шубҳалар мавжуд.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

bbc.co.uk navigation

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.